Бухоролик Шахризод Шокировда болаликдан ногиронлик мавжуд. Шунга қарамай, жуда интилувчан ва қизиқувчан бола. Айниқса, расм чизишга бўлган иқтидори жуда баланд. Ҳаттоки, узоқ масофага бўлса-да яқинлари ёрдамида рассомчилик тўгарагига қатнашиб келяпти.
Маҳаллалардаги оилаларни ўрганиш давомида қаҳрамонимизнинг хонадонига борган ижтимоий ходим Шахризоднинг аравачага муҳтожлиги эътибордан четда қолмади. «Кейс-менежмент» асосида унга психологик хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, янги ваучер тизими орқали электрон юритмали аравача олиб берилди.
— Уч йилдан буён, гоҳ дадам, гоҳида уларнинг шогирдлари ёрдамида тўгарак машғулотларига қатнашиб келаётган эдим, — дейди Шахризод Шокиров. — Лекин яқинда «Инсон» маркази олиб берилган электрон юритмали аравача машғулотларга мустақил равишда бориб-келишимга, ўртоқларим билан сайр қилишга анча асқатяпти. Қалам ва қоғози менинг доимий ҳамроҳим. Келажакда архитекторлик касбини эгаллаб, ўзим каби ногиронлиги бўлганлар учун қулай ва замонавий бинолар қуришни ният қилганман.