ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ
“Аёллар дафтари”нинг жорий этилиши хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Иқтидори ва қизиқишларини тўла намоён эта олмаётган опа-сингилларимиз субсидия ва имтиёзли кредитлар ёрдамида ўз бизнесини йўлга қўя бошлади.
Ҳавожон Худойберганова шундай ташаббускорлардан бири. У 2022 йилда “Аёллар дафтари”га киритилиб, 5 миллион сўм кредит олади. Ҳовлисининг бир четида алоҳида бино қуриб, аста-секин тикувчиликка қўл уради. Кўраётган фойдасини мақсадли йўналтириб, тикув машиналари сонини 10 та етказади. Айни вақтда 10 нафар шогирди билан бирга замонавий парда ва миллий либослар тикишни маҳорат билан уддалаяпти.
Шу кунга қадар имтиёзли кредит олиб, иш бошлаган хотин-қизларнинг деярли барчаси режаларини чиройли тарзда амалга ошириб келяпти. Сабаби, “еттилик” вакиллари доим улар билан елкадош. Қандайдир муаммо юзага келса, дарров ёрдамга ошиқамиз.
Айни вақтда иккита маҳалла ҳудудида 2 минг нафардан кўпроқ хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг қизиқиш ва интилишлари турлича. “Қушчи каттабоғ” маҳалласида анорчилик асосий фаолият тури ҳисобланади. 712 та хонадоннинг 500 таси боғдорчиликнинг айни йўналиши билан банд. Хонадон вакиллари томорқасида 50 тупдан 100 тупгача бўлган анор дарахтларидан йилига 50-60 миллион сўмгача фойда қилади. Аёлларимиз кузда кўчатларнинг устини ёпиш ҳамда баҳорда очиш ишларида жуда фаол. Қолаверса, ҳосил йиғим-терими тўлиқ зиммаларига олган. Маҳсулот ички бозордан ташқари, экспортга ҳам чиқарилмоқда.
Саида Қодирова лидер тадбиркорларимиздан. Аввалдан тикувчилик йўналишида ёшларга таълим бериб келаётган аёл эндиликда фаолиятини янада кенгайтириш ҳаракатида. Тез орада унинг ташаббуси билан барпо этилаётган аёллар соғломлаштириш маркази очилади. Бу ерда барча ёш тоифасида хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишига шароит ҳозирланяпти. Бундан ташқари, Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази маҳалладаги бўлажак келин-куёвларни катта турмушга тайёрлашда ёрдам беради.
Шу ўринда муҳим бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Биз кўпинча қизларни оилага тайёрлаш масаласига эътибор қаратиб, йигитларни унутиб қўямиз. Аслида, кучли жинс эгаларининг турмуш ўртоғи ва бўлғуси фарзандлари олдидаги масъулиятни ҳис қилиши жуда муҳим. Шу боис маҳаллаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда айнан ўғил болалар учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини хоҳлардик. Шундагина можаролар камайиб, сўзининг залвори бор оила бошлиқлари кўпайган бўларди.
Насиба РЎЗМЕТОВА,
Хива туманидаги “Қушчи каттабоғ” ва
“Истиқлол” маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.