Ҳар қандай миллатни унинг тили, дини, урф-одатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Миллатни миллат қиладиган, ўзлигини англатадиган, инсонни шахс сифатида шакллантирадиган ҳам тилдир. Хўш, неча асрлардан буён қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтган она тилимиз бугун нега бу аҳволга тушиб қолди?..
Кўча-кўйда, жамоат транспортида, таълим муассасасалари, ҳатто давлат ташкилотларида ўзаро мулоқот қилинганда ҳар учта гапнинг биттасида ажнабий сўзларни қўшиб айтамиз. Мисол учун, ҳозирги кунда ўзбекча сўзлар орасида кўп ишлатиладиган “канишна”, “так”, “значит”, “такшто”, “пашти”, “ужи”, “кароччи” каби русча сўзлар нутқимизда кўп қўлланадиган “паразит” сўзларга айланиб қолган. Беш юз йиллик тарихга эга миллат тилига бугун шундай муносабатда бўлиш ўринлими?
Ижтимоий тармоқдаги сўзлашмаларда-ку, умуман адабий тил қоидаларига риоя қилинмайди. Агар ўзбек тили қоидалари асосида ёзсангиз, гапирсангиз, ҳатто сизни гуруҳлардан четлатишади. Нега? Чунки тил жамият ҳаётида “интернет тили” ва “ҳаёт тили” деган иккита тармоққа бўлиниб қолган. Айниқса, бугунги ёш авлод соф ўзбек тилида гаплашиш у ёқда турсин, интернет тармоқларида “нима” сўзини “нме”, “тушунмадим” сўзини “чунмадим” каби шаклларда ёзишади. Мана фожиа қаерда? Сиз эса улар учун бегонасиз. Уларнинг “одами” бўлишингиз учун уларнинг тилида, яъни “кўча тили”да, ижтимоий тармоқлар тилида гапиришингиз керак. Буларнинг ҳаммаси билимсизлик, китоб ўқимаслик, саводхонлик даражаси кескин камайиб бораётгани сабабидандир.
Буларнинг охири қаергача боради, деб ўйлайсиз? Ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида тўғри ёзиш тугул, оғзаки нутқда ҳам эплаб гапира олмас эканмиз, тилимизнинг нуфузига путур етиши тайин. Шу ўринда ҳақли савол юзага чиқади: хўп, муаммо аниқ, аммо уни ҳал этиш, яъни тилимиз софлигини сақлаб қолиш учун нима қилишимиз керак?
Одатда тил ёшликдан ўрганилади. Шундай экан, биринчи навбатда, оилада, боғчада, мактабда ёшларнинг саводхонлигини ошириш энг муҳим масала саналади. Тилни ўрганишда бадиий адабиётнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Кўпроқ ҳар бир оилага китоб ўқишни тарғиб қилиш лозим. Агар биз ҳамма соҳада ўзимизга талабчан бўлсаккина бирор натижага эришамиз. Бунинг учун меъёрни юқори қўйиб, унга интилиш, меҳнат қилиш керак.
Шу ўринда бир таклиф бор: боғчаларда, мактабларда ўқувчиларнинг ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаб бориш зарур. Дейлик, мактаб битирувчисининг ўзбек тилидан билим даражаси диктант орқали текширилганда, белгиланган меъёрдан паст бўлса, унга ўрта мактабни тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатномани бермаслик керакдир?.. Худди шундай, ўзбек тилини билиш даражаси орқали шаҳодатнома олганларга олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида қўшимча балл бериш ҳақида ўйлаб кўриш лозим.
Бу масалада кўнгли бўшлик қилиш, боланинг психологиясига салбий таъсир кўрсатишини рўкач қилиб, ҳар хил баҳоналар ахтариш, қисқаси, “ўзбекчилик” қилишга ўрин бўлмаслик керак. Шунда боланинг ва ота-онасининг тилга, билим олишга бўлган қараши ўзгаради. Катталар болани фақат дунёга келтиришнинг ўзи етмаслиги, унинг тарбияси, билими учун ҳам ота-она масъул эканини англайди.
Шаҳноза ХАЛИЛОВА.