Оққўрғон туманидаги “Хонобод” маҳалласининг асосий “драйвери” – деҳқончилик, чорвачилик. Ҳудудда камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича “маҳалла еттилиги” ҳамжиҳатлигида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллада камбағалликни қисқартириш бўйича 35 та оила “еттилик” кўмагида вилоят ташкилотлари раҳбарларига бириктирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаш чоралари кўриляпти. Ўрганишлар чоғида аниқланган 410 нафар ишсиз фуқаронинг 367 нафари бириктирилган ташкилотлар кўмаги ҳамда “маҳалла еттилиги” саъй-ҳаракати натижасида ўзини ўзи банд қилиб, даромад манбаига эга бўлаётган бўлса, қолган 39 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Ҳоким ёрдамчиси 21 нафар фуқарога имтиёзли кредит олишга кўмаклашди. 6 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машинкаси ажратилди. Вилоят прокуратураси 3 та оилага 5 киловатли қуёш панели ўрнатиб, болаларидан 3 тасини боғчага бепул таълим олишга, мактаб ëшидаги болалари учун ëзув столи, томорқаларига тўқсонбости экинлари экиб берди. Солиқ бошқармаси кўмагида 20 нафар камбағал оиланинг 13 нафарига моддий ёрдам пули берилди. Хусусан, уларнинг олтитасига тикув машинаси, бир нафарига она-бола қорамол, икки нафарига қирқ донадан товуқ, икки нафар оиласи фарзандларининг ўқув курслари учун тўловлари тўланди. Яна икки нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг олти ойлик боғча тўлови тўлаб берилди. Зулайҳо Абдураҳмонова “Хонобод” маҳалласи Амир Темур кўчаси 19-уйда истиқомат қилади. Табиатнинг қишлоқ аёлига ато этган меҳнатсеварлик, куюнчаклик каби неки яхши хислатлари бўлса, уларнинг барчаси жуссаси меҳнатда қотган шу муштипар аёлда мужассам. – Тақдир экан, аянчли автоҳалокат туфайли турмуш ўртоғимни жуда эрта йўқотдим, – дейди Зулайҳо Абдураҳмонова. – Икки нафар ўғлим бор. Бир ўғлим Зиёдулла Ҳамроев биринчи гуруҳ, келиним иккинчи гуруҳ ногирони. “Маҳалла еттилиги” келиб, шароитимизни ўрганиб, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаб ёрдам қўлини узатишди. Паррандачиликка қизиқишим борлигини билиб, ўзимга 40 бош товуқ беришди. Мана, уларга ўз вақтида дон-сувларини бериб, яхши парвариш қиляпман. Кунига камида 25-30 тагача тухум олишга эришяпман. Бола-чақамдан ортганини қўшниларга сотяман. “Еттилик” кўмаги билан ўғлим Зиёдуллага замонавий компьютер ва рангли принтер аппарати, келинимга қўлида тикувчилик ҳунари борлиги учун тикув машинаси олиб берилди. Улар ҳам ўзини ўзи банд қилиб, оилага ёрдам беряпти. Келаси йили даромадимни йиғиб, товуқлар сонини кўпайтириш истагидаман. Ёнига ғоз, ўрдак қўшиб боқмоқчиман. Беҳзод Раимов ҳам қишлоқнинг билаги меҳнатда қотган, тиниб тинчимас йигитларидан. “Маҳалла еттилиги”нинг “хонадонбай” ўрганишлари чоғида у иссиқхона қуриш истаги борлигини, бунинг учун моддий имконияти етарли эмаслигини билдирди. Шундан сўнг, унинг шароити ўрганиб чиқилиб, ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан банкдан 33 млн. сўмлик имтиёзли кредит олиб берилди. Натижа чакки бўлгани йўқ. У уч сотихли иссиқхонасига қулупнай экиб, унинг ҳосилидан 60 млн. сўм даромад қилишга эришди. Ҳосилдан келган даромадга чорва моллари сотиб олиб, кўпайтирди. Ҳовли четидаги бурчакда паррандачилик, асаларичилик фаолиятини йўлга қўйди. – Интилганга толе ёр, деганлари рост экан. Бу йили иссиқхонамдан ташқари, ҳовлидаги плёнка остига ҳам қулупнай экканман. Келаси йили баҳорда пишади. Насиб қилса, ундан 100 млн. сўм даромад қилишни мўлжал қилаяпман, – дейди ишонч билан ёш иссиқхоначи деҳқон. “Хонобод” маҳалласида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида олиб борилаётган бундай амалий ишлар қизғин давом этмоқда. Маҳфуза ОҚБАЕВА, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Тошкент вилояти ахборот хизмати раҳбари
Бирор жойда қўним топиб ишламаган Шорасулнинг хотини ахийри боласини олиб, ота-онасининг уйига кетиб қолди. Очиғи, қачонгача чидаш мумкин?! Шорасулнинг ҳам ўзига яраша важи бор. Ота-онаси эрта уйлантирган. Унинг “ёшман, ўйнаб-кулиб юрадиган пайтимда, рўзғорнинг ола хуржунини елкамга ортиб нима қиламан ?!”, деганига қулоқ осишмади. Мана оқибати. У ҳам ўртоқлари сингари қаҳвахонаю турли кўнгилочар масканларда вақтичоғлик қилгиси келади. 22 ёшида унга шу керакмиди?! Аслида, ота-онаси бир неча бор суднинг қора курсисига ўтирган фарзандини “оилали бўлса, қуйилиб қолар”, деган ниятда уйлантирганди. Бироқ... Ҳадемай, янги йил. Ўртоқлари билан кайф-сафо қилиши учун унга пул керак. У пул топиш йўлларини излай бошлади. Хаёлига келган режа уни тез-тез хотини бориб турган Фарғона йўли кўчасида жойлашган гўзаллик салонига етаклади. Салонда ишловчи аёллар Шорасулни яхши танишади. Ахир бу ерда у Лоласини кутиб озмунча вақтини ўтказмаганми?! 13 декабрь, соат 12:30 ларда у мазкур салонга кириб борди. Аёллар билан эски қадрдони каби қуюқ саломлашиб, турли мавзуларда гап очиб, суҳбатни атай ўз режасига бурди. – Танишларим Сергелидаги машина бозоридан иш топиб беришди. Ўзлари маиший техникалар савдоси билан шуғулланишади. Мен ҳозирча автомашина бўёқларини сотяпман. Ҳадемай ўз ёнларига олишади, – деб гап очди. – Улар божхона орқали мусодара қилинган уяли телефон ва бошқа маиший техникаларни сотиб, яхшигина фойда кўришяпти. Уддабуронлик билан ташланган қармоққа аёллар дарров илинишди. Телефонлар ҳақида сўрай бошлашди. Шорасул нарх-навосини гаплашиш учун кимгадир телефон қилганча ташқарига чиқди ва бир оздан кейин кириб: – Муддатли тўлов билан олсангизлар ҳам бўларкан, – дея тўлов шартларини тушунтира бошлади. Дилдора ва Насиба ойига 50 АҚШ долларидан, 11 ой тўлаб бориш шарти билан ҳар бири икки донадан “Iphone 14 Pro Max”га буюртма бериб, 250 АҚШ доллардан беришди. Людмила икки ой давомида 50 АҚШ доллари тўлаб бориш шарти билан “Air Pods 3” қулоқчини хариди учун 50 АҚШ доллар берди. Пулларни олган Шорасул икки-уч соатларда айтилган молларни келтириб беришга ваъда бериб, кетганча қорасини кўрсатмади. Аёллар алламаҳалгача, ҳатто уйларига бориб ҳам қайта-қайта қўнғироқ қилишига қарамай, ҳеч қандай жавоб бўлмади. – Илгари жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод туманлари суди томонидан фирибгарлиги ва ўғрилиги учун судланган Шорасул ота-онасининг ишончини оқламади. Уни уйлантириб, қуйилишига ишонган ота-онаси бу сафар ҳам ишониб, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўлалигича қоплаб беришди. Бироқ Шорасул буни қандай тушунади, бизга қоронғу. Аслида қозонда бўлса, чўмичга чиқар, деган нақл бор, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Фаррух Эргашев. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Шорасулни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топиб, жабрдийдаларга етказилган зарарни тўлиқ қоплагани, айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғ
Ўтган йил 27 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторининг уяли телефонига нотаниш киши қўнғироқ қилиб, маҳалладаги новвойхона ёнида бир одамнинг пичоқлаб кетилгани ҳақида хабар беради. Профилактика инспектори ички ишлар бўлими навбатчилик қисмини содир этилган жиноятдан хабардор қилиб, зудлик билан воқеа жойига етиб боради. Шу ўринда гапни узоқдан бошласак, Фарғона шаҳрида яшовчи Лутфулла Мамадалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) андижонлик Зокир Қобилов билан техникумда бирга ўқишган эди. Л.Мамадалиев З.Қобиловнинг ошпазлигу новвойлик қўлидан келишини яхши биларди. Шу боис у курсдошини ўтган йилнинг май ойида ҳовлисида қурган новвойхонани юритишга таклиф этади. Шундан сўнг З.Қобилов танишлари Элбек Юнусов ва Мақсуд Ғофуров билан бирга нон ёпа бошлайди. Йигитлар ўз ишининг устаси бўлгани сабабли нонвойхонада савдо юришиб кетади. Аммо орадан кўп вақт ўтмасдан Мақсуд Ғофуров уйига кетиб қолади. Ўша куни икки шерик ишни тугатишгач, Э.Юнусов новвойхона яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконга йўл олади. – Менга ҳам бир шиша ароқ олиб кел, – дея илтимос қилади унга З.Қобилов. Э.Юнусов дўконга бориб, 300 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилади. Қайтаётганда З.Қобиловнинг “буюртмаси”ни олиб келади. Бироздан сўнг З.Қобилов ҳам сархуш бўлиб қолади. Шу боис иккаласи кўрпачада ёнбошлаганча суҳбатлашади. – Мен ишдан жуда чарчадим. Шунинг учун уйга бориб, бир ҳафта дам олиб келаман, – дейди Э.Юнусов гап орасида. – Йўқ, ҳозир кетмай тур, – дея эътироз билдиради З.Қобилов. – Аввал ўрнингга ишчи топай, сўнг уйингга кетарсан. Агар ҳозир кетсанг, иш тўхтаб қолади. – Ўзим хоҳлаган пайтда кетаман, сендан сўраб ўтирмайман, – деб қайсарлик қилади Э.Юнусов. Шу зайлда шериклар аввал гап талашиб қолишади. Сўнгра З.Қобилов қўлига илинган буюм билан Э.Юнусовнинг дуч келган жойига ура бошлайди. Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Э.Юнусов стол устидаги пичоқни қўлига олиб, З.Қобиловнинг қорин ва кўкрак қисмига санчади. З.Қобилов жон аччиғида новвойхонадан қочиб чиққан бўлса-да, оғир жароҳатлари туфайли узоққа боролмай, йиқилади. Буни қарангки, ўша пайтда новвойхона ёнидаги дорихона сотувчиси бақир-чақирни эшитиб, кўчага чиқади. У оғир жароҳатланган З.Қобиловга дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга, “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Бироқ жабрланувчи шифохонага етиб бормасдан йўлда жон таслим қилади. Шундан сўнг Э.Юнусовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Э.Юнусовни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо тайинлашда Э.Юнусовнинг муқаддам жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2023 йил 9 августдаги ажрими билан алмаштирилган ва ўталмай қолган 9 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам инобатга олинди. Бир қарашда ушбу қотиллик оддий тортишув оқибатида юз бергандек туюлади. Лекин Э.Юнусовнинг муқаддам 4 маротаба судланганини назарда тутсак, кўп нарса ўз-ўзидан ойдинлашади. Унинг суд томонидан белгиланган ахлоқ тузатиш жазосини ўташдан бўйин товлаб келгани ҳам бунинг исботидир. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2021 йил 14 октябрдаги ҳукмига асосан, Э.Юнусов Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон тумани судининг 2022 йил 24 июндаги ажримига биноан ўталмай қолган 1 йил 3 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Аммо у яна қонун талабини менсимай, жазони ўташдан бўйин…
2022 йилдан ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаман. Маҳалламизда 1 та саноат ишлаб-чиқариш корхонаси, 11 та кичик бизнес субъекти ва 12 та хизмат кўрсатиш объекти, 6 та озиқ-овқат савдо дўкони мавжуд. Аҳоли сони 3 050 нафар. Маҳалла “драйвери” — деҳқончилик. Бундан ташқари, 60 та хонадон иссиқхонада кўчатчилик билан шуғулланади. Ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи, томорқадан фойдаланиш даражаси, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқини аниқлаб олишда уйма-уй ўтказилаётган “хонадонбай” хатлов яхши самара бермоқда. Жорий йил бошида ўтказган хатловда эҳтиёжмандлар аниқланиб, уларнинг даромадини ошириш бўйича манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқдим. Ҳар бирига алоҳида ҳужжат юритиб, олдимга ойлик даромадини ошириш вазифасини қўйдим. Бандликни таъминлашда хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шундан сўнг уларга даромад топиши учун асбоб-ускуна ажратиш яхши натижа бермоқда. 7 нафар “Аёллар дафтари” ва” Ёшлар дафтари”га кирган фуқарога шу тарзда тикув машинаси, электр печ, компьютер ажратилди. Улар бугун ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритмоқда. Маҳалладаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашда томорқадан самарали фойдаланяпмиз. Сир эмас, Олтиариқда миришкор деҳқонлар кўп. Тупроғи унумдор, ҳудуд одамлари нафақат узумчилик, балки кўчатчиликда ҳам ўзига ҳос мактаб ярата олган. Янги иш ўринлари яратиш, ўзини ўзи банд қилишда мана шу омиллардан фойдаланяпмиз. Талабгорларга ажратилган имтиёзли кредит эвазига ўзини ўзи банд қилганлар сафи ортиб бормоқда. Улардан бири 15 сотихли томорқада 8 та доимий иш ўрни яратган Беҳзод Мамадалиев. Унга 100 миллион сўм имтиёзли кредит олишда кўмаклашдик. Асли деҳқон фарзанди бўлгани учун ишни ташкил этиш қийин кечмади. Бугун томорқада икки нафар ўғли билан ота касбини давом эттирмоқда. Бехзод аканинг кўчатлари нафақат Фарғонада, балки бутун республикада харидоргир. Хонадоннинг 3 та иссиқхонаси бор. Унда қалампир кўчатлари етиштирилиб, асосан, янги навлар яратиш, харидорлар истагига мос кўчатларни парваришлашга эътибор қаратилган. Хонадондаги иссиқхоналар бир зум бўш қолмайди. Кўчатлар йиғиштириб олингач, навбатдаги мавсум учун яна кўчат экилаверади. Бугун Беҳзод Мамадалиев ер билан чинакам тиллаша оладиган миришкорга айланди. Шу боис экинларни қайси вақтда, қандай парвариш қилиш кераклигини билади. 2013 йилда томорқасининг 11 сотихида иссиқхона қургач, 4 сотих ери бўш қолганди. Унга узум экди. Олтиариқда узум экилмаган хонадон топа олмайсиз. Тагига чиринди ва чувалчанг ташлаб, биогумус тайёрлашга киришди. Бу ҳам миркишкор деҳқонни қониқтирмай, узумни тагидаги биогумуслар устига рўзғор учун сабзавот экиб, парваришлади. Ҳосилдорлик янада ошди. Чунки табиий озуқа экинларнинг ҳосилдорлигини оширди. Гувоҳ бўлганингиздек, унча катта бўлмаган томорқада бугун ҳамма нарса бор. Оила бозордан бирор маҳсулот сотиб олмайди. Ҳар йили 200 млн. сўмдан ортиқ даромад топмоқда. Муҳими, йил давомида барака узилмайди. 2024 йилда ҳам маҳаллада бу каби ишларни давом эттиришни режа қилганмиз. Хатловда аниқланган 88 нафар ишсизларни доимий ишга жойлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ҳаракатидамиз. Бундан ташқари, 1-тоифа(даромади камбағаллик чегарасидан кам бўлган оилалар)га киритилган 132 та оилани камбағалликдан чиқариш бўйича тузилган “Индивидуал дастур”лар ижросини таъминлашни кўзлаганман. 10 та ташаббускорлар лойиҳасини амалга оширишда зарур молиявий маблағлар жалб этишни мақсад қилганман. Бугунгача Бизнесни ривожлантириш банкидан 3 нафар фуқарога 100 миллион сўмдан кредит олишга эришдик. Ўрни келганда ишимизни янада самарали қиладиган таклиф билдирмоқчиман. Маҳалламизнинг 80 фоиз аҳолиси, кўпроқ ёшлар, экспорт қилувчи корхоналарга қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари (мева-сабзавот) етказиб беради. Шуни инобатга олиб, маҳсулотларни бир ерга жамлаб, экспорт билан шуғулланувчи кооперация ташкил этиш керак, деган фикрдаман. Мутасаддилар таклифимизга эътибор қаратишса, яна қўшимча иш…
ЭЪТИРОФ “Ажралишлар сони нега ортиб боряпти?” Маҳаллада ёшлар етакчиси сифатида 2022 йилдан буён ишлаб келаман. Фаолиятимда тенгдошларимнинг муаммосини ҳал этиш, ташаббусларига қанот бўлишни шиор қилиб олганман. Айниқса, ёшларни мусиқа, рассомлик, спорт, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириб боряпмиз. Бу борада “Беш ташаббус олимпиадаси” қулай имконият яратмоқда. Маҳалладан республика босқичигача жараёнда ҳаваскорликдан профессионалликка қадам босяпмиз. Янги иқтидорлар, янги номлар кашф қиляпмиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қизил тоифадаги ёшлар билан ишлашда имкон қадар индивидуал ёндашяпман. Ҳар бир ёшни маҳаллий раҳбарларга бириктириш орқали муаммосини ҳал этишга эришяпман. Бирорта ёш муаммоси эътибордан четда эмас. Масалан, Озода Жангабекова мактабни битириб, Тошкент давлат педагогика университетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирганди. Бироқ шартномани тўлашга имконияти етмади. Онаси 2-гуруҳ ногирони, отаси ўткир камқонлик сабаб вафот этган. Унга “Ёшлар дафтари” жамғармасидан олий таълим муассасаси шартномасига 3,5 млн. сўм маблағ ажратдик. Бунга жавобан Озода “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида спортнинг шашка тури бўйича 1-ўринни эгаллади. Натижада маҳаллага универсал спорт майдончаси қуриш учун ваучер ютиб олди. Бугунги кунда 13-мактабда кимё фанидан дарс бериш билан бирга тумандаги спорт мактабида мураббийлик фаолиятини олиб бормоқда. Бундан ташқари, “Қизлар овози” клубининг Тошкент вилояти бўйича координатори. Зоҳиджон Дадабоев болалигидан ногирон. Гарчи гапира, эшита олмаса-да, қалби очиқ, тиришқоқ йигит. 2021 йилда Россия давлатига ишлагани кетганди. Уни ватанга қайтиб, шу ерда ишлаши мумкинлигини тушунтирдим, ёрдам беришимни айтдим. 2022 йилда миграциядан қайтгач, томорқачилик йўналишида бизнес режа туздик. Дастлаб “Ёшлар дафтари” жамғармасидан уруғлик олиб бердик. Қадалган уруғлар ҳосил берди. Яхшигина даромад топди. Орада мономарказда ошпазлик йўналишида касбга ўқитдик. Тезда ошпазликнинг сир-асрорини ўрганиб олган тенгдошимиз “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг вилоят босқичида “Касблар танлови” йўналишида 3-ўринни қўлга киритди. Фаолиятимда ёшлар ўртасида оилавий ажралишлар кўпайганига гувоҳ бўляпман. Шу муаммони ҳал этиш мақсадида “Маҳалла ва оила” мактаби ташкил этиш таклифини ишлаб чиқдим ва масъулларга тақдим этдим. Унга кўра, ёшларга оила муқаддаслиги, эр-хотин муносабатлари, миллий қадриятлар ва урф-одатларни ўргатувчи дарслар жорий этилади. Бу билан ажралишлар олди олинади. Ёш оилаларга никоҳнинг муқаддаслиги ва қонун билан ҳимоялангани тушунтирилади. Ҳар бир инсон меҳнатлари муносиб қадрланишини истайди. Бу борада омадим келган. 2022 йилда “Фидойи ёшлар етакчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўринни олган бўлсам, шу йили “Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси” танловининг республика босқичида “Алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан самарали ишлаган ёшлар етакчиси”, деб топилдим. Жорий йилги Маҳалла тизими ходимлари куни ҳаётимда яна бир ўчмас из қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Ушбу мукофот менга қанча куч-қувват берган бўлса, ўз навбатида, елкамга катта масъулият ҳам юклайди. Сарварбек МИРЗАЕВ, Чиноз туманидаги “Бирлик” маҳалласи ёшлар етакчиси.
Ҳар бир йиғинда табдиркорларга консультатив хизмат кўрсатиш, маиший хизмат шохобчаларини очиш, дарахт экиб, даромад топиш имконияти бор Сир эмас, қуйи бўғиндаги барча муаммо маҳаллага келиб тақалади. Маҳалла раиси мазкур жараённинг ҳаммасида иштирок этиши шарт. Аммо шундай паллада раисларни қийнаб келаётган бир масала юзага чиқади: маҳалланинг ўз маблағига эга эмаслиги. Бу ҳолат йиғин учун керакли бўлган концелярия маҳсулотлари, компьютер жиҳозларини ходимлар ўз ҳисобидан сотиб олаётганини қўя туринг, маҳаллалар ўз ҳудудидаги айрим камчиликларни (масалан, ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини қуриш, болалар, спорт майдончаларини бунёд этиш) ўз билганича ҳал қилолмасди. Ўзида маблағ бўлмагани боис ё давлат дастурларига кўз тикар, ё бирор сахий тадбиркор қўлига қараб қоларди. Демак, ҳудуд ривожланиши учун, аввало, маҳалланинг ўз бюджети бўлиши керак. “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, барча маҳаллаларда “Маҳалла бюджети” тизимининг жорий этилгани юқоридаги камчиликларга барҳам бериб, маҳалланинг ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий салоҳиятини оширади. Аслида ҳам, маҳаллага жуда кўп ваколатлар берилиб, вазифалар юклатилаётган экан, албатта, буларни амалга ошириш учун унинг молиявий мустақиллигини таъминлаш зарур эди. Яъни маҳалла давлатга қарам бўлиб, давлатдан пул сўраши эмас, балки мустақиллигини таъминлашга интилиши керак. “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиб, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси очилгани бу жараёнда қўл келади. Жамғарма маблағларини сарфлаш ваколати маҳалланинг ўзига берилади. Зеро, қаерда, қандай муаммо борлигини уларнинг ўзи яхши билади. “Еттилик” вакиллари биргаликда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, шу асосда иш олиб боради. Умуман олганда, маҳалла раислари узоқ кутилган, уларни анча йиллардан бери ўйлантириб келган ва бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган “молиявий дастак”ка эга бўлишади. Бу орқали уларнинг ўз ҳудудини обод қилиш ташаббуслари ортади. МАЪЛУМОТ УЧУН: ҳар бир маҳалладаги Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи, маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи, маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган кўчмас мулк объектларини сотишдан тушадиган маблағлар, маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар йўналтирилади. Шу ўринда маҳаллалар фақатгина жамғарма маблағларига боғланиб қолмаслиги кераклигини айтиб ўтиш ўринли. Зеро, йиғинларнинг даромад манбаларини кенгайтириш имкониятлари бор, бундан, албатта, унумли фойдаланиш зарур. Хўш, нималар қилиш керак? Биринчидан, маҳалла тадбиркорлик субъектларига консультатив хизматлар кўрсатиши, уларга маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашиши керак. Бу қандай амалга оширилади? Фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси, солиқ инспектори борки, улар тадбиркорликни бошлашдан тортиб, ишни қандай юритиш, молиявий имкониятни ошириш, солиқларни тўлаш, имтиёзлардан фойдаланишгача бўлган барча жараёнларни билади. Эндиликда бу икки ходим ўз вазифаси, тажрибасидан келиб чиқиб, маҳаллага қўшимча молиявий ресурс олиб кириши мумкин. Иккинчидан, маҳалла аҳолиси учун маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш керак. Нега? Шаҳар шароитида бунга кўп ҳам эҳтиёж туғилмаслиги мумкин, ҳар ерда шундай хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Бироқ қишлоқ маҳаллаларининг ҳаммасида бундай имконият бор, деб бўлмайди. Шунинг учун маҳалла ташаббусни кўлга олиб, дейлик, йиғин гузарида сартарошхона, новвойхона, пойабзал устахонаси, фотохизматлар кўрсатишни йўлга қўйиши мумкин. Учинчидан, ўтган йили маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яхши тажриба бошланган эди. Яъни ҳудудлардаги бўш жойлар, маҳалла гузарлари атрофлари, йўл четлари, канал ва дарёлар ҳимоя зоналарига терак, павловния каби кўчат навлари экилиб, маҳалла балансига берилганди. Улар қисқа фурсатда…
Sign in to your account