Ҳар бир йиғинда табдиркорларга консультатив хизмат кўрсатиш, маиший хизмат шохобчаларини очиш, дарахт экиб, даромад топиш имконияти бор
Сир эмас, қуйи бўғиндаги барча муаммо маҳаллага келиб тақалади. Маҳалла раиси мазкур жараённинг ҳаммасида иштирок этиши шарт. Аммо шундай паллада раисларни қийнаб келаётган бир масала юзага чиқади: маҳалланинг ўз маблағига эга эмаслиги.
Бу ҳолат йиғин учун керакли бўлган концелярия маҳсулотлари, компьютер жиҳозларини ходимлар ўз ҳисобидан сотиб олаётганини қўя туринг, маҳаллалар ўз ҳудудидаги айрим камчиликларни (масалан, ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини қуриш, болалар, спорт майдончаларини бунёд этиш) ўз билганича ҳал қилолмасди. Ўзида маблағ бўлмагани боис ё давлат дастурларига кўз тикар, ё бирор сахий тадбиркор қўлига қараб қоларди. Демак, ҳудуд ривожланиши учун, аввало, маҳалланинг ўз бюджети бўлиши керак.
“Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, барча маҳаллаларда “Маҳалла бюджети” тизимининг жорий этилгани юқоридаги камчиликларга барҳам бериб, маҳалланинг ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий салоҳиятини оширади.
Аслида ҳам, маҳаллага жуда кўп ваколатлар берилиб, вазифалар юклатилаётган экан, албатта, буларни амалга ошириш учун унинг молиявий мустақиллигини таъминлаш зарур эди. Яъни маҳалла давлатга қарам бўлиб, давлатдан пул сўраши эмас, балки мустақиллигини таъминлашга интилиши керак. “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиб, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси очилгани бу жараёнда қўл келади.
Жамғарма маблағларини сарфлаш ваколати маҳалланинг ўзига берилади. Зеро, қаерда, қандай муаммо борлигини уларнинг ўзи яхши билади. “Еттилик” вакиллари биргаликда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, шу асосда иш олиб боради. Умуман олганда, маҳалла раислари узоқ кутилган, уларни анча йиллардан бери ўйлантириб келган ва бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган “молиявий дастак”ка эга бўлишади. Бу орқали уларнинг ўз ҳудудини обод қилиш ташаббуслари ортади.
МАЪЛУМОТ УЧУН: ҳар бир маҳалладаги Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи, маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи, маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган кўчмас мулк объектларини сотишдан тушадиган маблағлар, маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар йўналтирилади.
Шу ўринда маҳаллалар фақатгина жамғарма маблағларига боғланиб қолмаслиги кераклигини айтиб ўтиш ўринли. Зеро, йиғинларнинг даромад манбаларини кенгайтириш имкониятлари бор, бундан, албатта, унумли фойдаланиш зарур. Хўш, нималар қилиш керак?
Биринчидан, маҳалла тадбиркорлик субъектларига консультатив хизматлар кўрсатиши, уларга маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашиши керак. Бу қандай амалга оширилади? Фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси, солиқ инспектори борки, улар тадбиркорликни бошлашдан тортиб, ишни қандай юритиш, молиявий имкониятни ошириш, солиқларни тўлаш, имтиёзлардан фойдаланишгача бўлган барча жараёнларни билади. Эндиликда бу икки ходим ўз вазифаси, тажрибасидан келиб чиқиб, маҳаллага қўшимча молиявий ресурс олиб кириши мумкин.
Иккинчидан, маҳалла аҳолиси учун маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш керак. Нега? Шаҳар шароитида бунга кўп ҳам эҳтиёж туғилмаслиги мумкин, ҳар ерда шундай хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Бироқ қишлоқ маҳаллаларининг ҳаммасида бундай имконият бор, деб бўлмайди. Шунинг учун маҳалла ташаббусни кўлга олиб, дейлик, йиғин гузарида сартарошхона, новвойхона, пойабзал устахонаси, фотохизматлар кўрсатишни йўлга қўйиши мумкин.
Учинчидан, ўтган йили маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яхши тажриба бошланган эди. Яъни ҳудудлардаги бўш жойлар, маҳалла гузарлари атрофлари, йўл четлари, канал ва дарёлар ҳимоя зоналарига терак, павловния каби кўчат навлари экилиб, маҳалла балансига берилганди. Улар қисқа фурсатда бўй кўрсатади. Шундан сўнг кўчат сифатида сотилиши ёки йиллар давомида тайёр қурилиш материалига айланиши мумкин. Бу — маҳалла бюджети учун қўшимча даромад демакдир.
Тўртинчидан, маҳалла ҳудудидаги қабристонларни, ички кўчаларни таъмирлаш ва сақлаб туриш харажатларини туман бюджетидан маҳалла бюджетига ўтказиш яхши самара беради. Зеро, бугун одамларни энг кўп қийнаётган масала — йўлларнинг таъмирталаблиги ҳисобланади. Шу боис ҳар бир маҳалладаги ҳолат атрофлича, шаффоф ва очиқ таҳлил қилиниб, айнан йўл ва қабристонлар билан боғлиқ харажатлар тўғри тақсимланса, йиллар давомида ечимини кутиб ётган масалалар босқичма-босқич ҳал этиларди.
***
Умуман олганда, энди маҳалла кимнингдир ёрдамига муҳтож тузилма эмас, барча жараёнларнинг марказида турувчи, одамларни ҳаракатга келтирувчи ижтимоий кучга айланди. Бундан, албатта, ҳамма ютади: давлат ҳам, маҳалланинг ўзи ҳам, оддий одамлар ҳам. Зеро, эндиликда маҳалла даражасидаги ҳар қандай муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилади.
Санжар ИСМАТОВ.