Билиб қўйинг

Мактаблар беш кунлик иш тартибига ўтадими?

Шу кунларда “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган петиция кенг муҳокама қилиняпти. Унга кўра, мурожаат муаллифи мактабларни тўлиқ беш кунлик ўқитиш ва ишлаш тизимига ўтказишни таклиф қилган. Айтиш керакки, “Менинг фикрим” порталига жойланган ҳар бир мурожаатга етарлича овоз берилса, уни парламент кўриб чиқиши мумкин. Шунга кўра, юқоридаги таклиф ҳозиргача 12 мингдан ортиқ овоз тўплаганини ҳисобга олсак, эндиликда парламент уни қабул қилиб, 60 кун муддатда кўриб чиқиши ва қарор қабул қилиши зарур. Албатта, битта фикр билан масала бирдан ҳал бўлиб қолмайди. Чунки ҳар бир таклиф таҳлилларга асосланиши, ижобий ва салбий таъсирлари тўлиқ ўрганиб чиқилган бўлиши зарур. Аввал ҳам шунга ўхшаш таклифлар билдирилган, қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган эди. Бироқ айрим жиҳатларни ҳисобга олиб, масала очиқ қолганди. Хўш, мактаблар беш кунлик иш тартибига этса, нима бўлади? Энг аввало, ҳозирги кунда кўпчилик мактабларда таълим икки ёки ундан ортиқ сменада олиб бориляпти. Мактабларда беш кунлик ўқиш тизимининг жорий этилиши бундай ўқув муассасалари сонини кескин оширади. Яъни ўқувчи ўрни ва биноларга қўшимча талаб кескин ортади. Бу ҳолатда янги мактаблар қуриш, мавжудларини кенгайтириш учун қўшимча маблағ зарур бўлади. Қолаверса, айни пайтда аксарият ота-оналарнинг меҳнат фаолияти ҳафтада олти кунни ташкил этади. Бундай оилаларда шанба куни болалар хавфсизлигини ким таъминлайди, деган савол келиб чиқади. Бу ҳолат, ўз навбатида, ёшларнинг қаровсиз ва эътибордан четда қолишига олиб келиши, улар ўртасида жиноятчиликнинг ўсишига сабаб бўлиб мумкин. Шунингдек, ҳозирги таълим тизими олти кунлик иш тартибида тузиб чиқилган. Агар беш кунликка ўтиладиган бўлса, ёзги таътил кунларини қисқартириш ҳисобига ўқиш муддатини узайтиришга тўғри келади. Ваҳоланки, бизда таътиллар мамлакат иқлимидан келиб чиқиб белгиланган. Ёзнинг иссиқ ҳавосида 30-35 киши бир хонада 45 дақиқа ўтира олиши қийин. Хоналарда совитиш тизими эҳтиёж туғилади — яна қўшимча харажат. Албатта, таклифнинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Хусусан, педагогларнинг икки кун дам олишига шароит яратилади. Бу уларнинг ўз устида ишлаши, янгича таълим усулларини ўзлаштириши, оиласига, фарзандлари тарбиясига кўпроқ вақт ажратишига имконият туғдиради. Шунингдек, ўқувчилар ҳордиқ чиқариши, турли тўгаракларга қатнашиши, маданий масканларга саёҳатга бориши мумкин бўлади. Бундан ташқари, дарслар меъёрини қайта кўриб чиқиб, айримларини ихчамлаштириш, бирлаштириш имкони туғилади. Умуман олганда, айни масала чуқур таҳлил қилиниши зарур. Хориж тажрибасига назар ташласак, аксарият давлатларда беш кунлик таълим тизими йўлга қўйилган. Жумладан, Финляндияда мактаблар тўлиқ беш кунлик тартибда ишлайди. Ён қўшнимиз — Қирғизистонда 1-8 синфлар учун беш кунлик тартиб амал қилади. Ўзбекистонда ҳам бошланғич синф ўқувчилари ҳафтада беш кун дарсларда қатнашади. Мафтуна ШУКУРОВА.

132

Битта китоб жазо муддатини уч кунга қисқартиради

ФИКР ...Панжара ортидан ҳаёт йўлларида адашиб, жиноят оламига кириб қолган ёш қалбларнинг мунгли кўзлари маъюс боқади. Кўпчилиги билан суҳбатда бўлсангиз: “Тақдир йўлларида адашиб, ҳақли равишда жазоимни тортаётган маҳбусман”, деганларини эшитасиз. Ўз муддатини адо қилиш учун тим қора сочлари темир панжара ортида оқаргунча орзуларини кўмиб яшашга маҳкум бу ёшларнинг пушаймонлигини тинглаб, юраклар санчади... Албатта, уларнинг бу йўлни танлашида ўзига яраша сабаблари бўлиши мумкин. Аммо шу ҳолга келишларидаги энг катта камчилик, бу — уларнинг маънавий оламининг кемтиклиги ҳисобланади. Инсон ҳар қандай вақтда ўз ҳаракатларини назорат қилиши, тўғри қарор қабул қилиши учун маънавий барқарорликка эга бўлиши, бироз бўлса-да, ҳаёт фалсафасини англаб етмоғи даркор. Бунинг учун, албатта, китобнинг ўрни бебаҳодир. “Хайрли ишга ҳеч қачон кеч бўлмайди”, дейишади. Бугунги кунда ҳаёт тегирмонида саваланаётган мана шундай тақдир эгаларининг жазо муддатларини енгиллаштириш борасида қатор жараёнлар кўриб чиқилмоқда. Улардан бири — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати қисқартирилиши билан боғлиқ. Маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажлисда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати мавжудлиги қайд этилди. Қонун лойиҳасига кўра, маҳкумларнинг жазо ўташ муддатини ўзини ўзи тарбиялаш орқали тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи ҳаракатларни бажаргани муносабати билан камайтириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74-1-модда киритиляпти. Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилган. Бу жараёнда йилига кўпи билан 10 та китоб ўқиш мумкинлиги белгиланяпти. Маҳкумлар ўқийдиган адабиётлар рўйхатини Республика Маънавият ва маърифат маркази тасдиқлайди. Бу каби чоралар маҳкумларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтишига хизмат қилади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 73-, 74-моддалари асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида ҳам китоб ўқиганлик инобатга олиниши белгиланяпти. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларни ижтимоий фойдали машғулотлар билан шуғулланишга, китобхонликка жалб қилиш орқали ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Инсон учун бу дунёда эркидан, мустақиллигидан, озодликдан муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Ҳар битта одам қачонки эркин бўлса, ўзини тўлақонли ҳис қилади. Унинг маълум даражадаги эркинлиги чекландими, у ўзини мустақил ҳис қила олмайди. Юқоридаги ташаббусдан мақсад аниқ: панжара ортида жазо муддатини ўтаётган ёш маҳбусларни китобга ошно қилиб, маънавий онггини шакллантириш орқали уларни соғлом ҳаётга қайтариш ва келгусида яна жиноят оламига кириб кетмасликларига чорлашдан иборат. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.

90

Гиёҳвандлик воситалари учун жавобгарлик кучайтирилган

Президентнинг 2024 йил 5 октябрда имзолаган қонун билан айрим кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқларидан ва Интернетдан фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланиши белгиланди: – БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима; – 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари; – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; – 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш; – 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Севара ЎРИНБОЕВА, Адлия вазирлиги ҳузуридаги мультемедиа маркази раҳбари.

69

Кредит олганим учун хорижга чиқа олмайманми?

  — Оилавий тадбиркорлик дастури асосида бизнесимни йўлга қўйиб, тикувчилик корхонамда 5 та иш ўрни яратганман. Яқинда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 100 миллион сўм гаровсиз микрокредит олдим. Натижада иш ўринлари 10 тага етди. Фаолиятим доирасида хорижий давлатларга хизмат сафарига боришга тўғри келяпти. Аммо энди кредит олганим учун хорижга чиқа олмаслигимни айтишди. Чиндан ҳам кредит олганларга тақиқ қўйилганми? Иззатилла БОБОХОНОВ. Мингбулоқ тумани. — Қонунчиликда бундай тақиқ йўқ. Чунки банк ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар кредит шартномаси билан тартибга солинади. Шартномада фуқаронинг хорижий давлатга чиқишига чеклов ўрнатадиган қоида йўқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига асосан, ҳар ким мамлакатдан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга. Албатта, қонунда белгиланган чекловлардан ташқари. Масалан, сизни суд қарорига асосан қарздор, деб топиб, ундириш белгиланган бўлса, қарзларни вақтида тўламаган ва иш Мажбурий ижро бюросига ўтган тақдирда хорижга чиқишингиз чекланади. Юқоридагиларга кўра, хорижга сафар олдидан бундай тақиқ бор ёки йўқлигини текшириб олганингиз маъқул. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунга асосан, белгиланган талаблар узрсиз бажарилмаса, давлат ижрочиси қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Шу каби истисно ҳоллар бўлмаса, банкдан кредит олганингиз учун хорижга чиқиш ҳуқуқингиз чекланмайди. Акмал НАЗАРОВ, Марказий банк департамент раҳбари

326

Субсидия ажратиш тартибига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги тегишли қарори билан ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тартибига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлаб бериладиган фуқароларни танлаб олиш ва баҳолаш жараёнлари автоматлаштирилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг мавжуд электрон маълумотлар базалари билан интеграция қилинди. Эндиликда “subsidiya.idm.uz” орқали ариза берувчининг маълумотлари автоматлашган тарзда текширилади ва баҳоланади. Оила таркиби, ариза берувчининг номида тураржой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, “Лабор – мигратион” дастурида рўйхатдан ўтгани, оила аъзоларининг ўртача ойлик даромадлари, “Тиббий-ижтимоий экспертиза” тизимидан рўйхатдан ўтгани шулар жумласидан. Эндиликда агар ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари миқдори белгиланган меъёрлардан кам бўлса, даромадлар ҳисоб-китобига уларнинг яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилади. Ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларининг жами ўртача ойлик даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа мезонлар асосида кўриб чиқилмаслиги ва автоматик равишда субсидия ажратишни рад этиш учун комиссия котибига юборилиши белгиланди. Бу жараёнда сўнгги уч ойнинг камида бир ойида даромадга эга бўлиш талаб этилади. Аризаларни кўриб чиқиш жараёни 14 иш кунидан 5 иш кунигача қисқартирилади. Субсидиялар қоплайдиган фоизлар миқдори ҳам ўзгаради. Янги кредитлар бўйича йиллик 12 фоиздан ортиқ қисми (ҳозир — 10 фоиздан ортиқ), 2025 йилдан бошлаб а Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ бўлган қисми, яъни ҳозирги 13,5 фоизни ташкил этган ҳолда қопланади. Дастлабки тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади. Илгари тўловлар ҳисобот ойининг 25-кунига қадар амалга ошириларди. Бундан ташқари, эндиликда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ипотека субсидиялари ажратилмайди. Ушбу мақсадлар учун ипотека кредитлари фақат камбағалликни камайтириш дастурига киритилган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга берилади. Ариза берувчига субсидия ажратиш рад этиладиган ҳолатларга аниқлик киритилди. Хусусан, тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлса, жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаса, илгари ипотека кредитлари бўйича субсидиядан фойдаланган фуқаролар ва уларнинг турмуш ўртоқлари такрорий мурожаат этса, аризани кўриб чиқишда ариза берувчининг турмуш ўртоғи аввал топширган ва кўриб чиқиш жараёнида бўлган ариза аниқланса, ариза рад этилиши белгиланди.  

427

Зулфия мукофоти кимларга берилади?

Ҳукумат Қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгиланди. Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади. Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади. Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади: - туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20 октябрга қадар; - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21 октябрдан 30 ноябрга қадар; - республика босқичи — 1 декабрдан 31 декабрга қадар ўтказилади. Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади. Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.

260