Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади: 1) ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида бир марталик моддий ёрдам бериш; 2) тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш; 3) боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам бериш, зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган) хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш; 4) ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун бир марталик моддий ёрдам бериш, зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган) хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш, тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар учун зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиш; 5) уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара компенсациясини тўлаш, ижтимоий уйларга жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш ва зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида бир марталик моддий ёрдам бериш; 6) қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар учун бир марталик моддий ёрдам бериш, зарур ҳолларда, сектор раҳбари хулосаси асосида томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш.
“Очиқ бюджет” порталида “Маҳалла бюджети” бўлими ишга туширилди. Бўлим орқали ҳар бир маҳалла кесимида жисмоний шахслар тўлаган мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизи ҳисобидан Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ўтказилган маблағлар ва амалга оширилган харажатларни кузатиб бориш мумкин. Жумладан, ҳар бир маҳалла кесимида: жамғармага йўналтирилган маблағлар; амалга оширилган харажатлар миқдори ва йўналишлари; жамғармадаги мавжуд қолдиқ маблағлар тўғрисида маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган. Эслатиб ўтамиз, жамғармалар ҳар бир маҳалла учун алоҳида тарзда очилган, уларнинг маблағлари фуқароларнинг таклифлари ва “маҳалла еттилиги”нинг қарори асосида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этиш учун сарфланади.
— “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия кимларга ва қандай тартибда берилади? Бу имкониятдан фойдаланувчи албатта “Ёшлар дафтари”га кирган бўлиши керакми? — Имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган талабгор, албатта, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган бўлиши лозим. Чунки лойиҳа “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби” доирасида ўқув марказлари учун қўйиладиган талабларни белгилайди. Асосий вазифаси ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёшларга замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганиш учун имконият яратиш, замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича ёшларга сифатли ва бепул таълим бериш ҳамда замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ўқув марказларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборат. Ариза берувчи “Ёшлар дафтари”га кириши ёки “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш бўйича мурожаат қилган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки уларнинг вакили ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши керак. Ўқув маркази – давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиши лозим. Лойиҳа доирасида ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларни ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда ариза берувчига маблағ “1+1” тамойили асосида бир вақтнинг ўзида замонавий касб ёки ахборот технологиялар ўқув курси билан биргаликда хорижий тил ўқув курсида ўқиш харажатлари учун берилиши мумкин. Мурожаатчи замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва хорижий тилларга ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишни сўраб yoshlardaftari.uz электрон платформаси орқали ариза йўллайди. Мадина АМРЕЕВА, Ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси
Қиз фарзанд тарбияси жуда нозик ва эътибор талаб бўлган масала. Унда мувозанат, тартиб ва тўғри ёндошув бўлмаса, хатога йўл қўйиш ҳеч гап эмас. Қизлар ўғил болаларга нисбатан анча таъсирчан бўлади. Улардаги қайсарликнинг асосий сабаби нима истаётганини ва ҳиссиётини қандай ифода этишни билмаётганидадир. Айниқса, ўсмирлик даврида бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Биринчи навбатда уни туйғуларини номини айтишга ўргатиш керак. Масалан, кимдандир хафа бўлгани ёки бирор мақсадини амалга оширишда қийналаётганини очиқласин. Бу кўникмани тўғри шакллантириш учун турли китоб ва фильм қаҳрамонларининг ҳиссиётлари хақида гаплашиш яхши самара беради. “Нега у бундай қилди?”, “Кўнглидан қандай кечинмалар ўтди?”, “Сен бундай вазиятда нима қилган бўлар эдинг?” каби саволларга яқинлари билан бирга жавоб излаш ўтиш давридаги боланинг ўй-хаёллари ҳақида янада кўпроқ билиб олиш имконини яратади. Қолаверса, бошқа одамларни тушунишга ва ўзининг кечинмаларини таниб олишга ёрдам беради. Қаҳрамонлари турли характердаги қизлар бўлган ҳар хил бадиий асарларни бирга ўқиш ҳам ижобий натижа беради. Қизингизни яхши кўришингиз ва тушунишингизни тез-тез такрорлаб туринг. У сиз учун қанчалик қадрли эканини айтинг. Суҳбатлашишга, ҳаётида рўй бераётган вазиятларни муҳокама қилишга вақт ажратинг. Уни ўзингизга яқин олиб, бағрингизга босинг, вақти-вақти билан эркаланг. Ижобий фазилатлари ҳақида тўхталиб, руҳлантириб туриш ёддан чиқмасин. Болани бошқа биров билан солиштириш, камчилигини кўрсатиш, унинг руҳиятига жуда кучли таъсир кўрсатади. Шу орқали камчиликлари кўрсатиб берилиши ўзига бўлган ишончни тушуриб юбориши аниқ. Шунинг учун унинг ташқи кўриниши ёки феъл-атворидаги нуқсонларни танқид қилиш ярамайди. Аксинча, унинг ўзига хос экани, ҳеч кимга ўхшамаслигини тез-тез такрорлаб туриш керак. “Сен инжиқсан, сен қайсарсан”, деб эмас, мана бундай қилсанг янада яхши бўлади, деб яхши томонга бошлаш энг тўғри йўл. Онаси билан бирга таом тайёрлаш, ширинликлар пишириш, сайр қилиш қиз бола учун энг севимли машғулотлар саналади. Шундай вақтларда дилдан суҳбатлашиш мумкин. Фарзанди ҳаётда ўз бахтини топишини истаган ҳар бир она шу жиҳатларга эътибор қаратиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Жамила САЪДУЛЛАЕВА, Оила ва гендер илмий тадқиқот институти мустақил тадқиқотчиси.
Интернет хавфсизлиги бугунги рақамли дунёда муҳокама қилинадиган муҳим мавзу. Мажбурий ижро бюросининг аниқлашича, киберҳужумлар ижро ҳужжатларига асосан қарздор бўлган шахсларга нисбатан амалга оширилмоқда. Бунда фуқаронинг “Telegram” мессенжеридаги шахсий хабарларига шахсий телефон рақамидан қарздорлик мавжудлиги ҳамда илова қилинган “MIBuz” номли дастурни юклаб олиш шартлиги, акс ҳолда қарздорлик яна ошиб кетиши ҳақида хабар қўшилади. Шуни маълум қиламизки, қарздорлик тўғрисида хабарлар қарздорларга фақатгина “SMS” хабари орқали ҳамда “MIB” кўринишидаги аккаунтдан юборилади. Бундан ташқари, Бюронинг расмий дастурий воситалари “Playmarket” ва “AppStore” расмий онлайн иловалар дўконларидан ёки Бюронинг расмий веб-сайти www.mib.uz жойлаштирилган ҳавола орқали юклаб олиш мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир қарздорликни Бюронинг расмий веб-сайти орқали текшириш имкониятлари мавжуд. Огоҳ бўлинг! Шахсий рақамлар, ижтимоий тармоқлар орқали келган қарздорликни бартараф қилиш ҳақида ҳар қандай хабарлар фейк ҳисобланади ва бу хабарларни Мажбурий ижро бюроси юбормайди. Ҳурматли фуқаролар! Шахсий маълумотларингизни сақлаш, киберҳужумларни олдини олиш мақсадида ўзингизга тааллуқли бўлган маълумотларни расмий бўлмаган ва шубҳа уйғотувчи платформаларга киритмаслигингизни сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, қарздорлик ҳақидаги ҳар қандай маълумотларни Мажбурий ижро бюросининг “MIB.UZ” расмий сайти ва Бюрода мурожаатларни электрон қабул қилиш марказининг “1107” қисқа рақами орқали олишингиз мумкин. Киберфирибгарликка қарши курашишнинг энг самарали йўли бу, фуқароларимизнинг ҳуқуқий ёки молиявий саводхонлиги ҳисобланади. Ҳозирда, бу каби фирибгарлар ишонувчан ва содда фуқароларимизни чалғитиб, ўз тузоғига туширишга ҳаракат қилмоқда. Фаррух ТОШПЎЛАТОВ, МИБ ахборот хизмати раҳбари.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 мартдаги тегишли қарори билан 2021 йил 18 июндаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг намунавий тузилмасига “маҳалла еттилиги” киритилди. “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида”ги намунавий Низомга ҳар бир фуқаролар йиғини ҳузурида маҳалла раиси раҳбарлигида “маҳалла еттилиги” ташкил қилиш, унинг функциялари, вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш бўйича қўшимчалар киритилди. Хусусан, “маҳалла еттилиги”нинг мақсади — маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишдан иборат. Асосий вазифалари сирасига оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи ва эҳтиёжларини ўрганиш, фуқароларни ижтимоий дафтарларга киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларга «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш вазифаси киритилди. Қолаверса, “еттилик” вакиллари фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва бундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим киритган хулоса асосида «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан ёрдам бериш бўйича коллегиал қарор қабул қилади. Янги тартибга кўра, жамоатчилик тузилмалари қарорларининг тавсиявий хусусиятга эга экани тўғрисидаги қоида “маҳалла еттилиги”нинг жисмоний шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш юзасидан қабул қиладиган қарорларига нисбатан татбиқ этилмайди. Ҳукумат қарорига кўра, “маҳалла еттилиги” таркибига 7 нафар аъзо — маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киритилади. “Маҳалла еттилиги”га фуқаролар йиғини раиси раҳбарлик қилади. Қолган аъзолар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Маҳалла раиси “маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради, ходимларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди, мажлислар чақиради ва ўтказади, “Маҳалла еттилиги” номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди. “Маҳалла еттилиги” котиби вазифасини бажариш маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисига юкланади. “Маҳалла еттилиги”нинг йиғилиши, агар унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Йиғилиш қарори унда иштирок этадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, маҳалла раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. «Маҳалла еттилиги» ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда маҳалла фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлисига (фуқаролар вакиллари йиғилишига) ҳисобот беради. Санжар ИСМАТОВ.
Sign in to your account