Қиз фарзанд тарбияси жуда нозик ва эътибор талаб бўлган масала. Унда мувозанат, тартиб ва тўғри ёндошув бўлмаса, хатога йўл қўйиш ҳеч гап эмас.
Қизлар ўғил болаларга нисбатан анча таъсирчан бўлади. Улардаги қайсарликнинг асосий сабаби нима истаётганини ва ҳиссиётини қандай ифода этишни билмаётганидадир. Айниқса, ўсмирлик даврида бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Биринчи навбатда уни туйғуларини номини айтишга ўргатиш керак. Масалан, кимдандир хафа бўлгани ёки бирор мақсадини амалга оширишда қийналаётганини очиқласин. Бу кўникмани тўғри шакллантириш учун турли китоб ва фильм қаҳрамонларининг ҳиссиётлари хақида гаплашиш яхши самара беради. “Нега у бундай қилди?”, “Кўнглидан қандай кечинмалар ўтди?”, “Сен бундай вазиятда нима қилган бўлар эдинг?” каби саволларга яқинлари билан бирга жавоб излаш ўтиш давридаги боланинг ўй-хаёллари ҳақида янада кўпроқ билиб олиш имконини яратади. Қолаверса, бошқа одамларни тушунишга ва ўзининг кечинмаларини таниб олишга ёрдам беради. Қаҳрамонлари турли характердаги қизлар бўлган ҳар хил бадиий асарларни бирга ўқиш ҳам ижобий натижа беради.
Қизингизни яхши кўришингиз ва тушунишингизни тез-тез такрорлаб туринг. У сиз учун қанчалик қадрли эканини айтинг. Суҳбатлашишга, ҳаётида рўй бераётган вазиятларни муҳокама қилишга вақт ажратинг. Уни ўзингизга яқин олиб, бағрингизга босинг, вақти-вақти билан эркаланг. Ижобий фазилатлари ҳақида тўхталиб, руҳлантириб туриш ёддан чиқмасин.
Болани бошқа биров билан солиштириш, камчилигини кўрсатиш, унинг руҳиятига жуда кучли таъсир кўрсатади. Шу орқали камчиликлари кўрсатиб берилиши ўзига бўлган ишончни тушуриб юбориши аниқ. Шунинг учун унинг ташқи кўриниши ёки феъл-атворидаги нуқсонларни танқид қилиш ярамайди. Аксинча, унинг ўзига хос экани, ҳеч кимга ўхшамаслигини тез-тез такрорлаб туриш керак. “Сен инжиқсан, сен қайсарсан”, деб эмас, мана бундай қилсанг янада яхши бўлади, деб яхши томонга бошлаш энг тўғри йўл.
Онаси билан бирга таом тайёрлаш, ширинликлар пишириш, сайр қилиш қиз бола учун энг севимли машғулотлар саналади. Шундай вақтларда дилдан суҳбатлашиш мумкин. Фарзанди ҳаётда ўз бахтини топишини истаган ҳар бир она шу жиҳатларга эътибор қаратиши фойдадан ҳоли бўлмайди.
Жамила САЪДУЛЛАЕВА,
Оила ва гендер илмий тадқиқот институти
мустақил тадқиқотчиси.