МУЛОҲАЗА
Бугун “BMW” русумли транспорт воситаси билан боғлиқ авария ҳолати ахборот майдонининг бош мавзусига айланди. Аниқлик киритилганидек, “BMW” транспорт воситасини ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузгани ортидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ инспекторининг ўлимига сабаб бўлган фуқаро – вояга етмаган шахс бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Афсуски, бу — биринчи ёки охириги ҳолат эмас. Вояга етмаганлар бошқаруви оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари кундан-кун кўпайиб бормоқда. Таҳилларга кўра, фожиалар кўпинча бир хатодан эмас, бепарволикдан бошланмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Вояга етмаган болаларга калитни ким бермоқда? Назоратни ким қўлдан чиқармоқда? “Ҳеч нарса бўлмайди” деган ишончни ким сингдирмоқда? Биз, катталар, ота-оналар эмасми?
Самарқанд туманида содир бўлган яна бир аянчли ҳодиса муаммонинг илдизи анча чуқур эканини кўрсатмоқда. Ота-онасининг сийлови туфайли машинали бўлган ўсмир дўстларини миндириб, маҳалла кўчаларида эркин ҳаракатланган. Бу “завқ” иккинчи ўсмирни илҳомлантирган. Уйдагилар ухлаб қолган пайтда бобосига тегишли машинани сўроқсиз олиб чиққан. Шундан сўнг икки машинада 8–9 нафар ўсмир кимўзар пойга ўйнаган.
Натижа эса фожиали бўлди. Йўлга сиғмаган тезлик қарама-қарши чиқиш билан якунланди. Рўпарадан келаётган автомобиль билан тўқнашув содир бўлди. Беш нафар ўсмир шифохонага ётқизилди. Манманлик ва масъулиятсизлик бир оиланинг эмас, бир нечта хонадоннинг тақдирини ўзгартирди. Бир ўсмирнинг кўзи қайта очилмади.
Шифохона олдида ҳафталаб тунни тун демай турган, кўзлари ёшга тўлган ота-оналар ҳолатини бошига тушмаган одам тўлиқ тасаввур қила олмайди. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки: йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирмасдан транспорт бошқариш — бу шўхлик эмас, бу хавф.
Энг ташвишли томони — айрим ҳолларда ота-оналар айбни ўзидан эмас, бошқадан излайди. Ҳолбуки, масаланинг илк нуқтаси кўпинча хонадон остонасида бошланади.
Яқинда Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бири директори маслаҳат сўраб мурожаат қилди. Унинг айтишича, юқори синф ўқувчиларидан бири мактабга мунтазам равишда машина бошқариб келган. Танаффус пайтида синфдошларини миндириб шаҳар айланган. Маҳалла ва мактаб раҳбарияти бир неча бор йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини чақиртириб, автомобилни жарима майдонига жойлаштирган. Аммо ҳар сафар жарима тўланиб, ҳолат яна такрорланган.
Масала шундаки, маҳалла ва мактаб интизомни талаб қилади, аммо айрим ота-оналар бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилмайди. Жамоатчилик назорати сусайганда, тарбия институти ёлғиз қолади. Чунки маҳалла ва мактабнинг таъсири оила қўллаб-қувватламагунча тўлиқ самара бермайди. Тарбия бир томонлама бўлмайди — у ҳамкорликни талаб қилади.
Яна бир хавфли анъана — ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшларга автомобилларни ижарага бериш. Айрим ўсмирлар ижарага олинган машинада бир-бирини видеога олиши “урф”га айланмоқда. Бу ерда яна ўша савол юзага чиқади — назорат ва масъулият кимда?
Автомобиль — ўйинчоқ эмас. У ҳаётни сақлаш воситаси ҳам, уни йўқ қилиш қуроли ҳам бўлиши мумкин. Вояга етмаган бола қўлидаги рул — бу фақат темир эмас, бу тақдирни бошқариш восита ҳам. Ота-она фарзандига машина калитини берганда, у фақат металл буюмни эмас, балки эҳтимолий фожианинг эшигини очаётганини англаши керак.
Элдор МУҲАММАДИЕВ.