Гарчи моддий ёрдам ва болалар нафақаси инсон омилисиз тайинланиши белгиланган бўлса-да, фуқаролар ҳужжати маҳалла раиси иштирокида расмийлаштирилиб, ҳудуддаги пенсия жамғармасига топширилмоқда. Ҳужжат “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали кўриб чиқилиб, нафақа тайинлангани ёки рад этилгани ҳақида СМС-хабарнома юборилади. Аммо, ҳануз кўп фуқаролар маҳалла раиси нафақа учун ҳужжат қабул қилгани, нафақа тайинланмагани учун уларни айбдор билишмоқда. Аслида, нафақа олиш учун фуқаро тегишли ҳужжатни тўғридан-тўғри тақдим этиши керак эди. Шунда маҳалла раисларига нисбатан фуқароларнинг асоссиз эътирозининг олди олинган бўларди. Аммо…
Айни кунда пенсия жамғармасининг босими тўғрисида маҳалла раисларидан бир хил мазмундаги эътироз келиб тушмоқда. Уларнинг гарданига ваколатидан ташқари бўлган ичимлик сув, коммунал тўлов, солиқ қарздорлиги, ёшлар бандлик дастури ижроси каби топшириқлар юклангани етмаганидек, энди инсон омилисиз болалар нафақаси тайинланган хонадонлардаги шарт-шароитни ўрганиш ҳам қўшилибди. Айниқса, енгил автотранспорт воситаси ишлаб чиқарилганлигига 7 йилдан ошган бўлса-да, юк ташувчи транспорт воситасини ишлаб чиқарилганлигига 15 йилдан ошган бўлса-да, моддиё ёрдам ва нафақага эҳтиёжи йўқлиги тўғрисида фуқаролардан аризалар олиш вазифаси юклатилмоқда. Мисол учун, бир маҳаллада жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойида болалар нафақаси тайинланган 23 та хонадон бўлса, шундан маҳалла раисига 6 та, ҳоким ёрдамчисига 6 та, ёшлар етакчисига 5 та, хотин-қизлар фаолига 6 та хонадондаги шарт-шароитни ўрганиб чиқиш тақсимлаб берилган. Шунингдек, инсон омилисиз 23 нафар нафақа тайинланган оилани биргина маҳалла томонидан ўрганилганда 6 тасининг номида автомашина бўлиб, ушбу машиналарни ишлаб чиқилганига 7 йилдан ошган бўлса ёки бировнинг номидаги автомашинани ижрага олиб миниб юрган бўлса, автомашинаси борми, албатта улардан оилавий шароити яхшилиги, моддий ёрдамга муҳтож эмаслиги, болалар нафақасига эҳтиёжи йўқлиги мазмунидаги ариза ёздириб олишга мажбур этилмоқда.
Маҳалла раислари бу вазифани бажармаган тақдирда пенсия жамғармасининг мулозими томонидан дўқ-пўписа қилиниб, жавобгарликка тортиш эслатилмоқда. Бу мазмундаги ариза олиш ўз навбатида аҳолининг маҳаллага ва маҳалла раисига норозилигини келтириб чиқармоқда.
Бу каби нотўғри амалиёт ортида турган масъул раҳбар ҳамда уларнинг мулозимлари маҳалла раисини адолатсиз иш қилишга мажбурламоқда. Нафақа тайинлаш инсон омилисиз бўлса, нега яна нафақа тайинланган оиланинг шарт-шароитини маҳалла раиси ўрганиб чиқиб, нафақа олмасликка мажбур этиши керак? Унда пенсия жамғармасидаги “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри хато ишламоқдами? Ёки ушбу ташкилот раҳбар ва масъуллари ўз вазифасини уддалай олмагани учун маҳалла раиси уларнинг хатосини тозалаши керакми? Бу каби ишлар орқали маҳалла раисини ҳалққа қарши қўйишдан ким манфаатдор? Ёки пенсия жамғармасидагилар қарор ва низомга тупуриб қўйганми?
Юсуф САЛИМОВ,
Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари.