— “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия кимларга ва қандай тартибда берилади? Бу имкониятдан фойдаланувчи албатта “Ёшлар дафтари”га кирган бўлиши керакми?
— Имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган талабгор, албатта, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган бўлиши лозим. Чунки лойиҳа “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби” доирасида ўқув марказлари учун қўйиладиган талабларни белгилайди.
Асосий вазифаси ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёшларга замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганиш учун имконият яратиш, замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича ёшларга сифатли ва бепул таълим бериш ҳамда замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ўқув марказларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ариза берувчи “Ёшлар дафтари”га кириши ёки “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш бўйича мурожаат қилган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки уларнинг вакили ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши керак.
Ўқув маркази – давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиши лозим.
Лойиҳа доирасида ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларни ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.
Бунда ариза берувчига маблағ “1+1” тамойили асосида бир вақтнинг ўзида замонавий касб ёки ахборот технологиялар ўқув курси билан биргаликда хорижий тил ўқув курсида ўқиш харажатлари учун берилиши мумкин.
Мурожаатчи замонавий касбларни эгаллаш, ахборот технологияларини ўрганиш ва хорижий тилларга ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишни сўраб yoshlardaftari.uz электрон платформаси орқали ариза йўллайди.
Мадина АМРЕЕВА,
Ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси