Биласизми

“Маҳалла еттилиги” неча соат ишлаши керак?

    Маҳалла ходимлари туну кун аҳоли хизматида. Айрим вақтлар дам олиш кунлари ҳам аҳоли мурожаатлари билан шуғулланиш, тўй-ҳашам, маросимларни тартибга солиб туришга тўғри келади. Хўш, қонунчилик бўйича маҳаллада меҳнат муносабатлари қандай тартибга солинади? Раиснинг иш вақти расман белгиланганми? Бу саволларга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисида”ги Низомдан жавоб топиш мумкин. Низомга асосан, маҳалла раиси ва ходимларининг иш тартиби қирқ соатлик ва олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда, Фуқаролар йиғини кенгаши тасдиқлайдиган ички тартиб қоидаларга кўра белгиланади. Маҳаллада қонунчиликда белгиланган ваколатларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғини фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, иш вақтининг жамланган ҳисоби юритилади ва иш куни соат 07-00 дан 22-00 гача тақсимланади. Маҳалла ходимларининг мослаштирилган иш вақти жадвалини ходимларнинг лавозим мажбуриятларини бажаришини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда — фуқаролар йиғини раиси, маҳалла раисининг иш вақти жадвалини — Фуқаролар йиғини кенгаши белгилайди. Иш жадвали уларнинг бевосита фуқаролар йиғини биносида бўлиш вақти кўрсатилган ҳолда умумий кўринадиган жойда осиб қўйилади. Маҳалла раиси ва ходимларига ҳар йили 24 кунлик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади. Фуқаролар йиғини раиси ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тегишли ҳудуддаги аҳоли сонига мутаносиб равишда амалга оширилади. Мисол учун, маҳалла раислари хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари, хонадонлар сони 501 тадан 1000 тагача бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 4,5 баравари, хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 5 баравари миқдорида иш ҳақи олади.

2.3k

“Ёшлар баланси” нима ва қандай афзаллиги бор?

    Ёшлар билан ишлашнинг маҳалла-туман-вилоят-республика вертикал тизими яратилган бўлиб, ушбу тизим асосида ёшлар етакчилари уйма-уй юриб, “Ёшлар баланси”ни тўлиқ шакллантириш, уларнинг иқтидорини, қизиқишларини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни “Ёшлар дафтари”га киритиш ҳамда уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратмоқда. “Хонадонбай” орқали 14-30 ёш оралиғидаги йигит-қизларни хатловдан ўтказиши натижасида бугунги кунда барча маҳаллада “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Аввалги йилларда хатловлар ёшларнинг 5 та тоифаси (бандлик, таълим, оилавий, ижтимоий ва саломатлик ҳолатлари) бўйича ўтказилган бўлса, жорий йилда уларнинг иқтидори хусусан, хориждаги иқтидорли ёшлар, “IT” ва инновацион соҳалардаги, спорт, санъат, маданият, китобхонлик йўналишидаги қобилияти, шунингдек, хорижий тил, ҳарбий спорт ўйинлари, “IT” ҳамда касбий қизиқиши ўрганилди. Аввало, “Ёшлар баланси” нима ва у қандай афзалликка эга, деган саволга жавоб бериб ўтсак. Бу тизим маълумоти ёшларнинг таълим, бандлик, оилавий, ижтимоий, саломатлик ҳолати, иқтидори ва қизиқишлари бўйича маълумотларни жамлашдан ҳосил бўлади. Шу асосида хатлов жараёнининг шаффофлигини сақлаб қолиш, самарадорликни ошириш учун  “Yoshlarbalansi.uz” электрон платформаси яратилиб, тўлиқ рақамлаштирилди. Содда қилиб тушунтирсак, бу бир ойна. Шу ойна орқали ёшлар нима билан банд, улар қизиқиш билдираётган соҳа ва йўналишлар ҳақида билиб олиш мумкин. Балансни юритиш тўлиқ рақамлаштирилгач, ишга туширилган электрон платформа давлат органлари ахборот тизимларининг 19 турдаги маълумотлар базаси билан интеграция қилинди. Натижада электрон платформага киритилган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли электрон манбаалардаги маълумотлар асосида текшириб, янгилаб бориш имконияти яратилди. “Ёшлар баланси”ни шакллантириш давомида ёшлар етакчилар  томонидан аниқланган ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлардан 24 минг нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 9 минг 902 нафар ёшларга зарурий ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан, 3 976 нафар талабаларга контракт тўловлари, 148 нафар ёшларга сафарбарлик чақируви резерви бадал пуллари тўлаб берилди, 1 082 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, субсидия ажратиш орқали меҳнат қуроллари билан таъминланди. Лочинбек МИРЗОДИЛОВ, Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими.  

3k

“Қизлар академияси” — замонавий касблар сари муҳим қадам

    Аёлнинг билимли ва зукко бўлиши оилада соғлом муҳит шаклланиши ва фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Лекин орамизда айрим сабабларга кўра ўқишга имкон топа олмаган, шароит тақазоси билан орзулари армонга айланган хотин-қизлар талайгина. Энди уларнинг қизиқишлари ва интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида уйда ўтирган ҳолда ўқиши ва ишлаши учун “Қизлар академияси” платформа ишга туширилмоқда. Унда тадбиркорлик, маркетинг, психология каби замонавий касбларни мобиль илова орқали ўрганиш имконияти мавжуд. Бундан кўзланган асосий мақсад ёш хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтиришдан иборат. Қолаверса, мамлакатимиздаги ёш тадқиқотчилар, олимлар, ижодкорлар ва экологларларни бирлаштириш, улар ўртасида эркин мулоқот майдонини яратиш ҳам назарда тутилган. Шу орқали ижтимоий муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларга ечим топиш имкони туғилади. 2024 йилда лойиҳа тўлиқ ишга туширилади. Унга 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётганлар, эшитишда нуқсони бўлганлар, уй бекалари, бола парвариши давридаги хотин-қизларни қамраб олиш режалаштирилган. “Қизлар академияси” лойиҳаси 7 та модулни ўз ичига олади. Ҳуқуқий модул — ёш хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Психологик модул — аёлларнинг психологик баркамоллигини таъминлаш, ёш даврларига хос психологик инқироздан чиқишда индивидуал ёндашувни тадбиқ этиш, ижтимоий муҳитдаги мавжуд муаммоларга адекват ечим беришда психологик билимларни ривожлантиришни ўз ичига олади. Репродуктив саломатлик модули — соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни таъминлаш, эндокринологик, гинекологик касалликларни олдини олиш, зарарли иллатларга қарши курашиш, оналикка тайёрлаш мақсадида ёш хотин-қизлар комплекс саломатлигини мустаҳкамлаш ва ёш оналар тиббий саломатлигини таъминлаш йўналишларини қамраб олади. Тадбиркорлик ва ҳунармандчилик модули — молиявий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, ёш хотин-қизлар ҳунармандчилик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бирламчи билимлар, онлайн тижорат соҳаси ҳамда ҳунармандчилик йўналишларини ўз ичига олади. IT ва медиа модули — ёш хотин-қизларнинг медиа саводхонлигини ошириш, медиамаҳсулотлар тайёрлашда зарурий ҳисобланган дастурлаш тилларини ўргатиш, мобилография, график дизайн, видеомонтаж кўникмаларни шакллантиришдан иборат. Лойиҳа бошқаруви модули — ёш аёлларга вазифаларни режалаштириш, вақтни тўғри сарфлаш, танқидий фикрлашини ошириш, мулоқот маданиятини шакллантириш, жамоа аъзоларини тўғри танлаш ва уни назорат қилишни ўргатади. Таълим модули — ёш хотин-қизларни тадқиқотчилик фаолиятига жалб қилиш, илмий иш юзасидан адабиётлар рўйхатини шакллантириш, хорижий конференциялар билан танишиб бориш, маҳаллий ва халқаро илмий нашрларнинг мутолаа маданиятини шакллантириш, интернет тармоғидаги илмий платформалар билан тўғри ишлаш кўникмаларини ривожлантиради. 2024 йил давомида 500 га яқин дарслик “You tube” платформасига жойланади. Ҳар бир модул курси охирида иштирокчиларга сертификат берилади ва фаол бўлган хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил қилинади. Ҳозирги кунда лойиҳа ҳамда унинг бренди ва логотипи ишлаб чиқилди. Ҳар бир модулларга таълуқли маърузачи ўқитувчилар рўйхати шакиллантирилмоқда ва дастлабки видеодарслар тасвири олинди. Лойиҳани оммага таништириқ мақсадида республикамиздаги 9 444 та маҳаллалардаги ёшлар етакчилари орқали маҳалла, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар ҳамда ОТМларда тарғиботлар ўтказилади. Шунингдек, “Қизлар академияси”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари яратилади.   Севара ПОЛВОНОВА, Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси  

385

Ёшларни нодавлат таълим муассасалари харажати қопланади

    Ариза берувчи ЯИДХПда рўйхатдан ёки авторизациядан ўтади ва сўров юборади. Ёшлар ишлари агентлиги 10 иш куни давомида: а) тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўлиқ ва асосли эканлигини (шу жумладан, ёш фуқаронинг ҳақиқатда “Ёшлар дафтари”га киритилганини) текширади; б) тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўлиқ ва асосли эканлиги тасдиқланганда ариза берувчиларнинг электрон реестрини шакллантиради, ушбу электрон реестрга мувофиқ маблағларни: –жисмоний шахслар учун – Ўзбекистон Республикаси аксиядорлик тижорат Халқ банкининг ҳисобварағига; –юридик шахслар (ўқув марказлар) учун – уларнинг компенсация пулини олишга бўлган ҳуқуқини текширган ҳолда тегишли ҳисобварақларига ўтказиб беради ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчиларга СМС хабар (тасдиқнома) юборади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўлиқ ва асосли эканлиги тасдиқланмаган тақдирда бу ҳақида идоралараро электрон тизимга маълумот киритилади ва ариза берувчига бир иш куни мобайнида хабар юборади. Хизматдан фойдаланиш учун керак бўладиган хужжатлар: а) ўқув машғулотини ташкил этиш тўғрисида жисмоний шахс ҳамда ўқув маркази ўртасида тузилган шартнома нусхаси (пдф форматда); б) имтиҳон топшириш харажати аризачи (жисмоний шахс) тўлаган бўлса, тўлов топшириқномаси (пдф форматда); в) имтиҳон топшириш харажатини ўқув маркази тўлаган бўлса, тўлов топшириқномаси (тегишли тижорат банки томонидан тасдиқланган). (пдф форматда); г) белгиланган шаклда реестр (ўқув маркази томонидан); д) миллий сертификат (пдф форматда).

102

Бандликни таъминлашдаги қандай молиявий дастаклар бор?

    Ҳоким ёрдамчиси иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали ишсизлар бандлигига кўмаклашишда қўйидаги молиявий дастаклардан фойдаланади. Жамоат ишларини ташкил этган иш берувчиларга (мулкчилик шаклидан қатъий назар) ҳар бир ходимининг иш ҳақи тўлови Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан (бюджет 100 фоиз, нодавлат ташкилотлар 50 фоиз) молиялаштириб берилади. Меҳнат органлари йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимни касбга ўргатиш ва малакасини ошириш харажатлари учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда, банд қилинган (квота) иш ўрнидан ортиқ миқдорда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга қабул қилган ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари миқдорида субсидия ажратилади. Банд бўлмаган, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни грант ажратиш орқали молиялаштиради. Бунда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари, ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш, малакасини оширишга танлов асосида грант маблағи ажратилади. Ҳунармандларга ишсизларни, айниқса ёшларни “Уста-шогирд” тизими бўйича миллий ва бадиий ҳунармандчилик касбига ўқитиш харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кўп бўлмаган миқдорда қоплаб берилади. Тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоларига қўлда гилам ва ипак мато тўқиш ускуналари харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача субсидия ажратилади. Шунингдек, “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун ҳам шу миқдорда ҳамда Ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачилар меҳнат органида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун 6 ой давомида ўртача иш ҳақининг 50 фоиз,  бироқ ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробаридан ошмаган тарзда субсидия бериш кўзда тутилган. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги маълумотлари асосида тайёрланди.

232

Энг намунали ёшлар етакчиси аниқланади

    “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, танловни ташкил этиш тартиби белгиланди. Шунингдек, “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низомга кўра, танлов 10 та йўналишда маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозимида камида битта маҳаллада 6 ой давомида фаолият юритаётган, амалий иш тажрибасига эга маҳалладаги ёшлар етакчилари ўртасида ўтказилади. Танловнинг, жумладан, “Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёшлар билан тизимли ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси” йўналишида ички ишлар органлари томонидан ёшлар жиноятчилигини ўтган даврдагига нисбатан жорий йилда камайган деб топилган маҳалла етакчилари қатнашади. Шунга кўра, ҳар йили 5 сентябргача Ёшлар ишлари агентлиги расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади. Рўйхатдан ўтиш ҳар йили 5–30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Танловнинг туман(шаҳар) босқичи – октябрь ойида, ҳудудий саралаш босқичи – ноябрь ойида, республика финал босқичи – декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилади. Республика босқичи ғолиблари қуйидаги имтиёзларга эга бўлади: юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш; ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш. Шунингдек, ғолиблар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади.  

254