Маҳалла ходимлари туну кун аҳоли хизматида. Айрим вақтлар дам олиш кунлари ҳам аҳоли мурожаатлари билан шуғулланиш, тўй-ҳашам, маросимларни тартибга солиб туришга тўғри келади. Хўш, қонунчилик бўйича маҳаллада меҳнат муносабатлари қандай тартибга солинади? Раиснинг иш вақти расман белгиланганми?
Бу саволларга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 ноябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисида”ги Низомдан жавоб топиш мумкин.
Низомга асосан, маҳалла раиси ва ходимларининг иш тартиби қирқ соатлик ва олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда, Фуқаролар йиғини кенгаши тасдиқлайдиган ички тартиб қоидаларга кўра белгиланади. Маҳаллада қонунчиликда белгиланган ваколатларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғини фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, иш вақтининг жамланган ҳисоби юритилади ва иш куни соат 07-00 дан 22-00 гача тақсимланади.
Маҳалла ходимларининг мослаштирилган иш вақти жадвалини ходимларнинг лавозим мажбуриятларини бажаришини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда — фуқаролар йиғини раиси, маҳалла раисининг иш вақти жадвалини — Фуқаролар йиғини кенгаши белгилайди. Иш жадвали уларнинг бевосита фуқаролар йиғини биносида бўлиш вақти кўрсатилган ҳолда умумий кўринадиган жойда осиб қўйилади.
Маҳалла раиси ва ходимларига ҳар йили 24 кунлик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади. Фуқаролар йиғини раиси ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тегишли ҳудуддаги аҳоли сонига мутаносиб равишда амалга оширилади. Мисол учун, маҳалла раислари хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари, хонадонлар сони 501 тадан 1000 тагача бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 4,5 баравари, хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 5 баравари миқдорида иш ҳақи олади.