СОЛИҚЧИ — КЎМАКЧИ
Маҳаллага чиққанимда қўлимдаги рўйхатдан кўра, одамларнинг турмушига кўпроқ эътибор бераман. Чунки баъзан солиқ ҳисоботида муаммо кўринмайди, аммо хонадон эшиги ортида бутун бир оиланинг бой берган имконияти яширинган бўлади.
Шундай хонадонлардан бирига маҳалла фаоллари бошлаб кирган эди. У ерда икки фарзанди билан яшайдиган аёл тикувчилик қилиб кун кўрар, лекин иши кутилгандек ривожланмаётганини айтишди. Ҳовли четидаги кичик устахонада бир нечта тайёр либос илиниб турарди. Қарашдан буюртма камдек туюларди. Суҳбат давомида эса ҳақиқий муаммо аста-секин очилди.
Аёлнинг айтишича, буюртма етарли. Муаммо мижозда эмас, тўловда эди. Унинг асосий мижозлари ижтимоий тармоқлар орқали буюртма берарди. Лекин уларнинг аксарияти тўловни карта орқали амалга оширишни хоҳлар, аёл эса расмий фаолият юритмагани учун тадбиркорлик ҳисобрақами ва тўлов қабул қилиш имкониятига эга эмас эди. Нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш эса ҳам харидор, ҳам сотувчи учун ноқулайлик туғдирар, оқибатда буюртмаларнинг бир қисми бекор бўларди.
Шунинг ўзи қанча зарар келтираётганини бирга ҳисоблаб кўрдик. Ҳафтасига ўртача 10-15 та буюртма айнан шу сабаб бекор бўлар экан. Бир қарашда ҳар куни йўқотилаётган 80-100 минг сўм унчалик катта маблағдек туюлмайди. Лекин бир ойлик ҳисоб қилинганда, бекор бўлган буюртмалар сабаб 4-5 миллион сўм, бир йилда эса қарийб 60 миллион сўм даромад йўқотилаётгани маълум бўлди. Энг ачинарлиси, бу зарар меҳнат камлигидан эмас, фаолиятни расмийлаштирмагани учун юзага келаётган эди.
Эътиборлиси, бу пул солиқ туфайли эмас, билим етишмагани учун йўқотилаётган эди. Кўпчилик солиқчи маҳаллага жарима ёзиш ёки қарздорни излаш учун чиқади, деб ўйлайди. Аслида, биз кўп ҳолатда инсон нега даромадини ошира олмаётганини тушунишга ҳаракат қиламиз. Чунки норасмий ишлаётган одамнинг ўзи ҳам кўп имкониятлардан маҳрум бўлади. Банк хизматлари, кредит, давлат дастурлари, электрон тўловлар — буларнинг барчаси ундан узоқлашиб кетади.
Бу аёл билан ҳам шундай бўлди. Уни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашдик. Электрон тўлов қабул қилишни, фаолиятини қонуний юритишни тушунтирдик. Ижтимоий тармоқларда саҳифа очиб, буюртмаларни онлайн қабул қилишни ҳам йўлга қўйди.
Орадан уч ой ўтгач яна кўришдик. Бу сафар устахонадаги манзара бутунлай бошқача эди. Янги тикув машинаси олинган, қизлари ҳам ёрдамлашар, буюртмалар навбат билан бажариларди. Илгаригидай мижоз йўқотиш йўқ. Ойлик даромади деярли икки баробарга ошган.
Шунда ўйлаб қолдим: баъзан маҳалладаги энг катта муаммо пул эмас. Муаммо — одам ўз имкониятини тўлиқ кўра олмаслиги. У меҳнат қилади, лекин меҳнати қанча даромад келтириши мумкинлигини ҳисоблаб кўрмайди. Норасмий ишлашни тежамкорлик деб ўйлайди, аслида эса энг катта зарарни ўзи кўраётганини сезмайди.
Бобур РАЗЗОҚОВ,
Пахтачи туманидаги “Кўрпа”, “Сардоба”,
”Қувондиқ”, “Ёбу” маҳаллалари солиқ инспектори.