Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кундалик
-+=

Намунали маҳалла — фидойи инсонлар меҳнати, ишончи ва бирдамлиги билан барпо бўлади

 

Намунали маҳалла… У бир кунда пайдо бўлмайди. У қоғоздаги ҳисобот ёки чиройли шиор билан ҳам шаклланмайди. Бунинг ортида тинимсиз меҳнат, одамларнинг ишончини қозониш, уларни бир мақсад атрофида бирлаштириш ва энг муҳими — амалий натижа туради. Биз ҳам маҳалламизда айнан шу йўлни танладик.

Одамларни уйғотиш — энг қийин, аммо энг муҳим вазифа

Аввало, бир ҳақиқатни тан олиш керак: ҳар қандай ислоҳот инсон онги ўзгармас экан, натижа бермайди. Одамларда “мендан нима фойда?”, “бу ҳам вақтинчалик”, деган кайфият бўлса, ҳеч қандай дастур ишламайди.

Шунинг учун ишни одамларнинг ишончини тиклашдан бошладик. “Хонадонбай” юриб, ҳар бир оиланинг муаммосини ўргандик. Фақат йиғилиш ўтказиб, чақириқ билан чекланмадик. Амалий мисол кўрсатдик. Ишли бўлган инсоннинг ҳаёти қандай ўзгараётганини, томорқадан даромад қилаётган оиланинг турмуши қандай яхшиланганини бошқаларга намуна сифатида келтирдик. Чунки одамларни қуруқ гап эмас, натижа ишонтиради.

Маҳаллада фаоллар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни бир жамоага айлантиришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир инсон “мен ҳам ўз маҳаллам учун масъулман”, деган тушунчага келиши керак эди. Ана шу ҳис пайдо бўлганидан кейин ўзгариш бошланди.

Бандлик — барча муаммолар ечимининг калити

Тажриба шуни кўрсатдики, ишсизлик бор жойда ижтимоий муаммолар ҳам кўпайди. Даромади йўқ оилада тушкунлик, жанжал, қарздорлик ва ҳатто ажралиш хавфи ортади. Бекор юрган ёш эса турли салбий йўлларга кириб қолиши мумкин.

Шу боис маҳаллада, биринчи навбатда, бандлик масаласига қаттиқ эътибор қаратдик. Ҳар бир хонадоннинг имкониятини ўргандик. Кимнинг томорқаси бор, ким ҳунар билади, ким тадбиркорлик қилишни истайди — барчаси таҳлил қилинди. Айримларга асбоб-ускуна, айримларга кредит, яна кимгадир иш ўрни керак эди. Муаммога умумий эмас, манзилли ёндашдик. Натижада доимий даромадга эга бўлган оилалар сони ортди. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 8 нафар ишсиз шахснинг барчаси даромадли меҳнатга жалб қилинди. Энг муҳими, одамларда “мен ҳам қила оламан” деган ишонч пайдо бўлди.

Камбағаллик ҳақида сўз кетганда, уни фақат моддий етишмовчилик, деб тушуниш хато. У — имкониятсизлик, ишончсизлик ва боқимандалик кайфияти ҳамдир.

Шунинг учун камбағал оилалар билан ишлашда фақат ёрдам бериш эмас, уларни оёққа турғизишга ҳаракат қилдик. Муаммони вақтинча енгиллатиш эмас, унинг сабабини бартараф этишга уриндик. Айниқса, хотин-қизларни касбга ўқитиш, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали кўплаб оилаларда барқарор даромад шаклланди. Шу орқали маҳаллада бирорта камбағал оила қолмади!

Жиноятчиликка — профилактика,

ажралишга — оилани асраш билан курашдик!

Жиноят содир бўлгандан кейин эмас, унинг олдини олиш муҳим. Бу борада маҳалладаги муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар маҳаллада бефарқлик кучайса, ёшлар назоратсиз қолса, оилалар муаммоси билан ҳеч ким қизиқмаса, салбий ҳолатлар кўпайиши табиий.

Шу боис профилактик ишларга алоҳида эътибор қаратдик. Айниқса, ёшлар билан ишлашни кучайтирдик. Уларни спорт, касб-ҳунар, тадбиркорлик ва жамоат ишларига жалб этдик. Нуронийлар, профилактика инспекторлари, фаоллар билан ҳамкорликда муаммоли оилалар ва хавф гуруҳидаги ёшлар билан доимий иш олиб борилди.

Оила мустаҳкам бўлса, маҳалла ҳам мустаҳкам бўлади. Ажралишнинг ортида кўп ҳолларда ишсизлик, моддий қийинчилик, сабрсизлик ва ўзаро тушунмовчилик туради.

Шу нуқтаи назардан оилалар билан ишлашда фақат муаммо чиққанидан кейин эмас, олдиндан профилактика қилишга эътибор қаратдик. Ёш келин-куёвлар, қайнона-келин муносабатлари, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар бўйича нуронийлар, отинойилар ва тажрибали фаоллар иштирокида суҳбатлар ташкил этилди. Энг муҳими, оилада иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилдик.

Айни саъй-ҳаракатлар натижасида бугун маҳалламиз жиноятчилик ва оилавий ажралишлардан холи ҳудуд саналади.

Натижага эришишда асосий омиллар нима бўлди?

Эришилган натижаларнинг ортида бир нечта муҳим омил бор.

Биринчи — одамлар билан яқин ишлаш. Муаммони идорада ўтириб эмас, хонадонга кириб ўргандик.

Иккинчи — жамоавий иш. Маҳалла раиси ёки бир-икки фаолнинг ўзи ҳеч қачон катта натижа қилолмайди. Фаоллар, нуронийлар, ёшлар етакчилари, профилактика инспекторлари, тадбиркорлар — барча бир мақсад атрофида бирлашди.

Учинчи — амалий ёндашув. Қуруқ чақириқ эмас, аниқ натижага ишладик.

Тўртинчи — адолат ва ишонч. Одамлар ёрдам ҳақиқатан муҳтожларга етаётганини кўрганда, маҳаллага бўлган ишонч ҳам ортади.

Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, маҳаллада, энг аввало, муаммони яширишдан воз кечиш керак. Ҳақиқий ҳолатни тан олмасдан ўзгариш бўлмайди. Одамлар билан ишлашни фақат йиғилиш ва расмий топшириқ даражасида қолдирмаслик лозим. “Хонадонбай” ишлаш тизими кучайтирилиши шарт. Бандликни биринчи ўринга қўйиш керак. Ишсизлик бартараф этилмас экан, камбағаллик ҳам, жиноятчилик ҳам, ажралишлар ҳам камаймайди. Ҳар бир маҳалла ўз имкониятидан келиб чиқиб ишлаши лозим. Тайёр қолип билан эмас, ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаш натижа беради.

Намунали маҳалла, бу — чиройли кўча ёки баландпарвоз ҳисобот эмас. У — одамларининг кайфияти, оилаларнинг барқарорлиги, ёшларнинг орзуси ва инсонларнинг эртанги кунга ишончи билан баҳоланади. Қайси маҳаллада аҳоли “бу ер менинг уйим, унинг тақдирига мен ҳам масъулман”, деган тушунча билан яшаса, ўша жойда, албатта, тараққиёт бўлади.

Шуҳрат БОЛТАБОЕВ,

Юнусобод туманидаги

“Регистон” маҳалласи раиси

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“4 йилдан буён электр тармоқлари корхонасига мурожаат қиламиз, лекин…”

АҲОЛИ КЎЧАЛАРНИНГ АБГОР ҲОЛАТИДАН, ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ КУЧЛАНИШИ ПАСТЛИГИДАН ХОНАДОНЛАРИДАГИ МАИШИЙ ТЕХНИКАЛАРИ КУЙИБ ҚОЛАЁТГАНИДАН ШИКОЯТ ҚИЛМОҚДА.