Баҳорга, Наврўзга хос азалий анъана бор, бу — ҳашар уюштиришдир. Бу шунчаки жамоат иши эмас, балки халқимизга хос бўлган бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатнинг амалий ифодасидир.
Азалдан халқимизда кимдир уй қурса ёки таъмирлаш ишларини бошласа, қариндош ва қўшнилар қараб туришмаган. Эркаклар усталарга ёрдамга чиққан, аёллар таомлар билан уларни сийлашган. Бугунги кунда ҳам ушбу анъана янгича мазмун билан бойиб, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ва ободлик кафолатига айланди.
Қадриятлар маҳаллаларда бардавом. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Наврўз байрами арафасида — 13-14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилади.
Ҳашар кунлари ҳар бир маҳаллада амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилади. Ҳар бир кўча ва тураржойларда ишлар ҳажми “кўчабай” ва “хонадонбай” шакллантирилиб, уларга “маҳалла еттилиги” ҳамда фаоллар бириктирилади.
Жараёнда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, тураржойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўчалар, йўлаклар, болалар майдончалари тартибга келтирилади. Дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилади. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкали ўрнатилган хиёбонлар атрофида, улуғ аждодимиз номи берилган юртимиздаги кўчаларда ободонлаштириш ишлари ташкил этилади.
“Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитлари яхшиланади.
Ҳашар кунлари жамоатчилик вакиллари иштирокида маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари, маҳалла бинолари, болалар спорт майдончалари ва бошқа ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилади. Ҳар бир маҳаллада ободлик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилишга қаратилган давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилади.
Ҳашарга аҳоли, айниқса, ёшлар ихтиёрийлик асосида жалб қилинади. Зотан, ҳашар, бу — фақат меҳнат эмас, балки катта тарбия мактаби ҳамдир. Кексаларнинг дуосини олиш, ён-атрофдагиларга беминнат ёрдам бериш ёш авлод қалбида меҳнатсеварлик ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиради.
Ҳашар баъзи бировлар хаёл қилганидек, одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш эмас, ота-боболаримиздан ўтиб келаётган эзгу анъаналарни давом эттириш, озодалик, тозалик ва поклик бобида аждодлар тутган ва эътироф этган тўғри йўлдан бориш демакдир.
Аслида, бундай кенг миқёсли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари элнинг жипслигини синовдан ўтказади. Шу сабабли бўлса керак, неча асрларки, бу анъана барҳаёт. Ҳашар дейилса, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар белини маҳкам боғлаб эзгу ишга отланади.
Умуман, халқимизга хос бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, маҳалла-кўй, теварак-атрофни тоза ва озода сақлаш фазилатлари ҳашар кунлари бор бўй-бастини намоён этади.