ЖАРАЁН Бугун аксарият масалалар маҳалланинг ўзида ечим топяпти. Зотан, ўтган йили аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳаллаларга келган 2,7 миллиондан ортиқ мурожаатнинг 83 фоизи йиғиннинг ўзида ҳал этилган. Бу орқали узоқ йиллик идорама-идора сарсон бўлиб, ташкилотлар эшигида сарғайган юртдошларимизнинг дарди ариди. Маҳалла даражасида аҳоли муаммолари билан ишлашда ўзига хос тизим — “Рақамли маҳалла” платформаси ишга туширилди. У орқали ҳар қандай масалани тезкорликда аниқлаш, ечими бўйича тегишли ташкилотларни сафарбар этиш, назоратини олиб бориш имконияти яратилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида платформада иккита муҳим тизим фаолияти йўлга қўйилди. “Ягона саволнома” модули ишга туширилди. Бу орқали маҳалла ходимлари уйма-уй юриб, фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини мазкур модулга киритган ҳолда, ҳал этиш бўйича тегишли давлат органларига йўналтиради. 2025 йилнинг ўтган даврида қарийб 939 минг нафар фуқаро билан мулоқот ўтказилди, аниқланган 47 мингга яқин муаммодан 20 мингдан зиёди “еттилик” томонидан ҳал этилди, 27 мингга яқини давлат органларига юборилди. 1 июндан аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш ва ҳал этиш тизими тўлиқ рақамлаштирилади. “Еттилик” томонидан аҳоли хонадонидан туриб вазирлик ва идораларга мурожаат юбориш, ижросини назорат қилиш бўйича “Рақамли маҳалла” мобиль иловаси ишга туширилади. “Ижтимоий реестр” модули яратилди. У орқали камбағал оилаларга кўмак кўрсатиш бўйича “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 570,5 мингта оиланинг 310,5 минг нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари билан маҳалла раислари ўртасида ижтимоий шартнома имзоланди. Жорий йил 10 июнга қадар “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 260 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари билан шундай шартномалар тузилади. Бу жараёнда хизмат кўрсатувчи ҳам, ёрдам олувчи ҳам ўзига мажбурият олади. Дилрабо МУҲАММАДИЕВА.
ҚУЛАЙЛИК Президент имзолаган иккита муҳим ҳужжат билан пенсия тайинлаш тартибига ўзгартириш киритилди. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатисиз (“проактив шаклда”) пенсия тайинланади. Агар фуқаро унинг мурожаатисиз тайинланган пенсия миқдоридан норози бўлса ёки меҳнат фаолиятини давом эттириш ва кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирса, у тайинланган ёшга доир пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга. Пенсияни “проактив шаклда” тайинлаш тўғрисидаги масала фуқаро пенсия ёшига тўлган куннинг ўзида кўриб чиқилади. Агар фуқаро буни рад этса, хабарномани олган кундан эътиборан 10 кун ичида Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан ёхуд Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали сўровнома тўлдирган ҳолда мурожаат қилиши керак. “Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Хусусан, фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда, пенсиялар алоҳида мурожаат талаб этмасдан “проактив шакл”да тайинланади. Фуқарога “проактив шаклда” тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади. Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсациялар электрон маълумотлар алмашинуви асосида “проактив шаклда” тайинланади. Ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда, фуқаронинг пенсия миқдори ҳар икки йилда “проактив шаклда” қайта ҳисобланади. Дилрабо МУҲАММАДИЕВА.
Президентнинг 2025 йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги Фармойишига асосан, мамлакатимизда 11 мартдан бошлаб “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди. Мазкур Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудлар раҳбарларга бўлиб берилди. Хусусан, Рақобат қўмитаси раиси Ҳалиллило Турахужаев бошчилигида ишчи гуруҳи Хоразм вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларига ташриф буюрди Ишчи гуруҳи масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда олиб борилаётган ишларни ўрганиш учун мақсадида дастлаб Ҳазорасп, Янгиариқ, Тупроққалъа ва Хонқа туманларининг 20 га яқин маҳаллаларида ўрганишлар олиб борди. Унда ижтимоий масалалар, хусусан, томорқа ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш, бу борада ерларни тайёрлаш, кўчат экиш ва иссиқхоналар қуриш, қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан яқиндан танишилди. Томорқа хўжалиги ва суғориш тизимида юзага келаётган муаммолар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мисол тариқасида Тупроққалъа туманининг "Ёшлик" ва "Пастом" маҳаллаларида аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун ариқларни бетонлаштириш, Ҳазорасп туманидаги “Боғдор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг далаларини суғориш учун оқова сув қувури ўтказиш бўйича бошланган ишлар, уларни жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Қўмита раиси Ҳалиллило Турахужаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда Янгиариқ туманидаги “Собурзон”, “Янгиобод”, “Янгиер”, “Уйғур” ва “Жалоил” маҳаллаларида ўтказилган ташриф давомида аҳоли турмуш тарзи билан танишилди, йигирмага яқин хонадон томорқалари, экинлар учун иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни суғориш тармоқлари билан таъминлаш билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди. Ташриф давомида аҳоли билан суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг муаммолари ҳамда таклифлари тингланди. Мисол учун, “Собурзон”, “Янгиобод” ва “Хўжалар” маҳаллаларида фуқаролар хонадони томорқалари ва дала майдонлари экинларини суғориш учун ариқларни бетонлаштириш ҳамда оқова сув қувурларини ётқизиш бўйича бошланган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Учрашувлар давомида бундай ишларни самарали ташкил этиш мақсадида ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркор, уста деҳқон ва агрономлар бириктирилди. Шунингдек, маҳаллаларнинг гузарлари ва кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Хонқа туманидаги “Истиқлол”, “Ватанпарвар”, “Тома”, “Баркамоллик”, “Гулшан” ва “Мустақиллик” маҳаллаларида аҳоли яшаш шароити, хонадон томорқалари, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни суғориш тармоқлари, зарур техника жиҳозлари билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Бу каби тадбирлар, одатда, томорқа фаолиятини тартибга солиш, оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулдорликни ошириб, аҳоли даромадини ошишида муҳим аҳамият касб этади. Сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги каналларни бетонлаштириш, насос ўрнатилиши каби долзарб масалалар кечиктирилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва беморлари бор оилаларга зарур бўлган тиббий жиҳозларни етказиб берилмаганлиги каби ҳолатларга танқидий баҳо берилиб, масъул раҳбарларга Қўмитанинг аниқ кўрсатма ва топшириқлари берилди. Бундан ташқари, ҳудудда аҳолини электр энергияси, газ таъминоти, ичимлик суви ва чиқинди ташиш каби коммунал соҳадаги, ички йўлларни таъмирлаш каби ўнлаб мурожаатлари жойида қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Ишчи гуруҳи ташриф буюрилган барча маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича мевали ва манзарали дарахтлар, бута ва гул кўчатлари экиш бўйича ташкиллаштирилган ишлар ҳамда тумандаги ўнга яқин қабристон ва зиёратгоҳларда олиб борилаётган реконструкция ишлари билан ҳам танишди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизни барча гўшаларида каби Хоразм вилоятининг барча туманлари маҳаллаларида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Наврўз” умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ишлари самарали олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг нутқларини тинглаган кишининг қалби ларзага келди. Қуръон ва ҳадисга асосланган қисқа, бироқ кенг қамровли биргина шу нутқ кишиларни жамият ҳаётига теранроқ назар солишга ундади, десак хато бўлмайди. Ҳар бир мўмин киши бу дунё ҳаётида кўпроқ савоб қозонишни истайди. Бунга силаи раҳм — ота-онага ва яқинларга меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилса, одиллик билан иш юритиш, закотни, хайру эҳсонларни ўз эгаларига етказиш билан ҳам савобга эришиш мумкинлиги шариат ҳукмларида аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Шукрки, жамиятимизда хайрли-савобли ишларга одамларнинг эътибори кучайган. Давлат даражасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Аслида, бунгача ҳам давлат эҳтиёжманд оилаларга, ногиронлиги бор ва муҳтож шахсларга кўмак бериб келаётган эди. Бироқ у турли усуллар, турли ташкилотлар кўмагида амалга ошириларди. Ана шу тарқоқ ҳолдаги инсонпарварлик ишлари ягона тизимга бирлаштирилди. Бу орқали мамлакатимиз бўйлаб барча эҳтиёжмандларнинг рўйхати шакллантирилди ва уларга йил давомида керакли кўмак берилиши таъминланди. Аслида, Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш энг савобли амаллардан ҳисобланади. Муборак динимиз хайр-саховатга буюрар экан, уни ўз ўрнига сарфлашга амр этади. Муҳтож инсонлар ҳаққига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ саналади. Яхшилик қилишни энг яқин муҳтожлардан бошлаш зарур. Яқин қариндошлар орасида эҳтиёжмандлари бўла туриб, фақат ўзига тўқларга хўжакўрсин учун қилинаётган ишлар силаи раҳм эмас, исрофгарчиликнинг худди ўзи. Аллоҳ таоло мол-давлат берилган бандаларига закотни лозим қилиб, уни муайян тоифадаги ҳақли кишиларга беришни тайин қилди. Демак, улар мол-мулкларида фақир-муҳтожларнинг ҳаққи борлигини унутмасин ва қўрқмасинки, закот беришлик молни камайтирмайди. Эҳсон қилувчилар ҳақларига савоб-барокат келтириши, икки дунё саодатига эришиши ўзларининг инсоф-диёнатига боғлиқ. Хайр-эҳсоннинг ўз эгаларига тўғри етиб боришини таъминлаш эса омонатдир. Бунинг учун сизу бизда катта имкониятлар мавжуд. Муфтий ҳазрати эътироф этганидек, “Инсоф агентлиги”, яъни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали бу муборак хайрли ишларни амалга ошириш йўлида ҳамжиҳат бўлсак, ота-оналаримиз, яқинларимиз қаторида ижтимоий ҳаётдаги эҳтиёжмандларнинг кўнглини шодлантириб, дуоларини олсак, юртимиз янада равнақ топиб бораверади. Ижтимоий ҳимоя бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Муфтий ҳазратлари раҳбарлигида динимиз пешволари халқимизга мурожаат қилди. Унда, хусусан, ҳар бир марказий масжид бештадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиши таъкидланади. Ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиби ҳудудидаги камида битта мактабни ҳомийлар иштирокида таъмирлашга ёрдам кўрсатади. “Вақф” хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар фарзандларининг 200 нафарини касбга ўргатади ва иш билан банд қилади, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан биргаликда жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб беради. “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатилади. Энг муҳими, имом-хатиблар тўй-маърака, маросимлардаги исрофгарчилик, Умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга оширади. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ экани одамларга уқтирилади. Зотан, топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берсак, ана шунда улкан савобга эга бўламиз. Азимжон КАРИМОВ, Тошкент туманидаги “Эшонхўжа ота” жоме масжиди имом-хатиби.
Қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш, бу борада Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида Оролбўйида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари, секторлар раҳбарлари энг олис, чекка ҳудудларда бўлиб, одамлар билан мулоқот олиб боряпти. Нукус шаҳридан юз километр олисдаги Қўнғирот туманининг “Қўнғирот”, “Қоратол” овулларида аҳоли, “маҳалла еттилиги” билан мулоқотлар асносида кичик тадбиркорлик субъектлари вакилларини ўйлантираётган масалалар ўрганилиб, жойида ечим топиб берилди. Оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Нукусдан уч юз километр узоқда жойлашган Элликқалъа тумани “Чуқурқоқ” овули аҳолиси билан мулоқотларда аввалги сайёр қабуллардаги мурожаатлар бўйича белгиланган вазифалар ижроси ҳам ўрганилди. Шу куни аҳоли учун арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди, уларга кишки кийим-бошлар, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Нукус шаҳридан етмиш километр олисдаги Қораўзак тумани “Қутли макон” маҳалласида ташкил қилинган навбатдаги сайёр қабулда асосан табиий газ, электр энергияси, соғлиқни сақлаш, солиқ имтиёзлари бўйича қатор мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди. Шунингдек, чекка-олис овулларда уйма-уй юрилиб, оғир шароитдаги оилалар, беморлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Президент Халқ қабулхоналари ва секторлар ҳамкорлигидаги бу каби амалий ишлар, аҳоли билан мулоқотлар, сайёр қабуллар Оролбўйининг қолган ҳудудларида ҳам ташкил қилиняпти.
Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди. *** Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди,бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт. ИБН СИНО Барча профессионал спортчи бўла олмас, мусобақаларда ғолиб чиқмас. Лекин, инсон мунтазам равишда имконияти доирасида спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқиши ўзи учун фойда. Ҳар куни бажариш мумкин бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулоти, туш пайтидаги фаол ҳаракат, 40-60 дақиқа очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқа сайр қилиш саломатликни таъминлайди. Абу Али ибн Синонинг: “Бадантарбия — соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир”, деган ўгити ҳар бир инсоннинг ҳаётий шиорига айланса, киши ҳеч қачон касалликка чалинмайди. Гиппократ гимнастика, жисмоний машқлар, пиёда юриш меҳнат қобилиятини ва саломатлигини сақлаб қолмоқчи бўлган, чинакам ва шодмон ҳаёт кечиришни хоҳлаган ҳар бир одамнинг кундалик турмушидан мустаҳкам ўрин олмоғи лозимлигини таъкидлайди. Зеро, ёмғир дарахт ғуборини ювганидай, жисмоний машқ бадан ғуборини тозалайди. Эрталабки бадантарбия нега муҳим ва уни қандай бажариш керак? Aризона штати университети мутаҳассисларининг фикрича, эрталабки машғулот аёлларга ортиқча ёғда халос бўлиш ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, кечки машғулот мушакларнинг иш фаолиятини оширишга яхши таъсир қилади. Эркакларда қон босими меъёрлашади. Жисмоний тайёргарликни яхшилаш учун куннинг исталган пайтида спорт ва бадантарбия билан шуғулланиш мумкин. Эрталабки бадантарбия машғулоти барча ёшдагилар учун тақиқланмаган. Лекин унутмаслик керакки, машғулот узлуксиз, доимий равишда бажарилсагина ижобий натижа беради. Узоқ муддатли танаффус олдинги машғулот таъсирининг пасайишига олиб келади. Ҳар қандай бадантарбия оддий ва осон машқлардан бошқаланиши керак. Бу вақтда кескин ҳаракатлар қилиш мумкин эмас. Энг аввало, қулай ҳолатни эгалланг, иккита қўлингизни елка баландлигида кўтаринг. Кейин эса қўлларингизни елкаларингиз устига қўйиб, ўзингизни қучоқлаётгандек ҳаракат қилинг ва аввалги ҳолатга қайтинг. Ушбу машқни 30 сония давомида бажариш тавсия этилади. Югуриш – энг яхши ва фойдали кардио машқлардан бири ҳисобланади. Жойингизда турган ҳолатда 40 сония давомида югуриш танага тетиклик бағишлайди. Битта жойда турган ҳолатда имкониятингиздан келиб чиқиб, 50-100 марта сакраш машқини бажаринг. Бунда ўта баланд сакрашингиз шарт эмас, машқни хотиржамлик билан бажарса бўлади. Сакраш машқлари тетиклашишга ёрдам бериш билан бирга шишларнинг олдини олади, целлюлитга қарши курашади. Ўтириб туриш – тана учун энг фойдали машқлардан биридир. Тонгда 20-30 марта ўтириб туриш чарчоққа сабаб бўлмайди, аксинча сизни янада ҳаракатчан ва чидамлироқ бўлишга ўргатади. Шўх мусиқага рақс тушиш тетиклаштиради, кайфиятга ижобий таъсир қилади! Бундан ташқари, жисмоний машқлар тана мушакларини бақувват, бўғимларни ҳаракатчан, қоматнинг тўғри шаклланишига ёрдам беради. Барчаси эрталабки бадантарбиядан бошланади. Жараёнда бажариладиган машқлар организмнинг бирор аъзоси ёки тизимига эмас, балки бутун танага бирдек ижобий таъсир этади. Ички органларда модда алмашинуви яхшиланади, тўқималарнинг кислородга эҳтиёжи 8-10 баробар ортади. Бундай ҳаракат асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Жисмоний ва ақлий фаолият яхшиланади. Машғулот тизимли бажарилганда тана тўқималари озиқ моддаларини яхши ўзлаштиради. Нафас ҳаракатлари кечки уйқу маҳали кундузгига нисбатан анча секинлашиши маълум. Эрталабки бадантарбия чоғида бажариладиган нафас машқлари ўпкани етарлича тоза ҳаво билан тўйинтиради. Қолаверса, жисмоний фаоллик организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, юрак ва нафас олиш тизимини мустаҳкамлаб, ичак ва буйрак фаолиятини яхшилайди. Суяк ва бўғимларнинг тўғри шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига ёрдам беради. Тана вазнини меъёрда ушлаб, фикрлаш ва билим олиш қобилиятини кучайтиради. Машқлар “оддийдан — мураккабга” тамойили асосида, поғонама-поғона бажарилади. Бунда организмдаги…
Sign in to your account