Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди.
***
Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди,бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт.
ИБН СИНО
Барча профессионал спортчи бўла олмас, мусобақаларда ғолиб чиқмас. Лекин, инсон мунтазам равишда имконияти доирасида спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқиши ўзи учун фойда. Ҳар куни бажариш мумкин бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулоти, туш пайтидаги фаол ҳаракат, 40-60 дақиқа очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқа сайр қилиш саломатликни таъминлайди. Абу Али ибн Синонинг: “Бадантарбия — соғлиқни сақлашда улуғвор усулдир”, деган ўгити ҳар бир инсоннинг ҳаётий шиорига айланса, киши ҳеч қачон касалликка чалинмайди. Гиппократ гимнастика, жисмоний машқлар, пиёда юриш меҳнат қобилиятини ва саломатлигини сақлаб қолмоқчи бўлган, чинакам ва шодмон ҳаёт кечиришни хоҳлаган ҳар бир одамнинг кундалик турмушидан мустаҳкам ўрин олмоғи лозимлигини таъкидлайди. Зеро, ёмғир дарахт ғуборини ювганидай, жисмоний машқ бадан ғуборини тозалайди.
Эрталабки бадантарбия нега муҳим ва уни қандай бажариш керак?
Aризона штати университети мутаҳассисларининг фикрича, эрталабки машғулот аёлларга ортиқча ёғда халос бўлиш ва қон босимини пасайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, кечки машғулот мушакларнинг иш фаолиятини оширишга яхши таъсир қилади. Эркакларда қон босими меъёрлашади.
Жисмоний тайёргарликни яхшилаш учун куннинг исталган пайтида спорт ва бадантарбия билан шуғулланиш мумкин. Эрталабки бадантарбия машғулоти барча ёшдагилар учун тақиқланмаган. Лекин унутмаслик керакки, машғулот узлуксиз, доимий равишда бажарилсагина ижобий натижа беради. Узоқ муддатли танаффус олдинги машғулот таъсирининг пасайишига олиб келади.
Ҳар қандай бадантарбия оддий ва осон машқлардан бошқаланиши керак. Бу вақтда кескин ҳаракатлар қилиш мумкин эмас. Энг аввало, қулай ҳолатни эгалланг, иккита қўлингизни елка баландлигида кўтаринг. Кейин эса қўлларингизни елкаларингиз устига қўйиб, ўзингизни қучоқлаётгандек ҳаракат қилинг ва аввалги ҳолатга қайтинг. Ушбу машқни 30 сония давомида бажариш тавсия этилади.
Югуриш – энг яхши ва фойдали кардио машқлардан бири ҳисобланади. Жойингизда турган ҳолатда 40 сония давомида югуриш танага тетиклик бағишлайди.
Битта жойда турган ҳолатда имкониятингиздан келиб чиқиб, 50-100 марта сакраш машқини бажаринг. Бунда ўта баланд сакрашингиз шарт эмас, машқни хотиржамлик билан бажарса бўлади. Сакраш машқлари тетиклашишга ёрдам бериш билан бирга шишларнинг олдини олади, целлюлитга қарши курашади.
Ўтириб туриш – тана учун энг фойдали машқлардан биридир. Тонгда 20-30 марта ўтириб туриш чарчоққа сабаб бўлмайди, аксинча сизни янада ҳаракатчан ва чидамлироқ бўлишга ўргатади.
Шўх мусиқага рақс тушиш тетиклаштиради, кайфиятга ижобий таъсир қилади!
Бундан ташқари, жисмоний машқлар тана мушакларини бақувват, бўғимларни ҳаракатчан, қоматнинг тўғри шаклланишига ёрдам беради. Барчаси эрталабки бадантарбиядан бошланади. Жараёнда бажариладиган машқлар организмнинг бирор аъзоси ёки тизимига эмас, балки бутун танага бирдек ижобий таъсир этади. Ички органларда модда алмашинуви яхшиланади, тўқималарнинг кислородга эҳтиёжи 8-10 баробар ортади. Бундай ҳаракат асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Жисмоний ва ақлий фаолият яхшиланади. Машғулот тизимли бажарилганда тана тўқималари озиқ моддаларини яхши ўзлаштиради.
Нафас ҳаракатлари кечки уйқу маҳали кундузгига нисбатан анча секинлашиши маълум. Эрталабки бадантарбия чоғида бажариладиган нафас машқлари ўпкани етарлича тоза ҳаво билан тўйинтиради. Қолаверса, жисмоний фаоллик организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, юрак ва нафас олиш тизимини мустаҳкамлаб, ичак ва буйрак фаолиятини яхшилайди. Суяк ва бўғимларнинг тўғри шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига ёрдам беради. Тана вазнини меъёрда ушлаб, фикрлаш ва билим олиш қобилиятини кучайтиради.
Машқлар “оддийдан — мураккабга” тамойили асосида, поғонама-поғона бажарилади. Бунда организмдаги барча тизим ва мушакларнинг мутаносиб иштирок этишини таъминлаш лозим. Шунда бирор тана аъзоси ортиқча зўриқишига йўл қўйилмайди.
Кечки бадантарбиянинг фойдаси қандай?
Бадантарбия сўзини эшитганда кўпчиликнинг ҳаёлига тонгда бажаралидаган машқлар келади. Бироқ, асл моҳиятига эътибор қаратсак, кечки бадантарбия ҳам муҳим. Чунки кўпчиликда кечга бориб, ҳолдан тойиш, жиззакилик, бел оғриши каби нохуш ҳолатлар кузатилади, уйга келганда ишдаги ўй-фикрлар ҳаёлини тарк этмайди. Бундай вазиятда махсус тартибга солинган машқлар ёрдам беради. Фақат уларни ишдан келгач ва кечки овқатдан олдин бажариш лозим.
Кечки бадантарбия машқларини бажариб қандай муаммоларни ҳал этиш мумкин? Аввало асаб тизимини тинчлантириб, стрессни йўқотади, иш жараёнида йиғилиб қолган жисмоний зўриқишдан халос этади, умуртқа фаолияти яхшиланиб, белдаги оғриқ кетади, ички аъзоларнинг иши фаоллашади.
Жараёнда ҳар бир одам муаммосидан келиб чиқиб, машқ мажмуини танлаб олиши керак. Бироқ умумий тавсияга бирдек риоя этиши шарт. Яъни, ҳар қандай машқни, оч қоринга бажариш, машғулотни кечки овқатдан 15-20 дақиқа олдин тугатиш, 10-20 дақиқа давом этиши, ҳар куни эмас, ҳафтасига 2-4 маҳал шуғулланиш лозим.
Югуриш — инсонга комплекс ижобий таъсир қилади. Юрак-томир касалликларининг олдини олиш ҳамда юрак мушакларини шуғуллантиришнинг энг мақбул усули бўлиши мумкин. Кечки пайт югурганда иштаҳа меъёрлашиб, кайфият кўтарилади. Югуриш 30-40 дақиқа давом этиши зарур. Вақти-вақти билан унинг давомийлигини узайтириб бориш мумкин. Бироқ оддий одамларга соғлом бўлиш учун юқоридаги вақтнинг ўзи кифоя қилади. Ҳафтада 2-3 марта югуриш керак. Агар уч мартадан ортиқ югурсангиз, организм тикланишга улгурмай қолади. Атиги бир марта югурсангиз, соғломлаштирувчи машқнинг самараси камаяди.
Кечаси Ер юзидаги катта ёшли одамларнинг тахминан 80 фоизи бел оғриғидан шикоят қилади. Кечки бадантарбияда умуртқани оҳиста чўзиш ва шу орқали ҳар бир бўғини орасидаги масофани узайтириш керак. Буни махсус машқлар ёрдамида мустақил бажариши мумкин.
Махсус машқлар: тўрт оёқлаб туринг. Белни озгина буккан ҳолда нафас олинг. Кейин тепага шундай қарангки, думғазадан тортиб бўйингача бутун умуртқа бўйлаб мушакларнинг тортилишини ҳис этинг. Нафасни бир неча сония ушлаб туринг. Сўнг нафас чиқариб, қоринни ичга тортган ҳолда белингизни ёй шаклига келтиринг. Шунда мушаклар зўриққанини ҳис қиласиз. Иякни кўксингизга теккизган ҳолда бир неча сония нафас олмай туринг. Бу ҳаракатларни 7-8 марта бажаринг.
Белингиз билан ётиб, қўлларни бошингиз тагига қўйинг. Нафасни бутунлай чиқариб юборинг. Чап оёқни узатиб, ўнг оёқни тиззадан букаётганда нафас олинг. Сўнг сонингизни танангизга теккизиб, иккала қўлингиз билан маҳкам ушланг. Нафасни бир неча сония ушлагач ўзингизни бўш тутинг. Кейин нафас чиқариб, дастлабки ҳолатга қайтинг. Машқни ҳар бир оёқда 5-7 марта такрорланг.
Полга ётиб, қўлларни бошингиз узра узатинг. Одатдагидек нафас олинг. Сўнг чап қўл ва чап оёқни бир пайтда қарама-қарши томонга узатинг. Ўнг қўл ва ўнг оёқда ҳам худди шу машқни такрорланг. Ҳар иккала томонда 5-7 марта бажарсангиз, етади. Асабларингиз мустаҳкам бўлади.
Стулнинг ёнига туриб, чап қўлингиз билан суянчиқдан ушлаб олинг. Сўнг тиззани букиб, ўнг оёқни кўтаринг ва ўнг қўлингиз билан тиззани ушланг. Бошни тиззага эгиб, шу ҳолатда 3 сония туринг. Машқни ҳар бир оёқда 3 мартадан такрорланг.
Тик турган ҳолатда эътиборингизни девордаги бир нуқтага қаданг (бош тўғри бўлиши керак). Одатдагидек нафас олинг. Ўнг оёқ кафтини чап оёқнинг ички юза қисмидан баландроққа кўтаринг. Бармоқлари пастга қараган бўлсин. Оёқни бўш қўйинг. Мустаҳкам турганингизга ишонч ҳосил қилгач, нафас чиқариб, кейин секин нафас олиш баробарида қўлларни кўтариб, бошингиз узра кафтларни туташтиринг. Нафас ростлагач, қорин мушаклари зўриқаётганини ҳис қиласиз. Эркин нафас олинг. Мувозанатни сақлаш учун бир нуқтага тикилишда давом этинг. Бу машқни бажаришда қўлларни тепада ушлаб туришдан кўра нафасни ростлаш муҳимроқ. Ҳар бир оёқда 3 мартадан такрорланг.
Бир қарашда гўё кечки бадантарбияни бажарсангиз, бошқа ишларингизга вақт қолмаётгандек кўринади. Бироқ 15 дақиқалик машғулот кечки ҳаётингизга (эрталаб ҳам бажариш айни муддао) завқ-шавқ ва тетиклик ҳадя этишини тушуниб етасиз.
Туш пайтидаги машқлар — ишлайдиган ходимлар бадантарбияси
Ишлайдиган ходимлар, айниқса, офис ишчилари жисмоний машқларни мунтазам бажариб туриши керак. Акс ҳолда бутун тизимини ишдан чиқарувчи — гиподинамия хавф солади. Чунки 8-10 соатлаб компьютер қаршисида ўтириб, кам ҳаракат қилганимиз боис энергия нотўғри тақсимланади ва ортиқча вазн тўпланади. Бундай кўнгилсизлик бўлмаслиги учун ҳар икки соатда бадантарбия машқларини бажариб, компьютер қаршисидаги ҳар 45 дақиқалик ишдан сўнг кичик танаффус қилишни унутманг. Кўпроқ ҳаракатланиш учун столдаги буюмларни ўзингиз учун максимал ноқулай ҳолатда жойлаштиринг. Масалан, степлер стол остида, телефон столнинг узоқ бурчагида. Умуман, смартфонни четга суриб, иш вақтида ўзингизни фаол тутинг.
Ишдан ташқари вақтда спорт билан шуғуллансангиз ҳам, кундуз куни офис бадантарбиясидан қочманг. Эрталаб, ишга келганингиздан сўнг 15 дақиқалик оддий бадантарбия машқлари куни бўйи тетик юришингизни таъминлайди. Бу — ҳаракатларингизга енгиллик бағишлайди. Шунингдек, барча ҳаракат аъзоларининг фаолиятини яхшилайди, меҳнат қобилиятини оширади. Мия ҳужайраларига кислород ва озуқа моддаларини етказиб бериш орқали қон оқимини меъёрлаштиради. Алцгеймер ва Паркинсон касалликлари хавфини камайтиради, хотирани, эътиборни ва фикрлашни яхшилайди.
Олимларнинг фикрига кўра, мия фаолиятини яхшилаш учун ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача юклама билан, 75 дақиқа юқори интенсивликда машқ қилиш керак. Албатта, вазн ташлашда бу машқнинг аҳамияти катта.
Жисмоний машқлар бажариш орқали табиат билан ҳамнафас бўласиз! Очиқ ҳавода спорт машғулотлари билан шуғуллансангиз, кўнгилингиз хотиржам тортади. Ҳар куни 20 дақиқа спорт машқлари бажарсангиз, овқатланиш қоидасига риоя қилсангиз, ортиқча вазндан қутиласиз. Уйқу мўътадиллашади! Эрталаб бақувват уйғонасиз. Велоспорт билан шуғуллансангиз, стресс чекинади! Муаммоларни унутишга, тушкунликдан халос бўлишга ёрдам беради.
Тўғри бажарилган жисмоний тарбия ва парҳез организмни тиқинлардан тозалайди. Куч бағишлайди. Юрак хасталигига чалинмайсиз! Тоза ҳавода бажарилган машқ иммунетни кўтариб, касалликлардан ҳимоялайди. Қадди-қоматингиз чиройли ва соғлом бўлади! Сузиш, гимнастика, шар билан машқ бажариш натижасида гавданигизни тик тутасиз, умуртқа суякларингиз соғлом бўлади.
Эксперт: Шерзод ОЛИМОВ,
Спорт вазирлиги оммавий спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи.