Кундалик

Ер меҳр ва меҳнат билан кўкаради

    Йигирма йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланаман. Ерга, экинларга бор меҳрим билан ишлов бериб сира кам бўлмадим. 2019 йилда турмуш ўртоғим иккимиз ижтимой тармоқларни кузатиб юриб, иссиқхона қуришга қизиқиб қолдик. 4 сотихли томорқамизда яхши ниятлар билан  иш бошладик.  Биринчи йили бодринг экдик. Кейин унинг ёнига помидор кўчатларини қададик. Йилдан-йилга тажрибамиз ошиб, даромад ҳам шунга қараб кўтарила бошлади. Ҳозир кичкинагина иссиқхонамиздан йилига 50-60 миллион сўм соф фойда кўряпмиз. Шунинг орқасидан 2 нафар фарзандимиз ўқияпти. Катта қизим Польшада бизнес йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олади. Кенжам эса IT технологиялари бўйича етук мутахассис бўлишни мақсад қилган. Турмуш ўртоғим хорижий мамлакатларга юк ташийди. Шароит тақозоси билан кўпинча уйда ёлғиз қоламан. Шундай вақтларда томорқамдаги экинларим менга ҳамроҳ бўлади. Уларга ишлов бериб, парваришлаб вақтимни қандай ўтганини билмай қоламан. Асосий деҳқончилик фаолиятимиз февралдан бошланади. Бодрингни 50 кунда бемалол терса бўлади. Ҳар йили март ойининг охирларидан бозорга маҳсулот чиқаришга киришамиз. Унинг ортида помидор йиғим-теримига ўтамиз. Ўтган йили август ойида экилган қулупнай кўчатларимнинг нишонаси пишиб етилиш арафасида. Доналари йирик-йирик, энг муҳими йил-ўн икки ой ҳосил беради. Бўшаган жойларга кетини узмай пиёз, исмалоқ, укроп уруғларини сепаман. Ўтган йили маҳалла тавсияси билан 30 миллион сўм кредит олдик. Бу пулга махсус вентелятор харид қилдик. Иссиқ кунларда ҳаво айланишини таъминлаб беради. Ҳатто ёзнинг саратонида ҳам экинларни иссиқхона шароитида парваришлаймиз. Фақат усти соябон билан ёпиб қўйилса бас. Бундай муҳит экинларни турли ҳашарот ва касалликлардан ҳимояга қилиш учун жуда қулай. Ҳафтада бир марта томчилатиш усули билан суғорамиз. Намлик яхши сақланади.  Тупроғига чиринди ва ўғит солиб турилса, ҳосил янада йирик ва мўл-кўл бўлади. Шу йили лимон ва банан кўчатларини экишни мақсад қилганмиз. Еримнинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳовлисини ўт босиб, қаровсиз аҳволга келтириб қўйган одамларни сира тушунмайман. Ахир меҳр ва меҳнат билан қуруқ ерни боғу бўстонга айлантириб юборса бўлади. Эвазига бизга хирмон-хирмон ҳосил беради. Юлдуз КАРИМОВА, Хонқа тумани “Пахтакор” маҳалласи.

218

Томорқа одамлар дунёқарашини ўзгартиради

  Бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири — камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали оилаларнинг даромадини оширишдан иборат. Бу йўлда аҳоли томорқа ер майдонларидан унумли фойдаланишини йўлга қўйиш — энг самарали усул саналади. Тошкент вилояти Пискент туманида “Томорқа — даромад манбаи” мавзусида ташкил этилган семинарда шу хусусда сўз борди. Семинарда Тошкент вилоятининг 22 та туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган мутасаддилар, сектор раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди. Амалий семинар шаклида ташкил этилган тадбир қатнашчилари томорқадан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жараёнларни кўздан кечирди. Мақсад аниқ — томорқадан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад топаётган оилалар тажрибасини оммалаштириш. “Истиқлол” маҳалласи туманнинг олис ва “оғир” ҳудудларидан бири бўлиб, 8 та кўчани ўз ичига олади. Бугун бу ерда 2 616 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Оилалар сони — 687 та. 518 та хонадоннинг жами 77 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Хўш, ушбу серсув ва унумдор ерларда бугун қишлоқ аҳли қандай маҳсулотлар етиштиряпти? Пискент туманининг “драйвери” — қишлоқ хўжалиги. Шу боис маҳалла аҳли имкони борича томорқа майдонларига эртанги экинлар экиш пайида бўлишади. Хонадонлардаги томорқа ер майдонларида, асосан, эрта пишар картошка уруғлари қадалади. Шунингдек, сабзи, пиёз, помидор, бодринг, бақлажон, карам, қизил ловия ва шу каби маҳсулотлар экилади. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, бунда энг муҳими — “об-ҳаво қарашиб турса бас”. — Бугун вилоятнинг ҳар бир ҳудуди, ҳар бир маҳалласида катта комплексда ишлар бошланган, — дейди Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев. — Шу мақсадда томорқачилик бўйича энг “оғир” маҳаллалар танлаб олиниб, намунали ҳолга келтириш чоралари кўриляпти. Масъуллар билан уйма-уй юриб, тарғибот тадбирлари ўтказиляпти, аҳолига амалий ёрдамлар кўрсатилади. Президентимиз таъкидлаганидек, давлат идораларининг бор куч-имкониятлари қуйига йўналтирилган. Ҳар бир кўча, хонадонга кириб борамиз. Масалан, маҳаллага бириктирилган банк маблағ бериш билан бирга, одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради, маҳаллалар ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилади. Маҳаллада тинимсиз меҳнат ортидан томорқада мўл ҳосил олиб, ердан оқилона фойдаланаётган хонадонлар кўп. Ражаб ака Умматов ана шундай инсонлардан бири. — Деҳқончилик менга ота мерос, — дейди Ражаб Умматов. — Эсимни танибманки, деҳқончилик билан шуғулланаман. Меҳнат қилиб, ер билан тиллашиб, асло кам бўлмадим. Томорқада бир йилда уч маротабага ҳосил олишга эришяпмиз. Фойдаси ҳам шунга яраша. Мисол учун, редисканинг килосини маҳаллий бозорда 15 минг сўмдан сотамиз. Агар ҳосилни яхши парвариш қилсангиз, ундан бир мавсумнинг ўзида 10-15 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин. Редиска ҳосилини йиғиштириб олгач, помидор кўчатларини ўтқазамиз. Помидорларни офтоб урмаслиги учун уларнинг орасига жўхори уруғларини сочиб чиқамиз. Тўрт фарзандимни шу деҳқончиликдан топган даромадим орқали вояга етказдим, ўқитдим, уй-жойли қилдим. Томорқада ишлаб, кам бўлмадим. Бир жиҳат дилни хира қилди: афсуски, маҳаллада тўрт мучаси соғ бўлса-да, ҳайҳотдек майдонни бўш қўйиб, қаровсиз қолдирганлар йўқ эмас экан. Семинарда ишчи гуруҳ вакиллари ана шундай томорқа майдонидан мақсадли фойдаланмаётган оила вакиллари билан бирма-бир суҳбатлашди. Уларга томорқага экилаётган беда ва жўхори каби қишлоқ хўжалиги экинлари ўрнига помидор, булғор қалампири, карам ва шу каби сабзавотларни етиштириш тавсия этилди. — “Сайхунобод тажрибаси” асосида тумандаги энг “оғир” ҳудуд тажриба сифатида танлаб олинди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Пискент тумани бўлими бошлиғи Ҳикмат Исамуҳамедов. — “Истиқлол” маҳалласининг Дийдор кўчаси намунали кўчалардан бирига айлантирилади. Бу кўчада 35 та хонадон мавжуд. Маҳаллада деҳқончилик ортидан ҳалол меҳнат қилиб, оиласига даромад келтираётган миришкор блан бирга, афсуски, ҳовлисидаги…

541

Республика ишчи гуруҳи Навоийда

  Шу кунларда давлатимиз раҳбари топшириғига асосан олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш, ташкилий чора-тадбирларга кўмаклашиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятида бўлиб турибди. Жумладан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Сариев бошчилигидаги Халқ қабулхонаси, вазирлик ва идора масъулларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Қизилтепа туманидаги асалaричиликка ихтисослаштирилган Тавоис маҳалласида бўлди. Маҳаллага ташриф жараёнида маҳалла билан танишилиб, маҳалла еттилиги билан суҳбатлашилди. Ҳозир маҳалладаги 814 та хонадонда 4114 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 2070 нафарини хотин-қизлар, 30 ёшгача бўлганлар 1192 нафарни ташкил этади. Боқувчисини йўқотган оилалар 47 нафар, ёлғиз кексалар 3 нафар ва кам таъминланган оилалар 162 нафардан иборат. Қаҳрамон Сариев ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган асаларичилар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда маҳаллада 35 нафардан зиёд асаларичи бор. – Маҳаллада асаларичилик билан шуғулланиб келаман, – дейди Иноят Саидов. – Йилига 5-6 тоннагача асал оламан. Маҳаллий бозорга сотаман. Кўплаб мижозларим уйдан олиб кетишади. Ўғлим Мирзоҳид ҳам асаларичиликка қизиқади. Келгусида асалари оилаларини янада кўпайтириб, халқимизга сифатли ва шифобахш асал маҳсулоти етказиб бериш ниятидамиз. Мамлакатимизда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадрият – ҳашар тадбирлари халқимиз орасида бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Xусусан, ҳашар йўли билан тумандаги Маликобод маҳалласида “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида иқлим шароитига мос дарахт кўчатлари экилмоқда. Маҳалла ҳудудида барпо этилган боғлар, уларни суғориш тизими билан яқиндан танишган Қаҳрамон Сариев ҳам кўчат экиш тадбирида иштирок этди. – Маликобод маҳалласи ҳудудида 2023 йил куз мавсумида жами 32 минг дона манзарали кўчат экилиб, 24 гектар ер майдонида “Яшил боғ” ташкил этилган эди, – дейди туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Файзулло Аллаёров. – Боғда тўлиқ томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Жорий йилнинг баҳор мавсумида мазкур маҳалла ҳудудидан яна 20 гектар ер майдонида “Яшил боғ” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар жами 15 минг дона, шундан 11,5 минг дона қайрағоч, 2 минг дона акация ва 1,5 минг дона заранг кўчатлари экилди ҳамда томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Кўчат экиш жараёнида Ишчи гуруҳи аъзолари мутахассислар иштирокида маҳаллада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимининг муҳим жиҳатлари тўғрисида ўзаро фикр алмашди. Ишчи гуруҳи аъзолари туманда “Обод хонадон– обод кўча–обод маҳалла” мезонлари доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сўфиён маҳалласида бўлди. Тегишли масъуллар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифлари ва ҳисоботлари тингланди. Республика ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

208

“Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки”

ОБОДЛИК   Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, 2024 йил 16-18 март кунлари юртимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Ҳашар мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли тураржойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш мақсадида мақсадида амалга оширилади. Маҳалла орқали бепул кўчат тарқатилади Қандай талқин этилмасин, халқимизда тўй-тадбирлар, тантаналар, байрамлар олдидан ҳамма жойни обод этиш, озода, саришта сақлашга доир ишлар кўлами янада авж олиши бор гап. Бу жиҳатлар ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган умумхалқ хайрия ҳашарларида ўзининг ёрқин ифодасини топади. Бу йилги ҳашар “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтказилишида катта рамзий маъно бор. Зеро, миллийлигимизнинг муҳим кўриниши саналган маҳалла ва ҳашар қадрияти замирида халқимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий урф-одат ва анъаналари, халқимизнинг инсонийлик, олижаноблик, меҳр-саховат каби эзгу фазилатлари мужассам. Бу жиҳатлар жорий йилги ҳашарда ҳам ўз аксини топиб, унинг доирасида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилади. Мисол учун, “Маҳалламга 10 туп дарахт — менинг туҳфам” шиори остида барча тураржой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирлари давом эттирилади. Бу орқали нафақат маҳаллаларга кўркамлик, яшиллик бахш этилади, балки йиғинларнинг даромад манбаи шакллантирилади, экология тозалигига ҳисса қўшилади. Бу йил маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатилиб, дарахт экиш ишлари ташкил этилади. Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, мазкур тадбирларга аҳолининг банд бўлмаган қатламини ихтиёрийлик асосида жалб қилиш чоралари кўрилади. Ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатиш анъанага айланган. Шунга монанд бу йил ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади. Эҳтиёжманд кишиларнинг оғирини енгил қилиш орқали бу юртда ҳеч ким эътибордан четда эмаслиги, ҳар бир киши давлат ғамхўрлигини ҳис қилишга ҳақли экани амалда ўз тасдиғини топади. Қаерларда ҳашар ўтказиш тақиқланади? Қайд этиш керакки, қонунчиликка кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш юзасидан фақатгина Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлган тақдирда, ҳашарда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва ҳавфсизлик нормаларига катъий риоя этган ҳолда, фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилиши ва ўтказилиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади. Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланади. Фаол бўлинг, бефарқ бўлманг! Дарҳақиқат, ободлик — халқимизнинг қалбида бор. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Ҳашар — ҳар доим байрам, ўзаро кўмаклашиш, қийинчиликлар қаршисида жипслашиш ва биргаликда уларни енгиб ўтишдир.…

336

Халқ қабулхонаси: Президент топшириқлари ижроси назорати

    Жорий йилнинг 1 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган Хоразм вилоятидаги фаоллар билан учрашувида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Республика ишчи гуруҳи вакиллари Шовот туманида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ туманда ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмаси ҳолати, ёшлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш каби қатор масалалар бўйича ўрганишлар олиб бормоқда. Хусусан, Шовот тумани тадбиркорлари учун Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, банкларлар ҳамда сектор раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилот вакиллари иштирокида учрашув ва сайёр қабул ташкил этилди. Очиқ мулоқотни ўтказишдан мақсад тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифларни муҳокама қилиш ҳамда амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди. Икки юзга яқин тадбиркор иштирок этган ушбу учрашув чоғида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва таклифларни илгари суришди. Хусусан, кредит, солиқ, кадастр, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид масалалар кўтарилди. Тадбир доирасида келиб тушган мурожаатлар асосида туманнинг “Оқ олтин” маҳалласида иш юритаётган тикув цехи, “Катқалъа” маҳалласидаги мебелчилик корхонаси фаолияти билан танишилди ва уларнинг муаммоларини бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари, туманидаги “Пўлат” маҳалласида истиқомат қилувчи ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларга қўшимча даромад манбаларини яратиш мақсадида 20 сотихдан экин ер майдонлари ажратилиб берилди. Республика ишчи гуруҳи вакиллари тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолати билан танишиш учун “Комилжон ота” маҳалласи, ушбу маҳаллада жойлашган оилавий шифокорлик пункти, “Янги Ўзбекистон” маҳалласида жойлашган 32-сон умумий ўрта таълим мактаби, “Арбек” маҳалласида жойлашган 17-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби билан яқиндан танишди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Шовот туманида ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Тадбир доирасида ёшлар ва хотин-қизлар учун меҳнат ярмаркаси, спорт мусобақалари, бепул тиббий кўрик ташкил қилинди. Республика ишчи гуруҳининг Хоразм вилоятидаги фаолияти давом этмоқда.

176

Тошкент вилоятида 10 мингга яқин ҳал этилмаган мурожаатлар қайта кўриб чиқилди

    Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхоналари бошчилигидаги 20 дан зиёд вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Тошкент вилоятида давом эттирди. Ишчи гуруҳ томонидан бир ҳафта давомида Тошкент вилоятида аҳоли кайфияти билан боғлиқ долзарб муаммоларни ўрганиш ва уларни имкон қадар жойида тезкорлик билан ҳал этиш масалалари билан шуғулланди. Хусусан, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигида гуруҳ вилоят бўйича аҳолидан келиб тушаган 10 мингга яқин ҳал этилмаган мурожаатлар қайта кўриб чиқилиб, шуларда 2 мингга яқин ўз ижобий ечимни топди. Қолган қисми қайта ўрганишга берилиб, назоратга олинди. Ҳал этилган мурожаатларнинг аксарият қисми суд, оила ва хотин-қизлар, тиббий ёрдам, пенсия, мактабгача ва мактаб таълими, кредит олиш, алимент тўловлари, йўллар таъмири, йўл белгиларини ўрнатиш, газ, электр, сув таъминоти каби масалалар билан боғлиқ бўлди. Ўтказилган  сайёр судлар натижасида 68 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди, 67 нафар шахснинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 14 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди, 3 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишдан тугатилди. Бундан ташқари, 122 та иш бўйича жами 45,2 млрд. сўм тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилди,  алимент тўловчи қарздорлардан жами 747,6 млрд. сўм маблағ ундириб берилди. Мурожаатлар асосида қўшимча 93,1 тонна суюлтирилган газ етказилди, 2 км электр тармоғи тортилди, 73 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 8 та трансформатор таъмирланди, 15 км йўллар ва 1 та кўприк таъмирланди. Шу билан бирга Халқ қабулхоналари бошчилигида вилоят, туман, шаҳар сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, 456 та масала кўтарилди. Шулардан 302 таси қаноатлантирилган бўлса, 154 та масала ижроси назоратга олинди. Келиб тушган мурожаатлар асосида 8 км ички йўллар шағаллаштирилди, 1 км йўл асфальт қилинди, 3 та янги трансформатор таъмирланди, 22 та темир-бетон таянчлар ўрнталиди, 10 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 8 км ичимлик суви тармоғи янгидан тортилди, 4 та ичимлик суви ишооти таъмирланди. Тадбирлар доирасида вилоят аҳолиси учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада, 540 нафар беморларга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 66 нафар беморларга туман, шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди. Ўрганиш натижалари вазирлик, идоралар масъуллари ва секторлар раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш учун аҳоли учун долзарб бўлган республика идоралари даражасида ҳал этилиши талаб этиладиган масалалар рўйхати шакллантирилди. Республика ишчи гуруҳининг навбутдаги манзили Хоразм вилояти.

234