ОБОДЛИК
Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, 2024 йил 16-18 март кунлари юртимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Ҳашар мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли тураржойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш мақсадида мақсадида амалга оширилади.
Маҳалла орқали бепул кўчат тарқатилади
Қандай талқин этилмасин, халқимизда тўй-тадбирлар, тантаналар, байрамлар олдидан ҳамма жойни обод этиш, озода, саришта сақлашга доир ишлар кўлами янада авж олиши бор гап. Бу жиҳатлар ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган умумхалқ хайрия ҳашарларида ўзининг ёрқин ифодасини топади.
Бу йилги ҳашар “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ўтказилишида катта рамзий маъно бор. Зеро, миллийлигимизнинг муҳим кўриниши саналган маҳалла ва ҳашар қадрияти замирида халқимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий урф-одат ва анъаналари, халқимизнинг инсонийлик, олижаноблик, меҳр-саховат каби эзгу фазилатлари мужассам. Бу жиҳатлар жорий йилги ҳашарда ҳам ўз аксини топиб, унинг доирасида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилади.
Мисол учун, “Маҳалламга 10 туп дарахт — менинг туҳфам” шиори остида барча тураржой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирлари давом эттирилади. Бу орқали нафақат маҳаллаларга кўркамлик, яшиллик бахш этилади, балки йиғинларнинг даромад манбаи шакллантирилади, экология тозалигига ҳисса қўшилади.
Бу йил маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатилиб, дарахт экиш ишлари ташкил этилади. Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, мазкур тадбирларга аҳолининг банд бўлмаган қатламини ихтиёрийлик асосида жалб қилиш чоралари кўрилади.
Ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатиш анъанага айланган. Шунга монанд бу йил ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади. Эҳтиёжманд кишиларнинг оғирини енгил қилиш орқали бу юртда ҳеч ким эътибордан четда эмаслиги, ҳар бир киши давлат ғамхўрлигини ҳис қилишга ҳақли экани амалда ўз тасдиғини топади.
Қаерларда ҳашар ўтказиш тақиқланади?
Қайд этиш керакки, қонунчиликка кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш юзасидан фақатгина Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлган тақдирда, ҳашарда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва ҳавфсизлик нормаларига катъий риоя этган ҳолда, фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилиши ва ўтказилиши мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади.
Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланади.
Фаол бўлинг, бефарқ бўлманг!
Дарҳақиқат, ободлик — халқимизнинг қалбида бор. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Ҳашар — ҳар доим байрам, ўзаро кўмаклашиш, қийинчиликлар қаршисида жипслашиш ва биргаликда уларни енгиб ўтишдир. Шу боис биз доимо ҳашарлар, ҳамкорликдаги тадбирларда қўлни-қўлга бериб, юртимиз кўрки учун хизмат қилиб келганмиз.
Гарчи ҳашар 16-18 март кунларига белгиланган бўлса-да, чор-атрофга гул ниҳоллари, турфа кўчатлар ўтқазиш, ҳамма ёқни чиннидек озода, файзли ҳолатга келтириш ишлари юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорнинг илк кунлариданоқ бошланиб кетган. Шундай экан, имконингиз бўлса, ҳашарда, албатта, қатнашинг, атрофимизни ободонлаштириш, тозалаш ишларида фаол бўлинг! Кам таъминланган, ногиронлиги бор оилаларга ёрдам қўлини чўзинг, улардан ҳол-аҳвол сўранг! Жамоатчилик ишларида бефарқ бўлманг!
Санжар ИСМАТОВ.