ТУРИЗМ
Китоб туманидаги Қайнар ва Башир, Хўжаобод туманидаги Имомота қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди.
Қайнар қишлоғи туман марказидан 11 километр шарқда Тахтақорача довони этагида жойлашган. Ҳудуд Роҳатбулоқ, Қўтирбулоқ, Хурмачабулоқ, Галабулоқ, Кўрбулоқ, Совуқбулоқ каби юзлаб зилол сувли шифобахш булоқларга бой. Қишлоқ турли таомлар жуда машҳур. Айниқса, арча сихли кавказча кабоб, китобча угра (кесган ош), қобирға, қизилча қовурдоғи каби таомларни бошқа жойда учратмайсиз. Ҳудудда 22 та оилавий меҳмон уйлари, меҳмонхона, хостел ва соғломлаштириш масканлари фаолият юритмоқда.
Башир қишлоғида зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун катта имконият мавжуд, яъни ҳудудда жойлашган Ҳазрати Башир ота зиёратгоҳи йил давомида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум. Қишлоқ аҳолиси ташриф буюрувчиларга ўз уйлари ва оилавий уй меҳмонхоналарини ташкил этиб, хизмат кўрсатиб қўшимча даромад топади. Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган.
Имомота қишлоғида бир вақтнинг ўзида мингга яқин сайёҳга хизмат кўрсатадиган 70 дан ортиқ меҳмон уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудуддаги икки тоғ чўққиси ўртасига осма йўл — кўприк қурилди. Янги-янги аттракционлар ўрнатилди, махсус гольф-каралар келтирилди, ўнлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди.
Ҳар учала манзилга “Туризм қишлоғи” мақоми берилгани ҳақида сертификат топширилди.
Дилдора АМИРҚУЛОВА,
ЎзМУ талабаси.