Маҳалламиз янги – 2021 йил июль ойида ташкил этилган бўлиб, қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош. Замонавий типда, барча зарур шарт-шароитларга эга маҳалла идораси қуриб берилди. Йиғин идораси ёнидан 2 та 12 метрли махсус жиҳозланган контейнер ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бундан, айниқса, ёш болали оналар ҳамда кексалардан миннатдор. Эндиликда улар саратон иссиғида, қаҳратон қишда бирламчи тиббий хизматлар учун 7-8 километр олисга қатнаб юришмайди, ўз маҳалласида биринчи тиббий ёрдам хизматларини олишади.
Маҳалламизни янада обод қилиш учун “Обод маҳалла” асосида минг тупдан зиёд манзарали дарахт экилди, 3,5 километр ички йўллар жорий таъмирланди. 10 та тунги ёритқич чироқлари, 7 та кузатув камералари ўрнатилди. 5 та эски симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. 3 та кўчамизга ичимлик сув тармоғи тортилиб, аҳолининг 70 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланди. Қолган қисми 2024 дастурига киритилди.
5240 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда кўпроқ шоли ва узум етиштирилади. “Ҳазорасп” буюм бозори маҳалламизга яқин бўлгани учун кўпчилик у ерда савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш йўналишида меҳнат қилишмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланишни истаганларга кредит, субсидиялар ажратилмоқда. Хотин-қизларимизнинг 13 нафари тикув машинаси олиб, ўзини ўзи банд қилиб, даромад топяпти. Йиғинимизда учта оилавий тикув цехи ҳам бор. Ҳар бири 20-30 нафар хотин-қизни ишли қилган. Шоличиликка ихтисослашганимиз учун шоли ўрадиган техника олганлар ҳам кўп. Ёшларнинг аксарияти мотокультиватор, муравий олиб, оиласига қўшимча даромад келтиряпти.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ҳам турли ёрдамлар кўрстаиб келяпмиз. “Темир дафтар”га олинган уч нафар боқувчиси йўқ оиладан бирининг хонадони ҳомийлар кўмагида шифер билан ёпиб берилган бўлса, бирига уй қуриб берилди. Яна бир нафарига ҳам уй қуриб бериш режасидамиз.
Ички кўчаларимизни асфальтлаш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида қатнашиб, 6700 та овоз тўпладик. Лекин биздан кўп овоз олган маҳаллалар орасида тўртинчи ўринда турибмиз. Агар қўшимча маблағ ажратилса, ички кўчаларимиз ҳам асфальтланиб қоларди.
Аҳоли сони ортгани сари электр таъминотида муаммолар кузатилмоқда. Агар қўшимча иккита трансформатор ўрнатилса, қўшимча юкламалар бартараф этилиб, аҳоли етарли электр энергия билан таъминланган бўларди.
Хорижда ишлаётган мигрантларимиз сони 320 та. Улар ҳар йили мавсумий ишлаб, совуқ кунларда ўз оилалари бағрига қайтиб келишади. Кўпчилиги яхши пул топиб, оиласининг яхши яшашини таъминлаяпти. Шу тариқа “Обод замин” ҳам аста-секин обод бўлиб боряпти.
Муродбек ЮСУПОВ,
Ҳазорасп туманидаги
“Обод замин” маҳалласи раиси.