Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Нигоҳ
-+=

“Маҳаллалар саҳнаси менга куч ва илҳом бахш этади”

 

 

Ижодимнинг бош мезони — инсон қадрини улуғлаш

Болалигим Урганч шаҳрининг “Машъал” маҳалласида ўтган. У кунларни соғинч ва энтикиш билан эслайман. Жуда бахтли ва дилхуш дамлар эди. Маҳалламизда ташкил этиладиган тадбир ва байрам кечаларининг барчасига раис алоҳида эҳтиром билан чақирарди. Саҳнага таклиф қилаётганда, худди халқ артистини эълон қилаётгандек мақтовларга буркарди. Бу бир ҳаваскор қўшиқчи учун жуда юқори баҳо эди. Санъатга энди тетапоя қилиб кириб келаётган 11-12 ёшлардаги болага билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлаш ва эътироф унга қўш қанот бўлди.

Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, камол топиши ва ижтимоийлашувида маҳалланинг тутган ўрни беқиёс. Қайси касб эгаси бўлмайлик, кичик бир қўрғонда яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз қуршовида меҳр ва муҳаббат оғушида катта ҳаётга қадам қўямиз. Турли ташвишли ва қувончли дамларда ёнимизда елкадош бўлиб турадиган маҳалла аҳли, аслида. Келин қилиб, қиз чиқармоқчи бўлганнинг баҳосини ҳам маҳалла беради. Яхшимизни оширади, ёмонимизни яширади.

Менинг маҳалла тизимида фаолият бошлашим замирида мана шундай миннатдорлик ҳислари устуворлик қилади. Бу масъулиятли вазифани адо этишим кераклиги, Ватаним ва халқим олдидаги қарздорлик ҳисси сабаб шу ердаман. Тўғри, авваллари давлат ташкилотларида бундай масъул лавозимларда фаолият юритмаганман. Лекин доим қалбдан ўзимни бугунги давлат сиёсатининг муҳим иштирокчиси деб билганман. Мен ижодий фаолиятим давомида хоҳ у кинода бўлсин, хоҳ қўшиқчиликда олий мақсадим — ватанпарварлик, ота-онани қадрлаш, инсон қадрини улуғлаш ва эл розилигига эришиш учун астойдил ҳаракат қилганман.

Фаолиятимда янги давр бошланди

Йўналишимиздан келиб чиқиб, маҳалла тизимида асосий эътиборни маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишга, ёш ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳамда унутилиб бораётган қадриятларимизни қайта тиклашга қаратяпмиз. Энг муҳими, доим одамлар орасидамиз, уларнинг бугунги кайфияти, дарду ташвишини ўрганяпмиз. Озми-кўпми, қилган меҳнатимиз сабаб элнинг дуосини оляпмиз.

Кўпчилик энди ижод қилмайсизми, деган саволлар билан мурожаат қиляпти. Йўқ, аксинча фаолиятимда янги давр бошланди. Маҳаллалар саҳнасида қўшиқ куйлаяпман, халқнинг қўллаб-қувватлаши, олқишлари янада куч ва илҳом бағишлаяпти.

Эрталаб ишга ошиқиб, ўзгача иштиёқ билан келаман. Шунчалик берилиб кетганимдан вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоламан. Баъзан охирига етмаган юмушларни уйда давом эттираман. Бу менга завқ бағишлайди. Ҳар бир топшириқни, ҳар бир вазифани иштиёқ билан адо этаман. Сценарийлар ёзаман, тадбир режаларини тузиб чиқаман. Мақсадимиз — халқимиз яхши ҳордиқ чиқарсин, шунда меҳнатида унум ва барака бўлади.

Ҳар бир ҳудудга 100 миллион сўм

Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб маҳаллаларда “Май — маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги” деб эълон қилинган. Унинг доирасида юртимизнинг энг чекка, ҳатто туман марказидан бир неча километр узоқ масофаларда жойлашган ҳудудларга боряпмиз. Ишонасизми, йиллар давомида бирор санъаткор бориб улар билан учрашмаган, саҳнасида қўшиқ куйламаган. Бизни кўргандаги кўзларида пайдо бўлган қувончни тасвирлашга сўз ожиз.

Ташрифдан кўзланган мақсад — фақат қўшиқ куйлаб, шеър ўқиб, одамлар вақтини чоғ ўтказишдан иборат эмас. Биринчи навбатда, ўша ердаги халқнинг кайфиятини ўрганамиз. “Маҳалла еттилиги” билан учрашиб, аҳоли кўпроқ қайси масаладаги муаммолар билан мурожаат қилаётганини аниқлаймиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонига бориб, совға-саломлар улашамиз. Бунинг учун Ўзбекистон маҳаллар уюшмаси ҳар бир вилоят учун 100 миллион сўмдан маблағ ажратган. Барчаси одамларнинг шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш учун сарфланяпти. Шу билан бирга, давра суҳбатларида бугунги ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берамиз. Маҳалла аввалгидек фақат маълумотнома ёзиб берадиган эмас, аксинча ҳар бир фуқаронинг мурожаатига ижобий ечим топадиган идора мақомига кўтарилганини тушунтиришдан сира чарчамаймиз. Одамларнинг сарсон бўлиб, турли ташкилот эшикларида навбат кутиб ўтирадиган даврлар ўтиб кетди. Энди раис ва унинг атрофидаги мутасаддилар ҳар қандай муаммога ечим топиб берадиган тузилма шаклланяпти. Шу нарсани халқ онгига чуқурроқ сингдиришга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳар бир ҳудудни алоҳида ўрганиб, натижалардан келиб чиққан ҳолда, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, театр гуруҳларини олиб бориб, спектакллар қўйиб бериш устида жадал иш олиб борилаяпти.

Айрим маҳаллаларда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман миллати вакиллари истиқомат қилишади. Ҳар бирининг урф-одати ўзига хос. Улар билан ишлашда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳамма рози бўлсин, лекин миллий қадриятларимиз унутилиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бугун дунё саҳанасида юз бераётган воқеа-ҳодисаларлардан барчамиз хабардормиз. Қай бир юртда уруш, қай бирида талофатлар… Кимлардир очарчиликдан азият чекяпти. Мактабга кетган фарзандини яна уйга қайтиб келармикан, деб йўлини пойлаётган оналар қанча. Шундай бир шароитда биздан талаб этиладигани — ШУКРОНАЛИК! Тинч ва осойишта ўтган ҳар бир кунимизга, фарзандларимизнинг соғу омонлигига, бир бурда нонимизни кўнгил хотиржамлигида ютаётганимизга қанча шукр қилсак, шунча оз. Халқ орасида юрганимизда мана шу жиҳатларга алоҳида урғу беришга ҳаракат қиламиз. Зеро, қалбида шукроналик ва розилик бўлган инсонгина юрти учун хайрли ишлар қилишга қодир.

Миллий қадриятларни тиклаш ва асраш — муқаддас бурчимиздир!

Маҳалла тизимида тажрибали, дунёқараши кенг ва фидойи ходимлар жуда кўп. Уларнинг иш тажрибаларини кенгроқ тарғиб қилиш, фаолиятини ҳаммага намуна сифатида кўрсатиш кўплаб ижобий натижаларга замин бўлиши мумкин. Бунинг учун ҳозирда ижтимоий тармоқлар учун роликлар, қисқа метражли фильмлар суратга олиняпти. Бундан ташқари, айнан маҳалла ҳаётини, унинг ўтмиши ва бугунги кунини ўзида акс эттирган бадиий фильм ишлашни мақсад қилганмиз. Унда “маҳалла еттилиги” ходимларининг вазифалари, қилаётган ишлари тўлиқ ўз аксини топади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, халқимиз учун кутилмаган совғаларимиз кўп. Йил якунида юртимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари учун “Халқлар дўстлиги” санъат саройида хайрия концертини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Ҳар бир маҳаллада фольклор-этнография ва қадриятларни тиклаш бўлимларини ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиляпти. Унга ҳудудда истиқомат қилувчи санъатга ва шеъриятга иштиёқманд кишилар жалб этилади. Турли байрам ва тадбирларни ўтказишда улар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилади. Қолаверса, маҳалланинг ёш истеъдод эгалари илк қадамларини шу ерда қўяди. Бундан ташқари, миллий қадриятларимизни тиклаш, уларни ёшлар онгига янада чуқурроқ сингдириш масалалари билан шу бўлим ишлайди.

Бугун маҳалла тизимида тер тўкаётган ҳар бир ходимнинг нияти битта — халқимиз тинч ва хотиржам яшасин! Бу мақсад йўлида биз учун барча шароитлар етарли. Куч ва ғайрат билан олдинга интилсак бўлгани.

Анвар СОБИРОВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси

Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни

ташкил этиш бўлими бошлиғи.

 

 

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Хорижда ишламоқчимисиз, маҳаллага мурожаат қилинг!

  Кейинги пайтда фирибгарликнинг янги усуллари пайдо бўлди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тўлиқсиз иш вақти ёки масофадан даромад олиш тўғрисидаги таклифлар кўп учраяпти. Иш излаётганларнинг содда ва ишонувчанлиги фирибгарликка кенг йўл…