Маҳалла раиси сифатида энг кўп дуч келадиган вазиятимиз оилавий келишмовчилик, эр-хотиннинг низоси ҳисобланади. Айниқса, ажрим ёқасидаги оилалар ўртасида кўплаб форс-мажор ҳолатлар бор. Улардан бири хотинни хонадонга мажбурий киритиш. Бунда суд қарор чиқаради, мажбурий ижро бюроси ижро этади. Бир-бирини кўрарга кўзи йўқ икки томон бир хонадонда яшай бошлайди.
Баъзида ўйлаб қоламан, мажбурий киритиш тартиби келажакда шу хонадонда жиноят содир бўлишига олиб келмайдими? Бир-бирини заҳарлаши, пичоқлаши ёки шунга ўхшаш оғир жиноятлар содир бўлмаслигига ким кафолат беради?
Хўш, бу масалани ижобий ечими борми? Албатта, бор. Таклифим — мажбурий киритишда маҳалладан хулоса олиш мақсадга мувофиқ. Шунда балки оғир бир жиноятни олдини олган бўлармидик.
Яқинда сенат раиси Танзила Норбаева оилага тайёрлаш курсларига сарфланаётган миллиардлар ҳавога учиб кетганини айтди.
Тўппа-тўғри!!! Мен умуман бунақа курслар борлигини билмайман ҳам. Икки йилдан бери оилага тайёрлаш курсларини, умуман никоҳдан олдинги мажбурий маълумотнома бериладиган «Оила ва никоҳ» марказини ваколатини маҳаллага бериш кераклигини таъкидлаб келаман. Отинойиларимиз бор, имомларимиз бор, нуронийларимиз бор, кенгашларимиз бор. Негадир 90 фоиз никоҳдан ўтаётганлар маҳалла фуқаролар йиғинига учрамайди, лекин 100 фоиз ажрим ёқасидагилар машмашаси маҳалла гарданида.
Ўша курсларга ажратилаётган пулларни маҳаллага беринг. Ҳеч йўғи никоҳдан олдинги жараёнларда фаол иштирок этадиган нуронийлар, отинойиларни, имомларни рағбатлантириб турайлик. Ажримга асосий сабаблардан бири олди-бердилар, сават тоғораларни маҳалла назорат қилсин! Учинчи шахслар аралашуви бўйича назорат ўрнатилсин!
Ажримдан сўнг кўп келинлар икки-уч боласи билан кўчада қолиб, идорама-идора югуриб юрибди. На келинлик уйига кира олади, на қизлик уйига сиғяпти. Никоҳ шартномаси тузишни ўргатайлик. Хуллас никоҳдан олдинги жараёнлар маҳалла назоратида бўлсин.
Жобирхон АЛИХОНОВ,
Янги Наманган туманидаги
“Бунёдкор” маҳалласи раиси.