Самарқандда “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар маҳалла раиси қаторида камина ҳам қатнашдим. Чунки танловнинг Самарқанд шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган эдим.
Биз, маҳалла раислари уч шарт бўйича ўзаро беллашдик. Биринчиси — амалга ошираётган ишларимизни слайд ёрдамида тақдим этиш лозим эди. Иккинчиси — соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича савол-жавобда қатнашиш ҳамда учинчиси — маҳаллада учрайдиган кутилмаган муаммоли вазиятга ечим топиш бўйича ўз маҳоратимизни намойиш қилишимиз зарур эди. Шунингдек, танловда иштирок этиш учун маҳаллада амалга оширилган фотосуратлардан иборат иккита альбом ҳамда видеоролик тақдим этдик.
Танлов иштирокчиларининг чиқишини 9 нафар ҳакамлар ҳайъати 5 балли тизим асосида баҳолаб борди. Шу тарзда ғолиб – вилоятнинг энг намунали маҳалла раиси аниқланди. Биринчи ўрин Каттақўрғон шаҳридаги “Яккабоғ” маҳалласи раиси Равшан Ҳамроевга насиб этди. Иккинчи ўринни камина, яъни Самарқанд шаҳридаги “Боғимайдон” маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев, учинчи ўринни Нуробод туманидаги “Нурбулоқ” маҳалласи раиси Жасур Холов эгаллади.
Шундай қилиб, маҳалла раислари танлови ғолиби амалга оширган ишлари ҳақида тўрт дақиқа давомида гапириб бергани, иккита саволга жавоби ва маҳаллада юз бериши мумкин бўлган иккита муаммоли вазиятга қандай ечим топшини сўзлаб бериши натижасида аниқланди.
Маҳалла тизимини ичидан билганларга энг намунали маҳалла раисини аниқлаш учун юқоридаги талаблар мезон бўла оладими, деган савол билан мурожаат қилган эдим. Аксарият бу етарли эмаслигини таъкидламоқда. Нега?
Танловга қатнашган раис гапга чечан, хотираси яхшилиги туфайли қонуну қарорларни ёдлаб олган бўлиши, барча саволларга аниқлик билан жавоб бериши мумкин. Шундай бўлганда, раиснинг шахс сифатидаги хислатларига баҳо барилмайдими?
Маҳалла раисининг асосий вазифаси — ўзи бошқараётган ҳудудда осойишталик ва ободликни таъминлаши, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этилишига камарбаста бўлиши ва шу орқали фуқаролар розилигига эришиши эмасми? “Маҳалла еттилиги” бир жамоа бўлиб, раис бошчилигида барча масалаларга тезда ечим топса, маҳалла аҳли ариза ва шикоят билан юқори ташкилотларга мурожаат этмаса, маҳалла раиси фаолиятига берилган юқори баҳо шу эмасми?
Шундай экан, таклифим қуйидагича: раислар фаолиятига баҳо бериш мақсадида танловдан олдин аввал махсус комиссия тузилиб, вилоят босқичига чиққан раислар бош бўлган маҳаллалардаги муҳит, фуқароларнинг кайфияти ўрганилсин. Келажакда ўтказиладиган танловларда ушбу таклиф инобатга олинса, адолатли бўларди.
Кимдир танловдан олдин фотоальбом ва видеоролик тақдим этилиши маҳалла ҳаётини ўрганишга ёрдам беради, дейиши мумкин. Аммо альбом ва видеоролик билан танишишга ҳакамлар ҳайъати аъзолари вақт топдимикан? Энг асосийси, уларга балл берилмайди.
Бу менинг иштирокчи ва журналист сифатидаги фикларим эди, холос. Алоҳида таъкидлайманки, Самарқандда танловнинг шаҳар ва вилоят босқичлари кўтаринки руҳда, адолат мазонлари асосида ўтди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд шаҳар
“Боғимайдон” маҳалласи раиси.