Президент қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”га кўра, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунга раис лавозимига номзодлар олий маълумотга эга бўлиши шартлигига оид талаб киритилади. Номзодлар, асосан, тадбиркорлик соҳасида катта ютуқларга эришган ва ташкилотчилик қобилиятлари юқори бўлган фуқаролар орасидан танланади. Хўш, бу нима дегани?
Ҳозирги тартиб қандай? Қонунга кўра, раисликка номзодларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда ишчи гуруҳ танлайди. Номзодлар, аввало, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қоида тариқасида олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши лозим.
Олий маълумотли бўлиш шартми? Аслида, қоида тариқасида олий маълумотли бўлиши керак, дегани ҳамма номзод олий маълумотли бўлиши шарт, дегани эмас. Аммо бугунги кун талабига кўра, маҳалла раисларининг сиёсий онги ва дунёқараши ҳар томонлама етук бўлиши лозим. Масалан, бугун маҳаллада ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторлари маҳалла раиси билан елкама-елка ишлайди. Уларнинг ҳар бири олий маълумотли мутахассислар саналади. Маҳалла раиси уларни назорат қилади, ишини мувофиқлаштиради. Демак, юқоридаги давлат ташкилоти ходимлари олий маълумотли бўлгандан кейин маҳалла раиси уларнинг хизмат фаолиятини чуқур тушунадиган, барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран англаган шахс бўлиши керак.
Дипломи йўқ, бироқ ташаббускор бўлса-чи? Бугун раислар орасида маҳалла ишини тўғри тушунадиган, одамлар билан ишлаш кўникмаси ва тажрибасига эга, ташаббускор, маҳалланинг бошини қовуштираётганлар кўпчиликни ташкил этади. Хўш, улар нима қилади? Бунинг ҳам ечими бор: Ҳукуматнинг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, маҳалла ходимларига педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида “5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишида сиртқи ўқиш имконияти берилган.
Умуман олганда, бугун маҳалла раиси олий маълумотли бўлиши шарт! Зеро, барча ислоҳотларнинг бошида бўлиш, “еттилик” вакилларининг ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш, ҳудудда жамоатчилик назоратини тизимли равишда олиб бориш шуни талаб қилади. Маҳалла ходимлари, асосан, олий маълумотли кадрлардан шакллантирилар экан, йиғин раиси улардан бир бош устун бўлиши учун ҳар бирининг вазифаларини билиши, уларни керакли ишга йўналтира олиши зарур. Шундагина ишда унум ва барака бўлади.
Санжар ИСМАТОВ.