Маҳаллада 3178 нафар аҳоли яшайди. Асосий “драйвер” — қишлоқ хўжалиги. Ҳар бир хонадон супурги етиштиришга ихтисослшашган.
2023 йил мобайнида инфратузилмани яхшилаш мақсадида 7 км. кўча шағалланди. Маржонбулоқ ва Настарин кўчасининг 570 метр қисми асфальтланди. Мингчинор, Ўрикзор, Янгийўл, Янгиобод, Мададкор кўчалари шағалланди. 2 та зах сувларни қочирадиган зовур қурилди. Биттаси таъмирланди. Янги трансформатор ўрнатилди. Эски сув тортиш дренажининг 7 км. қисми янгиланди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилган 4-мактабга спорт майдони қуриш таклифи ғолиб чиқди. Ҳомийлик асосида битта кўп қаватли уй тўлиқ таъмирланди. 3 км. темир бетон ариқ қазилди. Натижада 150 та аҳоли томорқасига оқовасув таъминоти яхшиланди.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш учун, ҳудуддаги собиқ касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисмида 10 турга яқин болалар кийимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган тикувчилик корхонаси очилди. Маҳсулотлар асосан ички бозорларга сотилади. Келгусида муайян қисмини экспортга йўналтириш режалаштирилган. “Sardoba universal Cluster” МЧЖ ҳомийлигида ташкил этилган корхонанинг лойиҳа қиймати 2 миллиард сўмга тенг. Корхонага 66 та тикув машинаси, 25 та аверлок, 10 та дазмолловчи, 4 та ранг босувчи ҳамда 6 та қадоқловчи дастгоҳ ўрнатилган. Яратилган 100 та янги иш ўрнига «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар қабул қилинди. Ишчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун ошхона, кийиниш ва ювиниш, тиббиёт хонаси мавжуд. Уларга иш ҳажмига қараб, 4 миллион сўмгача ойлик маош тўланади. Аҳамиятлиси, бу ерда мактаб ўқувчиларини касбга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилди. Ойига 15 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бундан ташқари, 2 та ҳунармандчилик корхонаси ташкил этилди. 7 нафар ишсиз фуқарога субсидия ажратилди. Натижада қишлоқ хўжалиги, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик, касметология йўналишида янги иш ўринлари яратилди. Бандликни таъминлаш учун 16 гектар ерни фуқароларга аукцион орқали 50 сотихдан берилди. 7 та хусусий корхона ташкил этилди. 65 нафар фуқарога 1 миллиард 112 миллион сўм кредит ажратилди. Йил бошида 198 нафар ишсиз аниқланган эди. Ўтган даврда уларнинг 100 нафардан ортиғи ишга жойланди. Аммо меҳнат бозорига кириб келган мактаб битирувчилари, хориждан қайтган мигрантлар ҳисобига охирги хатловда 122 нафар ишсиз рўйхатга олинди.
Таклифим — бандликни таъминлаш учун аҳолига янада кўп унумдор ер ажратиш керак.
Иш ўрни яратиш мақсадида ҳудудда инвеститция дастури асосида суткасига 60 тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган ун тегирмони ўрнатиш белгиланган. Аммо Хитойдан олиб келинган ун тегирмони божхонадан ўтказилмаяпти. Агар шу масала ҳал бўлса, 60 нафар янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, маҳаллани бошқа ҳудудлар билан боғлайдиган асосий йўл Сардоба сув тошқинида яроқсиз ҳолга келганди. Шу йўлни таъмирлаб берилса, узоғимиз яқин бўлиш баробарида янги савдо дўконлари ташкил этиш имикони пайдо бўлади.
Ғуломжон ЎСАРОВ,
Сардоба туманидаги
“Ровот” маҳалласи раиси.