Маҳалламизда 5322 нафар аҳоли яшайди. Асосий “драйвер”имиз тикувчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда айнан шу йўналишларни қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратяпмиз.
Мисол учун, жорий йилги сўнгги хатловда 33 нафар ишсиз рўйхатга олинган бўлса, ўтган вақт мобайнида уларга имтиёзли кредит, субсидия ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Таклифлар асосида 15 нафар талабгорга субсидя ва кредит олиш учун ҳоким ёрдамчиси Акрам Олимов тавсия берди. Қолган 18 нафарига бўш иш ўринлари бўйича иш таклиф қилдик. Аммо уларга таклиф қилган ишларимиз маъқул келмагани учун замонавий касб-ҳунарга ўқитишни йўлга қўйдик.
Ўз навбатида аҳолига зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳалла инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ҳам босқичма-босқич ҳал бўлмоқда. 2023 йилда ҳудудда 3 та соғломлаштириш комплекси бунёд этилди. Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш маркази иш бошлади. Шунингдек, ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича юқори органларга таклифлар берилди. Айниқса, ички кўчаларнинг 6,7 км. масофасини асфальтлаш, 1,5 км. ичимлик сув тармоғини янгилаш, 1 та қўшимча трансформатор ўрнатиш, 100 дона эски симёғочларни бетон таянч устунларга алмаштириш, ҳудудда жойлашган 13-оилавий поликлиникани мукаммал таъмирлаш бўйича берган таклифларимиз тез орада ижобий ечим топишидан умидвормиз.
Шу кунларда маҳалламизда ҳам умумхалқ ҳаракат сифатида бошланган «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чоралар кўрилмоқда. 2 гектарли майдонда «Яшил боғ» ташкил этилиб, унда қарийб 1020 дона турли манзарали дарахтлар экилди. Тадбирда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари бошчилигида нуронийлар, ёшлар вакиллари, ташкилот ва корхоналар жамоалари яхши ниятлар билан ниҳоллар ўтқазишди.
Саодат ҲОЛБОЕВА,
Янги Наманган туманидаги “Фурқат” маҳалласи раиси.