Маҳалламиз — қишлоқ ҳудуди, шунга кўра, одамларнинг асосий тирикчилиги — деҳқончилик. Томорқасидан унумли фойдаланиб, рўзғор тебратаётганлар талайгина. Шу билан бирга, кўпчилик ўз хонадонида чорва моллари, парранда боқади.
Ҳудудимиз анча катта, хонадонлар тарқоқ ҳолда жойлашган. Йил бошида бу ердаги 1 480 та хонадон, 1 860 та оилада 9 900 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиларди. Очиғи, бундай катта ҳудудни бошқариш, ҳар бир оила ҳолидан хабардор бўлиш, кам таъминланганларни доимий қўллаб-қувватлашда қийинчиликларга дуч келардик. Шу боис маҳалланинг 618 гектар майдонида 4 300 нафарга яқин аҳолига эга “Янги Ўзбекистон” маҳалласи ташкил этилди. Янги маҳалланинг ўз ходимлари шакллантирилган бўлса-да, ҳали-ҳануз бу ҳудуд республика базасида бизнинг ҳисобда турибди. Ўйлайманки, бу масала яқин фурсатларда ҳал этилади.
Ўзим ўқитувчиман, ўтган йилги сайловда маҳалла аҳли менга ишонч билдирди. Ўтган муддат давомида одамлар билан ҳамжиҳатликда қатор ташаббусларни амалга оширдик. Хусусан, йиғин учун замонавий бино қад ростлади. Бу ерда ходимлар учун барча шароитлар яратилган, томига қуёш панели ўрнатилган. Шу билан бирга, 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 420 ўринли мактаб биноси янгидан қурилди.
Очиғи, ҳудудда қатор муаммолар йиғилиб қолганди. Йиғин аҳли билан маслаҳатлашиб, маҳалланинг дастурларга киришини кутиб ўтирмай, камчиликларни ўзимиз бартараф этишга киришдик. Бунда, албатта, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси қўл келмоқда. Лойиҳанинг жорий йилги биринчи мавсумда 2,5 километр ички йўлни асфальт қилиш таклифини киритдик ва ғолиб бўлдик. Икки ой муқаддам шунча масофада асфальт ётқизилди. Қолаверса, 2,6 километр ички йўлни “Менинг йўлим” лойиҳасига киритгандик, 23 мингта овоз олсак-да, ютолмадик. Фақат иккита ўринга ҳолиблик берилар экан. Худди шундай, “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумида 1 километр йўлни асфальт қилиш, электр симлари, таянч устунларни алмаштириш, янги трансформатор ўрнатиш бўйича лойиҳа киритгандик, 5 200 та овоз билан ғолиб бўлиш насиб этмади. Бироқ келгуси йил ҳаракатларни жонлантирамиз.
Шу ўринда йиғин фаолиятига оид фикрларимни билдириб ўтсам. Маҳаллада “бешлик” тизими йўлга қўйилгани яхши бўлди. Бироқ ходимларнинг ўзимизнинг маҳалладан танланмагани қийинчилик туғдирмоқда. Тўғри, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли “ARGOS” тизимидаги натижаларига қараб тайинланади. Аммо уларнинг ҳудудни ўрганиб, одамларни таниб олишига анча вақт кетиб қоляпти-да. Шу боис кўпгина жойларда ҳақиқатда эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш ишлари суст, ходимлар кимнинг қандай аҳволдалигини билмайди. Таклифим: маҳалла ходимлари бевосита одамлар билан ишлар экан, марҳамат, уларни шу ҳудуднинг ўзидан танлаш керак.
Бердиёр ОЧИЛОВ,
Кўкдала туманидаги
“Чувуллоқ” маҳалласи раиси.