Маҳаллага раис бўлиб сайланганимдан буён аҳоли мурожаатларини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилиб келаман. Ходимлар билан биргаликда хонада ўтирмай, уйма-уй юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганишни йўлга қўйганимиз. Шу боис аҳоли билан ишлаш қийинчилик туғдирмайди.
Хатлов жараёнида йиғиндаги 512 та хонадонда яшайдиган 2 791 нафар аҳоли орасида 130 нафар ишсиз фуқаро аниқланганди. Бугунгача уларни доимий ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирдик. Шу боис ҳудудда биронта бекор юрган одамни учратмайсиз. Ҳамма тирикчилик пайида, ҳалол меҳнат орқали даромад қилиб, рўзғорига қўшимча даромад киритмоқда.
Ишсизликнинг барҳам топишида ҳоким ёрдамчисининг ҳиссаси катта бўляпти. Айнан унинг ташаббуси ва кўмаги билан бугун одамлар имтиёзли кредит олиб, уйидан чиқмаган ҳолда мўмайгина даромад топяпти. Жумладан, Беруний кўчасида истиқомат қилувчи Ойбек Машарипов ўз уйидаги 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил этган. У етиштирган помидор, бодринг ва бошқа полиз маҳсулотлари нафақат ҳудудда, балки қўшни бозорларда ҳам анчагина харидоргир.
Хива кўчасида яшовчи Санамжон Хўжаниёзова 11 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига ўз томорқасида 2 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилиб, полиз маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйган. Қувонарлиси, Санамжоннинг ўғли Зафарбек Хўжаниёзов 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 6 дона тикув машинаси олиб, ҳудуддаги 5 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган.
Беруний кўчасида истиқомат қилувчи Лайло Ҳасанова 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобидан чеварчилик фаолиятини йўлга қўйиб, 5 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлади. Улар ишлаб чиқараётган трикотаж махсулотлари сифатли ва бежирим бўлгани учун боғча ва турли ташкилотлардан катта-катта буюртмалар қабул қилмоқда.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган аҳоли вакилларининг ҳолидан мунтазам хабар олиб турамиз. Жорий йил маҳалладаги эҳтиёжманд ва кам таъминланган оила аъзоларидан 4 нафарининг уйлари капитал таъмирланди, 5 нафар фуқаронинг уйлари том қисми ёпиб берилди. Шу билан бирга, маҳалладаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар, кам таъминланган ҳамда эҳтиёжманд оилаларга туман ҳокимлиги, маҳалладаги саховатпеша тадбиркорлар ҳомийлигида турли бирламчи озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий маҳсулотлар ҳамда бир марталик моддий ёрдам берилмоқда. 20 нафар «Оғир тоифа»га киритилган ёшлардан 11 нафари ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди, бепул дори-дармонлар билан таъминлаб келинмоқда.
Маҳалладаги Хива кўчасидан ўтган йўл қишда лой, ёзда чанг бўлиб кетарди. Анча таъмирталаб ҳолга келиб қолганди. Одамлар ушбу йўлдан юришга қийналишарди. Жорий йилда Президентнинг «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича аҳолини қийнаб келаётган йўл муаммоси барҳам топди. 622 метр тупроқ йўллар бетонлаштирилди. Худди шундай чанг, тупроқ бўлиб ётадиган Навоий кўчасидан ўтувчи йўл таъмирланиб, 700 метр узунликда қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Кўча бўйлаб пиёдалар ҳаракатланиши учун 1,7 километр узунликда пиёдалар йўлакчаси ташкил этилиб, носоз йўлакчалар бетонлаштирилди. Одамларнинг тупроқ ва чанг кўчаларда қийналиб ҳаракатланишига чек қўйилди.
Умуман, бугун одамлар яратилаётган шароитлардан мамнун, кўрсатилаётган эътибордан боши осмонга етмоқда. Ҳудудда биронта бекор юрган одамни учратиш амримаҳол. Ҳамма ҳалол меҳнат орқали ризқ топмоқда.
Муқаддас МАТЧОНОВА,
Ҳазорасп туманидаги
«Ишчилар» маҳалласи раиси.