Олти мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла ҳудуди 2019 йил Зангиота туманидан олиниб, Сергели туманига қўшилган. Ҳудуд аҳолиси, асосан, ҳовли уйларда яшашади. Аксарияти ҳунарманд усталар – дурадгор, сувоқчи, кафелчи…
Ҳар бир бино мустаҳкам бўлиши учун, аввало, унинг пойдевори бақувват бўлиши керак. Ёки дарахт яхши ўсиши учун илдизи мустаҳкам бўлиши лозим. Бугунги “Юқори Дархон” маҳалласи ёшларининг тарбияли бўлишида йигирма йиллик таълим соҳасидаги меҳнатимнинг ҳиссаси бор, деб ўйлайман. Чунки узоқ йиллар 76-мактабнинг маънавий-маърифий масалалари бўйича директор ўринбосари сифатида ёшлар таълим-тарбиясига оид турли лойиҳаларни амалга оширдик. Жумладан, “Хонадонга ташриф” технологияси асосида ҳар бир ўқитувчи бир йилда уч маротаба ўз ўқувчисининг хонадонида бўлиб, унинг яшаш шароити билан яқиндан танишиб борди. “Китоб билим манбаи”, “Китоб маърифатга элтади” танловлар ўтказилди. Бугун уларнинг самараси улароқ, маҳаллада бирорта жиноятчилик йўқ.
Йиғинда юздан ортиқ тадбиркорлар бор. 3 та меҳмонхона, битта хусусий клиника, 30 та кўчанинг 90 фоизи таъмирланган.
Афсуски, бугун одамлар боқимандаликка қараб кетяпти. Ҳашар билан мажбурий меҳнат нотўғри талқин этиляпти. Олдинлари бир гуруҳ кўнгилли ёшларни олиб, боқувчиси йўқ, ногирон хонадонларга бориб, уларнинг уй юмушларига кўмаклашардик. Дарс вақтида тинч ўтирмаганларни мактаб ҳовлисидаги дарахтлар тагини юмшатиш “жазоси” билан тарбиялардик. Уларга “ер чопиш яхшими, дарс қилиш” деб савол қўярдик…
Таклифим, ҳашар қадрият эканини, у мажбурий меҳнатдан фарқ қилишини Парламентга олиб чиқиб, қонуний асосларини кўрсатиб ўтиш лозим. Йўқса, яқин келажакда ёш авлод ҳашар тушунчаси ва дарахт экиш нима эканини унутиб қўйишлари мумкин.
Фахриддин АЗИМОВ,
Сергели туманидаги “Юқори Дархон” маҳалласи раиси.