Маҳалламиз 1958 йил ташкил этилган. Уни шакллантиришда Комил Мерганов деган киши бош-қош бўлиб, узоқ йиллар йиғин раиси бўлган. Кейинчалик шу кишининг номига атаб, “Мерган” маҳалласи бўлган. 2013 йил “Янги замон” номига ўзгартирилган.
2001 йил эски боғча бииноси маҳалла идораси учун берилган. 2018 йил замонавий маҳалла биноси қуриш учун бир инвестор бизнинг ҳудудга бириктирилади. У 5-6 сотих ер майдонида 8 та хонадан иборат бино ҳам кўтарадию, лекин ҳали битмасдан туриб, ишлаб турган маҳалла идорасининг кабелларигача олиб кетиб, электр, газ, сув таъминотидан узиб қўяди. Оқибатда бу ер инвесторнинг қурилиш фирмасидаги ишчилар ётоқхонасига айланади. Бундан норози бўлган маҳалла фаоллари судга мурожаат қилади…
Ана шундай низоли вазиятда – 2020 йил октябрь ойида маҳалла раиси бўлиб, дастлабки фаолиятимни мавжуд муаммони ҳал этишдан бошладим. Кенгаш аъзолари ва маҳалла фаолларининг жонкуярлиги сабаб 18 сотихли собиқ маҳалла идорамизни суд орқали ўз ихтиёримизга ҳал этдик, халқ мулки, халққа қайтарилди. Бу масалада ўша пайтдаги туман ҳокими катта кўмак бериб, 8 хонали маҳалламиз идорасини таъмирлаб, зарур шарт-шароитларни қилиб беришди. Газ, сув, электр энергия, интернет ўрнатдик. Энди канализация муаммосини ҳал этсак бўлди. “Инвестор” қурган бино эса яқинда ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги туман бўлимига ўтказиб берилди.
Ана шундай машмашаларни бошдан ўтказиб, ўз идорамизда ишни давом эттиряпмиз. Бизда кўп қаватли уйлар йўқ, ҳаммаси ҳовли уйлардан иборат. Аҳолимизнинг аксарияти давлат ташкилотларида ишлагани учун бизда ишсизлар деярли йўқ. 4 та меҳмонхона, битта тикув цехи ҳам бор. Ўзгаришлар катта – 18 та кўчамизнинг барчаси асфальтланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 та хонадонга қуёш батареялари ўрнатиб бердик.
Юқорида айтганимдек, маҳалламиз идораси 18 сотих ер майдонида жойлашган. Шу сабаб бўш жойга болалар майдончаси ва новвойхона қуриш ниятидамиз. Бу борада амалий ёрдамлар бўлса, халқимиз учун янада фойдали бўларди.
Яна бир таклифим, ҳар бир маҳаллага котиб штатини жорий этиш керак. Чунки маҳалла раиси ҳар доим кўчада, халқ билан мулоқотда бўлади. Турли хат-ҳужжат ишлари ва аҳолига зарур маълумотномаларни беришда котибнинг ўрни катта. Қолаверса, фаррош штатини ҳам жорий этиш лозим. Ахир маҳалла ҳам бир катта идорага, “маҳалла еттилиги”га айланяпти.
Куни кеча Президентимиз ўтказган видеоселекторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўплаб хайрли ташаббусларни илгари сурди. Ҳар бир масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берди. Бироқ экилган дарахтларни суғориш муаммосини ҳал этмаса, кутилган натижа бўлмайди. Тажрибамиздан маълумки, ёз чилласида кўплаб дарахтларимиз сувсизликдан қуриб кетди.
Мастура САРИҚОВА,
Миробод туманидаги “Янги замон” маҳалласи раиси.