Маҳалламиз туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган. Йиғиндаги аҳоли билан маҳалла ходимлари аҳил-иноқликда яшаб, фаолият юритамиз. Ходимлар билан бирга аҳолининг муаммоларини ўрганиб, мурожаатларига ижобий ечим топишга ҳаракат қиламиз. Аҳолининг катта қисми чорвачилик ортидан кун кўради, рўзғорини бутлайди.
Маҳалладаги ёшларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш учун маҳалла марказида хар хил турдаги тўгараклар ташкил қилганмиз. Шунингдек, йиғинда 3 та мактаб фаолият юритади. Уларнинг иккитаси қайта таъмирлаб берилган. Яна бири янгидан бунёд этилиб, энг сўнгги техника ва ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Аммо ҳар учала мактабда спорт зали мавжуд эмас.
Ҳудуддаги ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши анча юқори. Айниқса, футболга қизиқадиган йигитлар йиғинда анчагина. Ёз, баҳор ва куз ойларида ўқувчилар ва маҳалладаги ёшлар ташқарида спорт билан шуғулланишлари мумкин. Лекин қишда ва қор-ёмғирли кунларда бунинг имкони бўлмайди. Шу боис спорт зали қуриб бериш учун Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармасига, Олий Мажлис Сенати аъзоси Носиржон Аминовга ҳамда халқ депутатлар Тошкент вилояти Кенгаши аъзоси Тошпўлат Маткаримовга кўп бора мурожаат қилганмиз. Ҳар гал қуриб берилиши ҳақида ваъда берилади. Лекин ҳамон мактабларда спорт зали мавжуд эмас. Туман ҳокимлигига мурожаат қилганимизда эса: «Ана, “Open Budjet”га қўйинглар» деган жавобни олдик.
Таклифим: ҳудудимиздаги 3 та мактабдан ҳеч бўлмаганда биттасига спорт зали қуриб берилса, ёшларнинг бўш вақтида спорт билан шуғулланишлари шароит яратилган бўлар эди. Қолаверса, ёшлар қор-қировли кунларда ҳам бемалол спорт билан шуғулланарди.
Қаҳрамон ҒАФУРОВ,
Оҳангарон туманидаги
«Гўшсой» маҳалласи раиси.