Қорамозор» маҳалласида 5 йилдан буён раис бўлиб фаолият юритиб келаман. Шу вақтгача ҳудуддаги аҳолининг муаамоларини ўрганиб, мурожаатларини жойида ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, дастур доирасида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Маҳалламиз 4 та қишлоқдан иборат бўлиб, 2,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман маркази билан маҳалла ўртасида жамоат транспорти қатнови мавжуд эмас. Уч-тўртта шахсий автомобили бор фуқаролар киракашлик қилади. Аммо уларнинг нархи «отни калласидек». Айниқса, қиш пайтлари улар такси нархини икки-уч бараварга кўтариб олишади. Мажбурликдан аҳоли яна уларга юзланади. Маҳаллада узоқдан келиб ишлайдиган ўқитувчилар, ўқувчилар бор. Фарзандларини боғчага олиб келадиган ота-оналар бор. Уларга жабр бўляпти. Топган пуллари йўлкирасига кетиб қоляпти.
Киракашларнинг йўлкира нархини ошириб олгани бўйича аҳоли томонидан жуда кўп эътирозлар бўлади. Ходимларимиз билан нархларни тушириш кераклиги ҳақида бир неча маротаба айтганмиз, лекин фойдаси бўлмаган. Шу боис туман марказига бориш учун жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик, яна натижа бўлмади. Транспорт вазирлигига алоқага чиқдик. Хайриятки, мурожаатимизга биноан Транспорт вазирлигидан вакил келиб, ҳудуд билан танишди ва йўлларимиз жамоат транспорти қатновига жавоб бермаслигини маълум қилди. Шундан сўнг маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастури доирасида асфальт қилинди. Транспорт қатнови учун носоз бўлган йўллар равон бўлди. Йўл четларига тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар ўтиши учун керакли жойларга пёдалар йўлакчалари ётқизилди. Зарур жойларга йўл белгиларини ҳам ўрнатдик. Бироқ ҳали-ҳануз асфальт бўлган, йўл белгилари мавжуд, пиёдалар йўлакчалари ташкил этилган, қолаверса, йўл четлари тўсиқлар билан ажратилган бўлса-да, йўлларимиз жамоат транспорти учун яроқсизлигача қолмоқда экан. Аҳоли эса мажбурликдан ҳамон «оч бўридек» уларни кутиб турган киракашларга юзланишга мажбур.
Таклифим шуки, маҳалламиз ва туман маркази ўртасида жамоат транспорти қатнови йўлга қўйиб берилса. Шунда аҳоли бор пулини нархи осмон киракашларга эмас, жамоат транспортига сарфлар эди. Узоқдан қатнаб ишлайдиганлар, болаларини мактаб, боғчага олиб келадиган ота-оналарнинг ҳам йўлкира пуллари анча тежалган бўларди.
Дилшод ЙЎЛДОШЕВ,
Бўстонлиқ туманидаги
«Қорамозор» маҳалласи раиси.