Маҳалламиз Термиз шаҳри марказида жойлашган. Жорий йилда ҳудуд катта ўзгариш ва янгиланишларга юз тутди. Президент топшириғи асосида шаҳардаги ҳар бир маҳаллага бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари учун 2 миллиард сўмдан ажратилди. Бу маблағ ҳисобига одамларни анча вақтдан бери қийнаётган масалаларга ечим топдик, инфратузилмани яхшиликдик.
Маҳалладаги 25 та кўп қаватли ва 264 та якка тартибдаги уй-жойда 1 230 та хонадонда турли миллатга мансуб 4 744 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда олиб борилган бунёдкорлик ишлари доирасида кўп қаватли ва якка тартибдаги тураржой бинолари таъмирланди. Кўчалар тубдан таъмирланиб, аҳоли ва транспорт воситалари қатнови учун барча шароит яратилди. Болажонлар учун ўйингоҳлар барпо этилиб, жиҳозланди. Маҳалла ва бошқарув сервис компанияси биноси, тикувчилик цехи, мўъжазгина кутубхона ҳудуд чиройига ўзгача ҳусн қўшди. Қисқа вақтда юз берган бу ўзгаришлар ёшу кексанинг фахр-ифтихор ҳиссини юксалтириб, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “маҳалла еттилиги” ишини намунали йўлга қўйиш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ, куни кеча вилоятнинг 6 та ҳудудида “еттилик” фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг вазифа ва мажбуриятларни тушунтириш юзасидан семинарлар ташкил этилди.
Маҳалла раислари учун ўтказилган семинарга айнан бизнинг маҳалла танлаб олинди. Иштирокчилар дастлаб бу ерда фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги”, бошқарув сервис компанияси фаолияти, “Ватанпарварлар” ҳарбий-ватанпарварлик боғи билан танишди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда “еттилик” фаолиятини йўлга қўйишда маҳалла раисларининг ўрни ва вазифалари муҳокама этилди. Уларга юклатилган вазифалар акс этган тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, вилоятда маҳаллаларни янада ободонлаштириш бўйича “долзарб 10 кунлик” эълон қилинди.
Дарҳақиқат, “еттилик” фаолиятининг йўлга қўйилгани ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш, жиноятчилик, оилаларда зўравонликнинг олдини олиш, аҳоли бандлиги, ижтимоий муҳофазаси каби масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу вазифаларни бажаришда эндиликда ҳар бир маҳалланинг ўз ёндашуви, йўналиши бўлади. Энг муҳими, буларнинг барчасини ҳал этиш учун ташкилий чора-тадбирларни тўғри белгилаш баробарида молиявий кўмакка эҳтиёж туғиларди. Шу жиҳатдан аҳолидан йиғиладиган мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизини маҳалла бюджетида қолдириш тизими жорий қилинаётгани муаммоларни жойида ҳал этиш имконини беради. Қолаверса, бандлик, тадбиркорлик ва касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимланиши, уларни ишлатиш маҳалланинг ўзида, “еттилик” ихтиёрида бўлиши зиммамизга катта масъулият юклайди.
Дилафрўз ТОШБОЕВА,
Термиз шаҳридаги
“Ўзбекистон” маҳалласи раиси.