Бу ҳудудлар бир замонлар қўриқ ерлар бўлган. Одамнинг қўли гул деганларидек, бугун катта ўзгаришлар бўлмоқда. Туркманистон Республикаси билан чегарадош маҳалла аҳолиси, асосан, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланишади. Ҳар бир хонадонда чорва моллари боқилади. Қўшимчасига етти хазинанинг бири – товуқ ҳам бор.
Ҳудудда шўрланган ерлар кўп бўлгани сабаб, томорқаларда буғдой ва шоли экилади. Ғалладан кейин карам, сабзи, турп каби озиқ-овқат маҳсулотлар экишади. Бу йил 116 нафар ишсиз фуқаронинг 34 нафарига 30 сотихдан 30 йилга ер берилди. Улар бозорбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштирмоқда. Аксарият аҳоли кредитга мотокультиватор, электр мотоцикль, мини тракторлар олиб, ўзини ўзи банд қилмоқда. Қассобхона, сартарошхона очиб, даромад топаётганлар бор.
Асосий муаммо, оқова сув. Агар сув муаммоси бўлмаса, қолган масалалар ҳал этилаверади. Икки йил ичида 2 километр йўл асфальтланиб, 3 километр йўлга тош тўкилди. Яна 7-8 километр тупроқ йўлларга тош тўкилиб, асфальтланиш керак. Шунингдек, 3 киломтер қувур тортилиб, ҳар бир хонадонга ичимлик сув киритилди. Иккита трансформатор ўрнатилиб, янги хўжаликлардаги электр муаммоси ҳал этилди. 15 дан ортиқ симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди.
Қувонарлиси, маҳаллада вилоятда ягона маданият маркази бор. 2021 йил қайта таъмирланган марказда тикувчилик, компьютер, гимнастика, рассомчилик, дутор, ашула тўгараклари ва кутубхона бор. Уларда юзга яқин ўғил-қизлар ўз қизиқишларидан келиб чиқиб шуғулланишади. Тўгаракларга қўшни “Ширшоли” маҳалласи ёшлари ҳам қатнашади. Маданият марказида “Заковот” интеллектуал ўйини, “Беш ташаббус олимпиадаси” каби туманнинг кўплаб тадбирлари ўтказилади.
Маҳалла гузари янгидан таъмирланди. Бу ерда маҳалла ходимлари учун барча шарт-шароитлар бор. Ҳатто, гузарда тўй ва турли маросимлар ўтказиш мумкин. Яқинда нуронийлар учун ака-ука Эшчановлар ҳамда Ғуломжон Ёқубов концерт беришди…
Таклиф: йиғиндаги 60 ўринли эски давлат боғчаси ўрнида янги 150 ўринли боғча қурилиши зарур. 4 та оилавий боғча бор, лекин қамров етарли эмас…
Умирбек ТОИРОВ,
Янгиариқ туманидаги “Қўриқтом” маҳалласи раиси.