Халқимизнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бу жараён янги Конситутция қабул қилингандан кейин янада мустаҳкамланди.
Аҳолининг турмуш тарзи ва ҳолатидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя механизмлари шакллантирилди. Ишнинг бориши жамоатчилик назорати ҳисоботларида очиқ-ойдин акс эттирилиб, рақамли ахборотлаштириш тарзида амалга оширилаётганининг ўзи ижтимоий ҳимоя соҳасидаги муҳим инқилобий ўзгариш, деб ҳисоблайман.
Шахсан ўзим ҳам маҳалла раиси сифатида билвосита халқ орасида, уларнинг муаммолари, дарду ташвиши, орзу-ниятларини англаган ҳолда қуйидаги таклифларни айтмоқчи эдим.
Биринчи таклифим — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами вакиллари орасида кутилмаган касаллик ёки тасодифлар содир бўлганда уларни қўллаб-қувватлаш учун “Ревалвер ёрдам” маблағлари ажратиш тизимини шакллантириш керак. Бундай ҳолатлар жуда кўп учраб, ижтимоий ҳимоя тизимлари ёрдами етиб келгунча аксарият одамлар ночорликка, ноиложликка тушиб қолмоқда.
Биламизки, халқимиз кўп фарзандли, болажан халқ. Бу миллий менталитетимиз сифатида шаклланган. Аммо кўп болали оилалар фарзандлари тарбияси, яшаш шароити, ўқув қуроли, уйдаги қулайликларини доимий мониторинг тизими яратилмаган. Кейинги таклифим айни шу йўналишда. Яъни, оилаларни доимий кузатиб борадиган, маҳалла фаоллари хулосаларига асосланиб, ижтимоий кўмак берадиган назорат тизимини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман.
Ж РАҲМОНҚУЛОВ,
Боёвут туманидаги
“Навбахор” маҳалласи раиси,
туман Кенгаши депутати.