Маҳалламизда қарийб 986 та хонадонда 4 521 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Асосий тирикчилик манбаи — чорвачилик ва деҳқончилик. Тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларида ривожланяпти. Ҳудуд инфртузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йилдда 1800 метр масофадаги ички тупроқ йўли таъмирдан чиқарилиб, асфальтланди ва шағал ётқизилди. Ижтимоий объектларда таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бандликни таъминлаш — доимий эътиборимизда. Хусусан, 18 нафар йигит-қизга қарийб 2 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ҳар бири 10 сотихдан томорқага эга бўлган бу ёшлар жорий деҳқончилик мавсумида ердан баракали ҳосил етиштириш ҳаракатига тушгани қувонарли, албатта. Яна ўнга яқин йигит-қизга ўз истак-хоҳишига мос равишда меҳнат қуроллари, мотокультиватор, пайвандлаш аппарати ва тикув машинаси субсидия асосида олиб берилди. “Аёллар дафтари”даги 30 нафар аёлга имтиёзли кредит берилгани уларнинг ўз бизнесини бошлашига шароит яратди. Яна 16 нафарига амалий кўмак берилди, 1 нафар аёл ногиронлик аравачаси, ўнга яқин оила бекаси эшитиш мосламаси, ҳасса, шунингдек, туман шифохонасида бепул даволанишга йўлланма олган бўлса, 3 нафар аёлнинг уй-жойи таъмирлаб бериляпти.
Юқоридаги ишларда маҳалла ходимларининг ҳиссаси катта, албатта. Президент ташаббуси билан маҳаллаларда “еттилик” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бунда энг муҳим жиҳат шу бўлдики, ҳар бир ходимнинг нима билан шуғулланиши аниқ белгилаб бериляпти. Мисол учун, маҳалла раиси — эҳтиёжманд оилаларга уй-жойини яхшилашга, ҳоким ёрдамчиси — ишсизларга иш топишга кўмаклашса, ёшлар етакчиси — ёшларни спорт, мусиқа ва бошқа тўгаракларга, хотин-қизлар фаоли — аёлларни тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб қилади. Таркибга янги қўшилаётган солиқ ходими — солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашса, ижтимоий ходим — ёлғиз кекса, ногирон ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизмат кўрсатиш каби аниқ вазифалар билан шуғулланади.
Бу жараёнда маҳалла раислари ваколати кенгайтирилиб, ходимларнинг ойлик иш ҳақи раис томонидан тасдиқланиши, йиғин раиси “еттилик”ни рағбатлантириш ёки уларга интизомий жазо чораларини тайинлаш бўйича уларнинг юқори идорасига тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлгани кўпдан бери кутган янгилик бўлди. Боиси айрим ҳолларда раисларга шунчаки “оқсоқол” сифатида қаралиб, амалда уларда ходимлар устидан назорат қилиш имкони йўқ эди. Оқибатда айрим йиғинларда ходимларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар кузатилаётганди. Эндиликда бу ҳолатларга чек қўйилади.
Санжар ЖУМАЕВ,
Вобкент туманидаги
“Косари” маҳалласи раиси.