Маҳалламизда учта — Янгийўл, Шарқ, Буржоқ кўчалари мавжуд бўлиб, 2 020 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йили ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилиб, 1 километр йўлга асфальт ётқизилган, 2,3 километр йўл бетонлаштирилиб, 3,2 километр йўлга шағал тўшалганди. Қолаверса, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 100 зиёд таянч бетон устунлар янгисига алмаштирилиб, 2,7 километр электр узатиш тармоқлари янгиланди.
Дастур доирасида маҳалла тўлиқ ичимлик сув билан таъминланди, 180 ўринли замонавий уч қаватдан иборат болалар боғчаси, 380 ўринли мактабга қўшимча бино, “Буржоқ” оилавий шифокорлик пункти қуриб берилди. Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларида уларнинг қозонхоналари янгиланди. Юқоридагиларга қўшимча равишда жорий йилда яна 2 километр йўлга шағал ётқизилди, 20 га яқин симёғочлар янгисига алмаштирилди.
Инфратузилма ҳақида сўз кетар экан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида маҳалла аҳли ўзаро бирдамлик ва ташаббус кўрсатиб, овоз беришда фаол иштирок этганини қайд этиб ўтиш ўринли. Хусусан, жорий йилги иккинчи мавсумда хайрли ният ва уюшқоқлик билан қилинган ҳаракат ўзини оқлаб, 8 600 тадан кўп овоз йиғиб, 1 миллиард 320 миллион сўм маблағни ютиб олдик. Бу маблағ эвазига Янгийўл кўчасидаги 2,8 километрдан зиёд ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилиб, обод ҳолга келтирилди.
Шу билан бирга, бандликни таъминлашда маҳалланинг ўрни ошиб боряпти. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойида “бешлик” кўмагида 193 нафар фуқаронинг турли соҳаларда бандлиги таъминланди, 118 нафарига 1 миллиард 900 миллион сўмдан зиёд кредит маблағи олиб берилиб, бизнесини бошлашига кўмаклашилди. Яна 138 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиб, рўзғорини тебратяпти.
Маълумки, 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бу мавсумда республика бўйича 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. “Буржоқ” маҳалласида бу жараёнлар тартибли йўлга қўйилиб, ҳозиргача 200 дона қайрағоч, 200 дона бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Президент ташаббуси билан ҳар бир маҳаллага бепул кўчат етказиб берилаётгани, кўчат ярмаркалари ташкил этилаётгани ўз самарасини бериб, хонадонлар ташаббусига кўра, уларга 10 тадан терак, тут, ток қаламчалари тарқатилди.
Очиғи, Президент Шавкат Мирзиёев 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган йиллардаги хатоларни такрорламаслик шарт эканига эътибор қаратиб, қатор чораларни белгилаб бергани самарали бўлди. Хусусан, кўчат экишда манфаатдорликни ошириш мақсадида Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари маҳалланинг ўзига берилиши, бу маблағларни дарахт экиш, парваришлаш ва тозалик тадбирларига йўналтириш белгилангани кўчатларнинг қаровсиз қолиб кетмаслигини таъминлаяпти. Ҳар бир маҳаллада қайси дарахт яхши кўкаришини одамларнинг ўзи яхши билиши ҳисобга олиниб, кўчат тури аҳоли билан бамаслаҳат танланаётгани уларнинг баравж ривожланишига хизмат қилади.
Ўткир РУСТАМОВ,
Олот туманидаги
“Буржоқ” маҳалласи раиси.