Дарҳақиқат, шундай. Норин туманидаги “Учтепа” маҳалламиз “Ташаббусли бюджет” танловида мунтазам қатнашиб, ҳозиргача умумий ҳисобда 6 та лойиҳада ғолиб бўлди. Эътиборлиси, маҳалламизда жами 18 км. ички кўча бўлса, бугунга келиб, 95 фоизи айнан юқоридаги лойиҳа эвазига асфальтланди.
Ташаббуснинг жорий йилги 1-мавсумида 2 та лойиҳа билан қатнашиб, энг кўп овоз тўпладик. Биринчи лойиҳага кўра, Обод ва Нафосат кўчаларига янги симёғоч, 250 кВт.ли янги 4 та трансформатор ўрнатиш, кабель тортиш, иккинчисида Биллур кўчасини асфальтлаш имконига эга бўлдик. Икки лойиҳамиз учун бюджетдан 2 миллиард 345 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Шу кунгача жами 6 миллиард 300 миллион сўм маблағ ютиб олдик. Биринчи лойиҳа асосида “Менинг йўлим” дастурида 2 та, яъни Биллур ва Обод кўчамизнинг 2 км. 300 метр қисми асфальтланишига эришдик. Бунинг учун 1 миллиард 150 миллион сўм ажратилди. Иккинчи ғолибликда Дўстлик ва Обод кўчасининг 4 км. 600 метр масофасини асфальтлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағга эга бўлдик.
Навбатдаги танловга оқова сув муаммосини ҳал этиш ташаббусини қўймоқчимиз. Бундан ташқари, ҳашар йўли билан тоза ичимлик сув тармоғи, ўтиш кўприкларини бунёд этдик.
Мендан бу натижаларга қандай эришаётганимизни сўрашади. Ягона сабаб — аҳолини бир мақсад йўлида бирлаштира оляпмиз.
Яқинда ҳомийлар ёрдамида ҳашар йўли билан тез тиббий ёрдам биносини қуриб битказдик. Бунинг учун 195 миллион сўм маблағ сарфладик. Ўз навбатида туман тиббиёт бирлашмаси маҳалламизга “Damas” автомашинаси совға қилди. Муҳими, йиллар давомида ҳал бўлмаётган муаммога аҳолининг саъй-ҳаракати билан ечим топдик. Бу — бир мақсад йўлида бирлигимиздан.
Дилшод ШЕРАЛИЕВ, Наманган вилояти Норин туманидаги “Учтепа” маҳалласи раиси.