“Ҳар бир маҳалла қошида кичик корхоналар ташкил этилса…”
Ишонч билан айта олманки, маҳалламиз нафақат туманда, балки вилоятда ҳам етакчи ҳисобланади. Одамларимиз ҳам шунга монанд ҳаракатчан. Эътиборлиси, фуқаролар йиғинимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилган.
Дастур доирасида ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Қарийб 4,4 км. ички йўллар шағаллаштирилиб, 3,3 км. йўллар асфальтлаштирилди. Жумладан, Юксалиш, ибн Сино, Б.Марғилоний, ал-Фарғоний, Соҳибкор кўчаларида асфальтлаш ишлари амалга оширилди. Мавжуд электр узатиш тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш мақсадида электр тармоқлари корхонаси томонидан 2,7 км. электр узатиш тармоғи тортилди. А.Қодирий кўчасига 1 та трансформатор, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Камолиддин Беҳзод кўчаларига 93 та темир бетон таянчлар ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, мавжуд электр қурилмаларини мукаммал ва жорий таъмирланди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Хонобод” йиғини ҳудудида Фарғона сув таъминоти» МЧЖ томонидан 7,5 км. ичимлик сув тармоқларини тортиш ва сиғими 25 метр/куб бўлган ичимлик сув минорасини ўрнатиш ишлари амалга оширилиб, 2 дона ичимлик сув иншоотини қуриш ишлари олиб борилди. Бу билан 596 дан зиёд хонадондаги 3500 нафар фуқаронинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси ечимини топди.
2022-2023 йилларда ҳам ишлар давом этди. Масалан, Юксалиш кўчасининг 2,2 км. қисмига электр кабеллар тортилди. 109 та бетон устунлар ҳамда янги трансформатор ўрнатилди. 13-мактаб ва 15-МТТга олиб борувчи ички йўлининг 1200 метр қисми асфальтланди. Қолаверса, бу муассасаларга ўтиш учун 3 та катта зовур устига кўприк қурилди. Натижада болажолнларнинг узоғи яқин бўлди. Хашар йўли билан 11 та кўчамизга 85 та тунги ёритиш чироқлари қўйилди. Яна бир қувонарли янгилик, ҳудудимиздаги ташландиқ ер майдони тозаланиб, хашар йўли билан яшил парк — Ёшлар боғи барпо этдик. Боғ таркибида “Яшил макон”, “Бук кафе”, югириш, баскетбол, волейбол, теннис майдонлари қурилди. Нуронийларни соғломлаштириш мақсадида саломатлик йўлаклари, амфитеатр барпо этдик. Бўш қолган 60 квадрат майдонга Варкаут ўрнатдик. Қувончлиси, бу иншоотни маҳалладошимиз Одинахон Ҳамдамова “Беш ташаббус” мусобақасида ғолиб бўлгани учун ўрнатиб берилди. Бу ишлар учун ҳомийлар ҳисобидан 580 миллион сўм маблағ сарфланди. Вилоят ҳокими боғимиз очилиш маросимида иштирок этиб, ишимизга юқори баҳо берди. Натижада тажрибамиз бутун вилоятда оммалаштирилди.
Қилаётган ишларимизга монанд натижаларимиз ҳам мақтанарли. Айни пайтда жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айландик. Оилавий ажралиш ҳамда нотиинч оилалар йўқ. Камбағалликни қисқартириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришдик. Бугунги кунда ишсизлик 7 фоизни ташкил этади, холос. Рўйхатга олинган 11 нафар ишсиз аёлларга субсидия асосида тикув машинаси олиб бердик. “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан 3 нафари ёшларга ҳам тикув машинаси ва 7 нафарига иш қуроллари ажратдик. 35 нафар ишсизларни “Поско” кластерига ишга жойладик. Ҳудудда 18 нафар тадбиркор бўлиб, 100 га яқин иш ўрни яратган. Асосий драйверимиз узумчилик ва лимончилик ҳисобланади.
Бир таклиф билдириб ўтмоқчиман. Ҳар бир маҳаллада имкониятидан келиб чиқиб, кичик корхоналар ташкил этишга шароит яратиш керак. Масалан, 2020-2021 йилларда маҳалла қошида ана шундай тарзда чевархона очиб, расман 40 та иш ўрни яратгандик. Маҳсулотларимиз хорижга ҳам экспорт қилина бошлаганди. Аммо “юқоридан” текширувчи келиб, тикув машиналарни қайтариб олди. Маълум бўлишича, бу ускуналарни субсидия асосида фуқароларга шахсан бериш керак экан. Шу боис 40 та тикув машинасини рўйхатдагиларга субсидия асосида тарқатдик. Афсуски, бугун ўша фуқароларнинг 50 фоизи берилган ускунадан самарали фойдаланмаяпти. Ёмон томони, корхонамиз иши тўхтаб қолди. Оқибатда яратилган 40 та иш ўрни йўқ бўлди. Таклифим: имкони бор маҳаллаларга мана шу каби тадбиркорликни йўлга қўйишда моддий кўмак бериш зарур.
Баҳодир ЮСУПОВ,
Ёзёвон туманидаги
“Хонобод” маҳалласи раиси,
“Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиби.