Қайд этиш керак, “Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган ва амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган таклифлар овоз бериш йўли орқали саралаб олинади ва уларга шакллантирилган маблағлар йўналтирилади. Бунда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳаларига эътибор қаратилади.
Масалан, ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилган Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган 60 та маҳаллада 65 мингдан зиёд солиқ тўловчи бор. Бундан “Дегрез” маҳалласида 700 та объект бўлиб, йиллик ҳисобланган мол-мулк солиғи 513,1 млн. сўм, йил бошига солиқ қарзи эса 84,5 млн. сўмни ташкил этади. Агар маҳалла томонидан апрель ойида 100 млн. сўм ундирилса, ушбу сумманинг 10 фоизи ёки 10 млн. сўми “Дегрез” маҳалласи жамғармасига ўтказилади. Фуқаролар йиғини бу маблағни болалар майдончасини таъмирлаш ёки кам таъминланган оилаларга кўмак учун ажратиши мумкин.
Дарҳақиқат, юқоридаги тизим фуқаролар йиғинларининг том маънода демократик институт сифатидаги иш фаолиятига моддий асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, маҳалла фаолларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг йиғиннинг ўзидан тўланиши ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун зарур маблағлар манбаси яратилгани катта ижобий қадам бўлади. Шу билан бирга, маҳалланинг молиявий имкониятлари кенгайтирилиши унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни тан олинаётганининг яққол далили ҳамдир.
Маҳалладаги молиявий имкониятлар жамоатчиликнинг манфаатларига, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилиши ҳақида сўз борганда, бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган Ягона реестрга киритилган фуқароларга моддий ёрдам ва бошқа маблағларни маҳалла ҳисоб-рақамида тўғридан-тўғри молиялаштириш мумкин.
Иккинчидан, маҳалла ҳудудидаги қабристонларни, ички кўчаларни таъмирлаш ва сақлаб туриш харажатларини туман бюджетидан маҳалла бюджетига ўтказиш яхши самара беради.
Учинчидан, маҳалладаги айрим фуқароларнинг тўй ва дафн маросимларига моддий ёрдам бериш, меҳнат фахрийларини сиҳатгоҳларга юбориш каби ишларни ҳам маҳалла доирасида амалга ошириш мумкин.
Юқоридаги сарф-харажатларни молиялаштиришда ер ва мулк солиғини ундиришдан тушган маблағлар ҳамда йиллик харажатлардан келиб чиқиб, туман, вилоят ёки республика бюджетидан бериладиган субсидия — ёрдамлар ҳисобига бажариш мақсадга мувофиқдир.
Санжар ИСМАТОВ.