“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,
сиёсий фанлар доктори, профессор.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йиллик мамлакатимизда миллий юксалиш даври бўлишини қайд этди. Шу мақсадда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур белгилаб берилди.
Уларнинг ҳар бири мамлакат ҳаётининг муайян йўналишини қамраб олса, олтинчи миллий дастур тараққиётнинг энг қуйи ва энг муҳим бўғини — маҳалланинг мақомини янги босқичга кўтаришни назарда тутади. Унга кўра, маҳалла жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантирилади. Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги — энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Бу ёндашув маҳалланинг давлат ва жамият ўртасидаги ўрнини ҳам сифат жиҳатидан ўзгартиради. Маҳалла буюртмаси орқали давлат сиёсати одамларга янада яқинлашади, тараққиётнинг манзили ва натижаси аниқлашади. Энг муҳими, бу жараённинг марказида инсон тақдири, унинг талаб ва эҳтиёжи, оила фаровонлиги турибди. Бугунги Янги Ўзбекистон маҳалласи, бу — Президент орзу қилганидек, одамларнинг дарди эшитиладиган, муаммолари ўз вақтида ҳал этиладиган, тараққиёт ва бунёдкорлик марказига айланган маҳалладир.
МАҲАЛЛА ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ИНСТИТУТИГА АЙЛАНДИ
2017 йилдан бошлаб, Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллага нисбатан мутлақо янги сиёсий ёндашувни шакллантирди. Давлат раҳбари ҳар бир ҳудудга ташрифи давомида маҳалладаги ҳақиқий аҳвол билан танишишни, аввало, одамлар дардини маҳалла орқали эшитишни бош мезон сифатида белгилади. Натижада давлат бошқарувида “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” ишлаш каби янги бошқарув тамойиллари пайдо бўлди.
Авваллари вазирлик ва идоралар ўз фаолиятини, асосан, туман ёки шаҳар миқёсида режалаштирган бўлса, янги тизимда барча ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар маҳалла кесимида таҳлил қилинадиган бўлди. Энди қайси маҳаллада ишсизлик юқори, қаерда муҳтож оилалар кўп, қаерда инфратузилма муаммоси мавжудлиги давлат қарорларини қабул қилишда асосий мезонга айланди.
Илгари маҳалла раиси, асосан, мурожаатларни қабул қилувчи ва уларни юқори ташкилотларга йўналтирувчи шахс сифатида қаралган бўлса, ислоҳотлардан кейин у маҳаллада амалга оширилаётган давлат сиёсати натижалари учун масъул раҳбар сифатида эътироф этилди. Раиснинг давлат органлари билан ҳамкорлиги кенгайди, унинг ташаббуслари асосида кўплаб ижтимоий масалалар жойида ҳал этиладиган тизим шаклланди.
Энг муҳим ўзгариш шунда бўлдики, давлат идоралари фуқарони ўз ҳузурига чақириш амалиётидан воз кечиб, муаммонинг ўзи яшаб турган маҳаллага тушиш тамойилига ўтди. Президент томонидан ҳар бир раҳбарга маҳаллаларга чиқиб ишлаш, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, муаммони идорада эмас, жойида ҳал этиш талаби қўйилди. Бу давлат хизматларининг аҳолига яқинлашишига хизмат қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган давлат ва жамият қурилишига оид энг муҳим ислоҳотлардан бири — маҳалла институтини конституциявий даражада мустаҳкамлаш бўлди. 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида маҳалланинг ҳуқуқий мақоми, жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти сифатидаги аҳамияти янада аниқ ва мустаҳкам ифода этилди.
“МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ” —
МАҲАЛЛАДА ЯГОНА ЖАМОА БЎЛИБ ИШЛАШНИНГ ЯНГИ МОДЕЛИ
Авваллари маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал этишда бир нечта идора вакиллари иштирок этган бўлса-да, уларнинг фаолияти ягона мақсад ва ягона режа асосида мувофиқлаштирилмаган эди. Барча ходимлар, асосан, ўз тизими доирасида иш олиб борар, битта оиланинг муаммоси эса турли ташкилотлар ўртасида парчаланиб кетарди.
2016–2026 йиллар давомида Президентимиз ташаббуси билан маҳаллада комплекс ишлаш тамойили шакллантирилди. Амалиёт шуни кўрсатдики, аҳоли муаммоларини самарали ҳал этиш учун барча масъулларни ягона жамоа сифатида ишлашга ўтказиш зарур эди. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, “маҳалла еттилиги” тизими жорий этилди.
Эндиликда маҳалладаги етти асосий субъект — маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори ягона жамоа сифатида ишлайдиган тизим шаклланди. Ҳар бирининг вазифаси аниқ белгиланиб, уларнинг фаолияти ўзаро уйғунликда ташкил этилди.
“Маҳалла еттилиги”нинг энг муҳим жиҳати шундаки, у муаммони қайд этиш билан чекланмайди, балки натижа учун жамоавий масъулиятни таъминлайди. Бир хонадонда ишсизлик, камбағаллик, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқбузарлик ёки тарбия билан боғлиқ муаммо сақланиб қолса, бу энди битта ташкилотнинг эмас, балки бутун “еттилик”нинг умумий масъулияти ҳисобланади.
ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАЛАРИ УЮШМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Маҳаллалар турли давлат идоралари билан алоҳида-алоҳида ишлагани учун фаолиятда бир хил ёндашув, ягона стандарт ва тизимли назорат етарли даражада таъминланмас эди. Бу эса айрим ҳудудларда яхши тажрибалар шаклланса-да, уларни республика бўйлаб оммалаштириш ва барча маҳаллаларда бир хил самарадорликка эришишни қийинлаштирарди.
2017–2026 йиллар давомида Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла институтини кучайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорларни қабул қилди. Маҳалланинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва ижтимоий хизмат тизими маҳаллага олиб кирилди. Бироқ бу ўзгаришлар ягона бошқарув марказини шакллантиришни ҳам талаб қилаётган эди.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2023 йил 21 декбардаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди.
Бу маҳалла тизими тарихида мутлақо янги институционал босқич бўлди. Илк бор республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳалла даражаларида ягона вертикал бошқарув тизими шакллантирилиб, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш, методик қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг яхлит тизими яратилди.
МАҲАЛЛАНИНГ МОЛИЯВИЙ МУСТАҚИЛЛИГИ МУСТАҲКАМЛАНДИ
2016 йилга қадар маҳалла фуқаролар йиғинларининг молиявий имкониятлари жуда чекланган эди. Маҳаллалар, асосан, юқори турувчи ташкилотлар ажратган маблағларга таянар, кўплаб ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш ёки ҳудуддаги долзарб муаммоларни мустақил ҳал этиш учун етарли молиявий манбаларга эга эмас эди.
Сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар натижасида маҳалланинг молиявий асосларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президент ташаббуси билан маҳаллаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимлари шакллантирилди.
2022 йил 26 декабрдаги “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилди. Унга кўра, мол-мулк ва ер солиғи (бундан нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи мазкур тизимга йўналтирилди.
Бу борадаги энг муҳим янгиликлардан бири — Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасининг ташкил этилганидир. Ушбу жамғармалар орқали маҳаллалардаги ички йўллар, ичимлик сув, ёритиш, болалар майдончалари, ободонлаштириш ишлари, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш каби масалаларни молиялаштириш учун аниқ манбалар шакллантирилди.
2026 йилда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори маҳалланинг молиявий мустақиллигини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Қарорга мувофиқ, маҳаллаларнинг ўз даромад манбалари ҳам кенгайтирилди. Хусусан, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасининг қўшимча манбалари этиб:
- 2026 йил 1 июлдан маҳалла ҳудудида санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш учун ундирилган жарималарнинг 10 фоизи;
- 2027 йил 1 январдан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 15 фоизи;
- маҳалладаги ҳудуди 5 минг метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчисининг онлайн буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар белгиланди.
2026 йил 1 июлдан маҳалла биноларининг бўш турган хоналари “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилади. Биноларни ижарага беришдан тушган маблағлар маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантиришга йўналтирилади.
МАҲАЛЛА — БУНЁДКОРЛИК МАРКАЗИГА АЙЛАНДИ
Бугун маҳалланинг тараққиёти мамлакат тараққиётининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бу жараёнда “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим”, “Менинг боғим” лойиҳалари, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойиллари, “Маҳалла лигаси”, “Маҳаллам — лойиҳам” каби кенг кўламли ташаббуслар муҳим аҳамият касб этди.
Айниқса, “Ташаббусли бюджет” тизими давлат бошқарувида янги демократик механизмни шакллантирди. Илк бор фуқаролар маҳаллада қайси муаммо биринчи навбатда ҳал этилиши кераклигини ўзлари овоз бериш орқали белгилаш имкониятига эга бўлди. Натижада давлат маблағларини тақсимлаш жараёнида аҳолининг фикри ҳал қилувчи омилга айланди. Бу эса нафақат юзлаб инфратузилма объектларининг барпо этилишига, балки жамоатчилик назорати ва фуқаролик масъулиятининг кучайишига ҳам хизмат қилди.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар маҳаллада “Менинг маҳаллам — менинг масъулиятим”, деган янги фуқаролик маданиятини қарор топтирди. Агар аввал аҳоли кўпинча барча муаммолар ечимини давлатдан кутган бўлса, бугун маҳалла аҳлининг ўзи ҳам ҳудудни обод қилиш, экологик муҳитни асраш, жамоат мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва ташаббус кўрсатишда фаол иштирок этмоқда.
ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИ — ХАЛҚЧИЛ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИНГ ЯНГИ АНЪАНАСИ
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат бошқарувида мутлақо янги сиёсий маданият шаклланди. Унинг энг муҳим жиҳатларидан бири — мамлакат ҳудудларига мунтазам ташрифлар уюштириб, маҳаллаларга бориши, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши, одамларнинг дарду ташвиши, орзу-интилишлари ва таклифларини бевосита эшитишни давлат бошқарувининг ажралмас қисмига айлантирганидир.
Президентнинг маҳаллаларга ташрифлари давлат бошқарувида муҳим бурилиш ясади. Энди қарорлар фақат ҳисоботлар, статистик маълумотлар ёки хизмат ахборотлари асосида эмас, балки маҳаллалардаги ҳақиқий ҳаёт, одамларнинг кундалик турмуши ва реал эҳтиёжларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш натижаларига таянган ҳолда қабул қилина бошланди. Бу эса давлат сиёсатининг марказига инсон манфаатларини қўйиш тамойилини янада мустаҳкамлади.
Ҳар бир ташриф давомида маҳалладаги инфратузилма, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий муҳит, ишсизлик, камбағаллик, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим, тиббиёт, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби долзарб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар ва муддатли вазифалар белгиланди. Энг муҳими, ҳар бир ташриф натижаси амалий ишлар, янги лойиҳалар ва тизимли ислоҳотларга уланди.
Президентнинг маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлари давлат идоралари фаолиятига ҳам янги талабларни олиб кирди. Энди раҳбарлар кабинетда эмас, аҳоли орасида ишлаши, муаммоларни жойида ҳал қилиши ва ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур ҳис этиши бош мезонга айланди. Бу ёндашув бутун бошқарув тизимида халқчиллик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кучайтирди.
2016–2026 йиллар давомида давлатимиз раҳбари мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган 150 га яқин маҳаллага ташриф буюриб, уларнинг ривожланиш жараёнлари билан бевосита танишди. Бу ташрифлар орқали юзлаб муҳим ижтимоий ва иқтисодий лойиҳаларга старт берилди, минглаб аҳоли мурожаатлари жойида ҳал этилди ҳамда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш бўйича янги дастурлар ишлаб чиқилди.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллаларга мунтазам ташрифлари оддий хизмат сафари эмас, балки халқ билан давлат ўртасидаги масофани қисқартирган, “инсон қадри учун” ғоясини амалий бошқарув мезонига айлантирган ва маҳаллани давлат сиёсатининг энг асосий таянч бўғини сифатида қарор топтирган тарихий тажриба бўлди.
“РАҚАМЛИ МАҲАЛЛА”:
ҚОҒОЗДАН — ПЛАТФОРМАГА, ҲИСОБОТДАН — НАТИЖАГА
Илгари маҳаллаларда фуқароларга оид маълумотлар қоғоз ҳужжатларда сақланар, турли дафтарлар алоҳида юритилар, бир маълумотни бир неча марта йиғиш ва текширишга вақт сарфланар эди. Кейинги йилларда “Рақамли маҳалла” платформаси босқичма-босқич жорий қилиниб, маҳаллалар фаолияти ягона электрон муҳитга ўтказилди.
Энди ҳар бир маҳаллада аҳоли таркиби, оилалар ҳолати, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, бандлик, ёшлар, хотин-қизлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда бошқа ижтимоий тоифалар ҳақидаги маълумотлар ягона электрон база орқали шакллантирила бошлади.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири — давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувининг рақамли шаклга ўтганидир. Илгари фуқародан турли ташкилотлар бир хил маълумот ва ҳужжатларни қайта-қайта талаб қилган бўлса, эндиликда идоралараро электрон интеграция ҳисобидан кўплаб маълумотлар автоматик тасдиқланадиган бўлди.
Рақамлаштириш ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳам янги босқични бошлаб берди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва бошқа ижтимоий рўйхатлардаги маълумотларни рақамли платформа орқали юритиш эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга кўмак чораларини тезкор белгилаш имконини яратди.
2026 йилда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори рақамли ислоҳотларни янада юқори босқичга олиб чиқди. Унга мувофиқ, “маҳалла еттилиги” фаолияти, маҳаллаларнинг “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича баҳоланиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни мониторинг қилиш ишлари рақамли платформалар орқали ташкил этилиши белгиланди.
“Ақлли маҳалла” ва “Mahalla AI” рақамли платформалари ишга туширилди.
“Ақлли маҳалла” тамойили Урганч шаҳридаги “Олимпия” маҳалласида ҳаётга татбиқ этилди. Бугунги кунда мазкур тизимга 405 та сервис интеграция қилинган. Сунъий интеллект маркази, “ақлли устун” ва бошқа рақамли ечимлар орқали аҳолига хизмат кўрсатиш, мурожаатларни таҳлил қилиш, ижрони назорат қилиш ҳамда ҳудудлардаги ҳолатни мониторинг қилиш имкониятлари яратилган. Тизим аҳолига мингдан ортиқ давлат хизматларини таклиф этади.
“Mahalla AI” рақамли бошқарув платформаси мамлакатимиздаги 8 992 та маҳалла ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли муҳитда бирлаштиради. Фойдаланувчи керакли маълумотни мураккаб қидирувларсиз, оддий ўзбек тилида савол тарзида киритиб, тезкор жавоб олиши мумкин. Айни пайтда платформада 7 786 нафар маҳалла раиси рўйхатдан ўтган бўлиб, тизимда фойдаланувчиларнинг вазифа ва ваколатидан келиб чиқиб, 12 та турли роль шакллантирилган.
***
Бугун маҳалладаги ўзгаришларнинг энг катта мезони — қабул қилинган қарорлар ёки яратилган тизимлар эмас, балки уларнинг оддий инсон ҳаётида қандай акс этаётганидир. Кеча иш излаб юрган йигитнинг бугун ўз ишига эга бўлиши, ёрдамга муҳтож оиланинг ўзини тиклаб олиши, муаммоси эшикма-эшик юрмасдан маҳалланинг ўзида ҳал бўлиши — ислоҳотларнинг маҳалладаги ҳақиқий кўринишидир. Шу маънода, сўнгги йилларда маҳаллада рўй берган ўзгаришлар, аввало, одамнинг маҳаллага, маҳалланинг эса одамга бўлган муносабатини ўзгартирди. Энди олдимизда турган вазифа — яратилган имкониятларни ҳар бир хонадон тақдирида намоён қилиш. Чунки маҳалла ўзгарса, бу ўзгаришни биринчи бўлиб кўча, хонадон ва инсон ҳаёти ҳис қилади.