
Шерали МАҲМУДОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Коррупцияга қарши ички назорат бўлими ходими.
Юксак ҳуқуқий маданият демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг пойдевори ва ҳуқуқий тизим мустаҳкамлигининг ифодасидир. Бундай давлатда коррупция омилларини бартараф этиш, жамиятда унга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш соҳасини тартибга солишга қаратилган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунда қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашишга нафақат алоҳида давлат органлари, балки барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари бирдек масъул. Ҳар бир тузилма бу иллатга қарши курашда ўз ички назорат стандартларини ишлаб чиқиши ва унга қатъий риоя этиши лозим.
Кейинги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бўлганидек, таълим тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши самарали курашиш устувор вазифалардан бирига айланди. Қонуннинг 18-моддасида давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши белгиланган. Айниқса, барча босқичдаги таълим муассасаларида коррупцияга қарши самарали тизимлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, таълим муассасаларида ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, ходимлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида турли аноним сўровномалар ўтказиш, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш лозим.
Президентимиз жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шу ўринда айтиш керакки, 38 миллионга яқинлашган мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиқ қисмини ёшлар ташкил этади. Коррупцияга қарши курашда ана шу ёшларни таълим тизимининг энг қуйи бўғинидан, яъни мактабгача таълим ташкилотига қўйган илк қадамидан бошлаб “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш лозим.
Бу жараёнда таълим ташкилотларида коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантиришга хизмат қиладиган таълим ва тарбия технологияларидан фойдаланган ҳолда юксак ахлоқли, ҳуқуқий маданиятли кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Таълим масканлари ўқувчи ёшлар билимини баҳолашда шаффофликни таъминлаши, халқаро олимпиада ва танловлар баҳолаш мезонларидан фойдаланиши лозим. Бу борадаги ишлар дунёда мамлакатимиз ёшларининг салоҳиятини намоён этиш, турли олимпиада, танловларда юқори ўринларни эгаллашига сабаб бўлади.
Демак, мамлакатда коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришда ҳар бир шахсда дахлдорлик ҳиссини оширишимиз, бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳуқуқий маданиятли шахс сифатида тарбиялашга қаратилган ишларга алоҳида урғу бериш, барча давлат органлари ва ташкилотларида ишларни очиқлик, шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этиш зарур.