Ҳозирда Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида муқаддас Ҳаж амалини адо этяпмиз. Шукрки, бунинг учун ҳожиларга давлатимиз барча қулайликларни яратиб берган. Маккага келишимиздан тортиб, зиёрат қилиш, ислом дини арконларини бажариш, юртга қайтишгача бўлган барча жараёнлар Президент назоратида. Мана шунча фазилатли ишлар билан бирга, шахсан Юртбошининг ўзи телефон орқали ҳожилар ҳолидан хабар олиши яна бир хурсандчилик бўлди…
Президент Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефонда мулоқот қилиб, юртдошларимизнинг зиёратга тайёргарлик жараёнлари, ўзбекистонликлар учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Давлат раҳбарининг ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олиш учун Маккага шахсан қўнғироқ қилиши илгари ҳеч кузатилмаган эди.
Дарҳақиқат, ҳаж мавсумига ўзгача тайёргарлик кўрилди. Жорий йилда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб қайтади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Агар биз таҳлил қилсак, Мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз Ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади”.
Телефон орқали суҳбат чоғида Юртбошимиз “…Энг катта мақсадим — ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб тарғиб қилса, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса”, — деб, мақсадларини билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари “Зиёлилар, нуронийлар, Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак”, деб кўп таъкидлайди. Бу бежиз эмас, албатта. Биз, ҳожилар Маккада туриб, яратилган имконият ва шароитларга жавобан — юртга қайтгач, ҳар куни маҳаллаларда ёшларга Ватан туйғусини, юрт фаровонлигини сингдириб боришга, уларни илму маърифатга чорлашга, аждодларимиздан фахрланиш туйғусини сингдиришга келишиб олдик. Уларнинг тарбияси, таълими, келажаги доимий назоратимизда бўлади.
Шахсан ўзим маҳалламга боргач, энг аввало, “Маънавият тарғиботчилари” жамоасини шакллантираман. Унга фидойи, зиёли, ёшлар тарбиясига камарбаста инсонларни жалб этаман. Режа асосида ҳар бир хонадонга кириш, ҳар бир оиланинг муҳитини ўрганиш, ёшлар билан самимий мулоқотни йўлга қўйишни мақсад қилдим. Дабдабали тўй, эрта ва шаръий никоҳ ҳолатларига йўл қўймаймиз, ёшларни турли ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” тамойилини амалда қўллаймиз.
Ҳар хил маънавий таҳдидларга қарши кураш, аввало, оиламиздан, маҳалламиздан бошланиши керак. Бу борада лоқайдликка, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилидаги ёндашувларга ўрин қолдирмаймиз. Боқимандаликнинг олдини оламиз. Маккада турибману, ҳозирданоқ маҳалладаги жараёнларни қандай тартибда олиб бориш, ёшларга нуронийларни бириктириш режаларини тузиб қўйдим. Насиб этса, юртга қайтгач, Маккаи Мадинада туриб қалбимизга туккан ниятларимизни, албатта, амалга оширамиз. Президент ишончини оқлаймиз.
Зайнаб ҒАНИЕВА,
Олмазор туманидаги
Ал-Бухорий номли маҳалла раиси.
Макка — Тошкент — Макка.