“Ёшлар баланси”ни шакллантириш, улар тўғрисидаги зарур маълумотни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиб бориш натижасида кўплаб ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топмоқда.
Маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилган дастлабки йил билан солиштирганда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш борасидаги ижобий ўзгаришлар яққол намоён бўлмоқда. Кредит ёки субсидия олишда ортиқча оворагарчиликка барҳам берилди. 2024 йилнинг шу давригача 16 нафар ишсиз рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 12 нафарига имтиёзли кредит ажратилиб, ўзини ўзи банд қилди. 3 нафари доимий ишга жойланди. Норасмий банд бўлганларнинг 5 нафари ўқув курсларига йўналтирилди.
Бундай ўзгаришларни ўз тақдирида ҳис қилаётган ёшлардан бири Баҳромжон Меҳмоналиев. Бу йигит имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб, мурожаат қилганди. Мурожаатини шу куннинг ўзида кўриб чиқдик. Дастлаб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларидан рўйхатдан ўтди. Кейинги босқичда унга ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 3 иш кунида 5 миллион сўм кредит ажратилди.
Яна бир маҳалладошимиз Ўғилой Умарова ишсиз сифатида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турарди. Тикувчиликка қизиқишини ҳисобга олиб, унга субсидия асосида оверлок тикув машинаси берилди. Ҳозирда шу касб ортидан оиласига даромад олиб кирмоқда. Тиккан либослари маҳаллада тобора харидоргир бўлиб бормоқда.
Бундан ташқари, ёшларга хорижий тилларни бепул ўргатиш мақсадида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасидан унумли фойдаланяпмиз. Шу кунгача 927 нафар ёшнинг 532 нафари лойиҳа доирасида рўйхатдан ўтган. 67 нафари сертификат эгаси бўлди. Шу қаторда ўзим ҳам рус тилидан сертификат олиб, энди корейс тили курсида қатнашяпман.
Ютуқлардан илҳомланиб, ривожланишдан тўхтаб қолмаслик керак, деб ҳисоблайман. Шу боис соҳа ривожига хизмат қилувчи таклифлар билдирмоқчиман.
Аввало, миграцияга чиқаётганлар “маҳалла еттилиги”ни хабардор қилиши керак. Аксарият ҳолда улар кетганини кеч биляпмиз. Яна бир таклифим — ҳар бирида 100 тадан хонадони бўлган 7 кўчамиз учун “workout” майдончаси қурилса, яхши бўларди.
Сўнгги таклифим — миграциядаги ёшларни ватанга қайтариш билан боғлиқ. Жорий йил 18 нафар хорижда меҳнат қилаётган маҳалла ёшларининг 6 нафари ватанга қайтарилди. Уларга имтиёзли кредит ва субсидия берилди. Шу орқали уларнинг тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланди. Аммо кўплар таклиф қилинган доимий ишга қайтишни истамаяпти. Асосий сабаб — ойлик маош кам. Масалан, ҳудуддаги мебель цехи, қоп ишлаб чиқариш заводидаги бўш иш ўринларига қабул қилинган ходимга 1,5 миллион сўм ойлик таклиф этиляпти. Меҳнатига яраша ойлик маош таклиф этилса, шу ерда ишловчилар сони ортарди.
Азамат ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Гулистон туманидаги “Мевазор” маҳалласи ёшлар етакчиси.