Маҳаллада 2022 йилдан буён ишлаб келаман. Ҳудудимиздаги хонадонлар сони 1 137 та. Аҳоли сони 4 008 нафар. Ўсиш нуқтамиз — кўчатчилик, чорвачилик, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик.
Анъанага кўра, ўзимга бириктирилган маҳаллани тўлиқ ўрганиш, барча хонадонларни уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказдим. Шу орқали ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан ташхис қўйиб олдим. Мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган ёшлар ва хотин-кизларни бўш(вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилишга эътибор бердим. Шу тарзда ишсиз фуқаролар аниқланиб, бандлиги таъминланди. Ҳозиргача 500 дан ортиқ фуқаро давлат ва нодавлат муассасалардаги бўш иш ўринларига жойлаштирилди.
Маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятини йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олишига кўмаклашдим. Масалан, “Онлайн маҳалла” платформасига 200 нафар фуқародан тадбиркорлик қилиш истагида аризалар келиб тушган бўлса, шундан 165 нафар фуқарога имтиёзли кредит олиш учун тавсиянома берилди. Жами 4 млрд. сўм кредит ажратилди. Натижада 2022-2023 йиллар мобайнида 25 тадан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди.
Маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган «етакчи тадбиркор”ларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, уларга тадбиркорлик билан мустақил шуғулланиш тажрибасига эга бўлмаган фуқароларни ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун бириктирдим. Маҳалладаги 45 нафар ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тавсиянома бердим. Бундан ташқари, 280 нафардан ошиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилди. Маҳалладаги 30 нафар хотин-қиз “Анварова Мубина” ишлаб чиқариш кооперацияга улушдорлик асосида аъзо қилинди. 14 та бўш ер аниқланиб, аукцион орқали сотишга тавсия этилди.
Ҳозирда 3 нафар фуқаро ширинликлар тайёрлаш ва сотиш йўналишида тадбиркорлик субъектини ташкил этиш учун бино қурилиши бошланди. 45 нафар фуқарога субсидия олиши учун тавсиянома берилиб, ҳозирда улар тадбиркорлик фаолиятини олиб боряпти. Бундан ташқари, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтишлари учун тавсиянома берилди.
Шу билан бирга “маҳалла еттилиги” билан ҳамжиҳатликда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Ҳомийлар ва ҳашар йўли билан 1,5 км. йўлларимиз бетон ва асфальтланди. Битта чиқиндихона ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2,5 минг донадан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Шунингдек, 2 дона болалар майдончаси, 45 та тунги ёритиш чироқлари, 10 та кузатув камераси ўрнатилди.
22 март — Маҳалла тизими ходимлари кунини мен ўзгача ҳаяжон билан кутиб олдим. Президентимиз фармони билан 2-даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотландим. Бу зиммамга улкан масъулият ва ишонч юклаш баробарида янада яхши ишлаш учун рағбат уйғотди.
Гуллола МИРЗАЕВА,
“Уймовут” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.