“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони ва Давлат дастури лойиҳалари муҳокамаси якунланди. Лойиҳаларда маҳалла тизими, раислар ваколатига оид нормалар борки, бу фуқаролар йиғинининг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтиради. Жумладан, эндликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида раисларнинг ўз ўрни, айтар сўзи бўлади.
Давлат дастури лойиҳасига кўра, жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда маҳаллалар ролини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади. Бунда тегишли ҳудуддаги маҳаллаларга халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессиялари кун тартибига кўриб чиқиш учун таклиф киритиш, маҳалла раисларига Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Бу нимани англатади? Айни пайтда ҳудудга хос кўпгина масалалар айнан маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида амалга оширилади. Шундай вақтлар бўлдики, маҳаллага нима кераклиги, қайси муаммо биринчи ўринда ҳал этилиши лозимлиги маҳалланинг ўзидан сўралмай ҳал этилди. Оқибатда бирламчи муаммолар ечими қолиб, ҳал этилиши у қадар зарур бўлмаган масалаларга эътибор қаратилган ҳолатлар кўп бўлди. Мисол учун, мактаб керак бўлган жойга стадион қуриш, ичимлик сув қийнаб турган ҳолда, кўчаларни шағаллаш кузатилди.
Эндиликда бу тартиб ўзгаради. Маҳалланинг ўзи ҳудуддаги муаммолар бўйича Кенгашларга таклиф киритади. Маҳаллага оид қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этади. Эътиборлиси, ушбу тизим йўлга қўйилгач, маҳалла Кенгашлар учун энг яқин кўмакчига айланади. Зеро, маҳалла ҳудудини, унинг ўзига хос жиҳатлари, муаммо ва ютуқларини маҳалладан яхшироқ биладиган йўқ. Демак, фуқаролар йиғинлари шу ҳудудга доир муаммоли масалалар ёки янги лойиҳалар бўйича таклифларни Кенгашга киритилади. Масала қуйида ҳал бўлмаса, Сенатга ва тегишли вазирликлар ёки Ҳукуматга тақдим этилади.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасини амалга оширишда ҳам раислар ваколати кенгайтирилади. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилинади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ташаббусли бюджет бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш, лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик асосида мониторинг қилиш ваколати берилади.
Бунга қандай зарурат туғилди? Маҳалла аҳли ҳамжиҳатликда ҳудуддаги муаммолар бўйича таклиф киритиб, керакли маблағни ютиб олади. Шундан сўнг тендер асосида белгиланган ишларни амалга оширувчи пудратчи корхона танланади. Улар ютиб олинган маблағ эвазига керакли юмушни бажаради. Хўп, вазият тушунарли, бироқ бу ўринда маҳаллага, раисига ваколат нега керак, дейишингиз мумкин?
Аслида, ҳамма машмаша лойиҳада ғолиб чиққач бошланади. Жумладан, айрим ўринда ютиб олинган маблағни ажратиш чўзилиб кетади, пудратчи корхона иш бошлашни кечиктиради, энг ёмони, ишлар тугаллангач, сифати талабга жавоб бермайди. Қўл учида бажарилган ишнинг кўп ўтмай миси чиқади. Бундай ҳолатда одамларнинг кейинги лойиҳада иштирок этишига ҳафсаласи қолмайди, ишончсизлик кайфияти уйғонади. Шунинг учун агар маҳалла раиси маблағ ажратишдан тортиб, иш бошлаш, унинг боришини назорат қилиш, якунда сифатига қараб ишни қабул қилиб олса, одамларнинг маҳаллага, давлатга ишончи мустаҳкамланади.
Санжар ИСМАТОВ.