Қаҳрамон Қуронбоев – Kahramon Kuranbaev машҳур «Маҳалла» газетасини мазмунан янгилашга доир таклифлар сўрабдилар. Жуда таъсирландим. Чунки, республика даражасидаги кўплаб раҳбарлардан бунақа самимий ва дангал, журналистика соҳасининг асл ўзаги бўлмиш вақтли матбуотга жиддий эътибор бўлмаётган эди. Мана шу жиҳати билан Қаҳрамон Қуронбоевнинг чиқиши бошқа муассислар учун чиройли ибрат бўлибди. Умуман, зиёли қатлам учун чақириқдек туюлди менга.
Шу чиқиш баҳона бўлдию, матбуотнинг нонини еган бир журналист сифатида газета-журналларнинг кечаги шонли кунлари ва бугуни ҳақида ўйладим. Қуйида юрагимдаги айрим фикрларни билдираман.
Мардона айтганда, «Маҳаллла» газетаси ҳозир ҳам жуда ёмон эмас. Билдирилаётган аксарият таклифлар аллақачон газета саҳифаларида мавжуд бўлган мавзулардир.
Келинглар, бу нашрни ўқимай-билмай, журналистикага оид жамики истакларимизни, тилга келган таклифни билдирмайлик. Бу – заҳматкаш бир жамоага нисбатан ҳурматсизлик бўлади.
Бу газета янгиликлар сайти эмас, албатта. Тармоқ газетаси ва соҳага оид деректива, тажрибалар, таҳлиллар чоп этиладиган платформа.
Умуман олганда, бундан кейин ҳам мазкур газетанинг мазмуни кескин ўзгармайди, бунга ҳожат ҳам йўқ. Бутун дунёда бўлаётган тенденция, яъни гибрид матбуот шаклига ўтиш борасидагина янгилик бўлади. Шу.
Қаҳрамон Қуронбоев, газетага жон куйдираётганингиз учун раҳмат сизга. Муассиснинг эътиборидан нашр фақат ютади. Мен ҳам бир пайтлар шу газетада ишлаганман. Журналистикага шу нашр орқали қадам қўйганман ва бундан фахрланаман. Ҳар доим «Маҳалла» газетасида энг фаол ва машҳур чет муаллифлар бўлган, қўлма-қўл ўқилган дадил халқаро шарҳлар ҳам «Маҳалла»нинг зийнати, безаги эди. Бугун ҳам газета сифати жуда яхши. Ўша муаллифлар салмоғи ортган бўлса борки, камаймаган.
Бир нарсани эътиборда тутиш лозим, ҳурматли дўстлар. Ижтимоий тармоқлар ўн йиллиги поёнига етмоқда. Ўтган ўн йилда унга бас келадиган восита бўлмади, ҳеч ким, энг зиёли қатлам ҳам ёлчитиб китоб, газета ўқимади. Ҳаммаси аралашиб кетди, палағда матнлар ва копирайтингга шууримизни топширдик.
Сезаётган бўлсангизлар энди сифатли матн ва таҳлилий журналистика даври келди. Шунга эҳтиёж етилди. Шаклланган журналистика, ижодий анъаналари ва ўз мактаби бўлган газета журналистикаси, газетний таҳлил даражаси бугун қадрланади. Энди одамлар телеграмдан бош кўтариб, жиддийроқ гапга қулоқ тутади.
Яна бир катта мавзу бор. Бугунги ўзбек журналистикаси иқтисодий жараёнларни, муҳим инвестициявий келишувлар хронологиясини шарҳлаб бера олмаётир. Иқтисодий маданият бўйича яхши мутахассис Ботир Валиевнинг бир мақоласида ўқигандим: «Халқнинг онгида қанча иқтисодий билимлар жамғарилгани унинг турмуш тарзида акс этади». Нима бўлди, қандай бўлди билмадим, бизда ўткир иқтисодий мавзуларда халқона матнлар ёзадиган журналистлар йўқолиб қолди. Журналистика иқтисод мавзусидан анча узоқлашди. Иқтисодий шарҳ йўқолди.
Таклифим, «Маҳалла»да бу мактабни тирилтириш керак. Зотан, бугун маҳалла тизимида рўй бераётган, шунинг баробарида, кутилаётган муҳим молиявий-иқтисодий воқеликларни ширали йўсинда (форма подача) тушунтириш, танқид ва таҳлил қилиб бориш зарурати етилган.
Умуман, барча нашрларда бир вақтлар мавжуд бўлган «Иқтисодиёт бўлими» фаолиятини жонлантириш, кучайтириш керак. Ўзбекистон иқтисодиётида янги пайдо бўлаётган брендлар, йўналишлар, тармоқлар, айни чоғда, мамлакатнинг иқтисодий фалсафаси билан аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни муттасил, тушунарли шаклда тўйинтириб бориш шарт.
Беҳзод Қобулов, Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби.