Аввал маҳалла Хива тумани ҳудудида бўлган, 2017 йил Хива шаҳри таркибига қўшилган. Маҳалла “драйвери” – чорвачилик ва деҳқончилик. Тўқсон фоиз хонадонда катта-кичик чорва моллари, паррандалар – товуқ, ўрдак, курка боқилади.
Ҳар бир хонадонда гўшт, сут маҳсулотлари, тухум ўзларидан. Бўрдоқичилик билан шуғулланадиганлар кўп. Гўшт дўконлари бор. Бир килограмм мол гўшти нархи 65 минг сўм.
Рўзғорбоп деҳқон хўжалик маҳсулотлари томорқаларида етиштирилади. Ҳозир “тўқсонбости” экинлар экилган. 11 та хонадонда иссиқхона бўлиб, уларда лимон парваришланмоқда. Лимон қатор ораларига саримсоқ пиёз, турли кўкатлар етиштирилмоқда. Бу йил 12 нафар ишсиз аҳолига 10 сотихдан ер берилди. Улар сабзи экиб, қўшимча даромад олди.
Маҳаллада узумчилик ривожланган. Айниқса, узум, олма, тут сиркаси тайёрлаш кенг оммалашган. Икром Матмуродов энг олдилардан. Харидорлар маҳсулотни уйидан олиб кетишади. Эндиликда ушбу инсон тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, мини корхона очиш режасида.
Жорий йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доираси 600 метр ички кўча асфальтланиб, 800 метр бетон ариқ ётқизилди. Маҳалла аҳолиси тўлиқ ичимлик сув билан таъминланган. 3 километр йўл асфальтланиб, 1100 метри бетон қилинди. Келгуси йил дастурга “Шихлар” каналининг 2 километр қисмини бетонлаш, 2 километр ички йўлни асфальтлаш ва 60 та бетон устун ўрнатилиши, Сарчашма кўчасига 1 километр ичимлик сув қувури тортиш режаси киритилди.
Келгусидаги асосий мақсад, тадбиркорликни ривожлантириб, ишсиз аҳолини ишли қилишдир.
Рашид КАРИМОВ,
Хива шаҳридаги “Шихлар” маҳалласи раиси